Ўзбекистон, тест синовлари: абитуриентлар барибир йўлини топдими?

Ўзбекистонда Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланди. Мамлакат бўйлаб илк маротаба ўтказилаётган ўзига хос тест синовлари шаффоф ва адолатли ўтади деган умидлар пайдо қилган. Бироқ шунга қарамасдан айрим абитуриентлар шпаргалка ва телефон олиб киришнинг йўлини топишган.

Бу йил илк маротаба имтиҳонлар бир кунда эмас, балки 15 кун давомида бўлиб ўтади. Тест жавоблари эртаси куни чиқади.

Имтиҳонлар ўқув юрти аудиторияларида эмас, балки кенг заллардан иборат республикадаги 60 бинода бўлиб ўтади.

Имтиҳонлар бўлиб ўтадиган бино ва объектларга 1400 дона видеокузатув камералари ўрнатилган.

Бироқ жойлардан келаётган хабарларга кўра, шунча кўрилган чора тадбирларга қарамасдан тизимда айрим камчиликлар кузатилган.

Абитуриентларнинг имтиҳон топшириладиган бинога киришдаги назорати ҳамма жойда ҳам яхши ташкилллаштирилмаган.

Масалан, Самарқанд вилоятидан бу борада жуда ҳам кўплаб шикоятлар тушган.

Тест жараёнларини онлайн равишда кузатиб борган телеграмдаги хушнудбек.уз каналининг ёзишича, Самарқандда бўлиб ўтиши керак бўлган 5 бинодаги камералар яхши ишламаган.

5 та бинодан фақат иккитасида камералар ишлаган қолганлари ишламаган.

Бундан ташқари Самарқанддаги имтиҳон биноларига кириш учун назорат ўта суст бўлганлиги ёзилмоқда.

"Салом. Мен Самарқандга мединиститутга топширдим. Эрталаб имтихонга кириб чиқдим. Камералар умуман ишламади. Ота оналар жанжал кўтариб ичкарига киришга ҳаракат қилишди. Ҳамма хохлаган ўйининини қилди. Бунга ким жавоб беради?, деб ёзган хушнудбек.уз канали муштарийларидан бири.

Яна бир абитуриент Самарқанд тиббиёт институтига топширганлар бемалол шпаргалка олиб кирганини ёзган.

Назоратнинг сустлиги бўйича Фарғона вилоятидан ҳам бир шикоят бўлган. Бироқ бошқа биноларда имтиҳон топширганлар назорат яхши ташкил қилинмаганини айтишган.

Айрим жойларда назоратнинг яхши бўлмаганлиги натижасида телефонга туширилган тест саволлари суратлари интернетга чиқиб кетди.

Телеграм каналларида кимё, биология ва алгебра фанларидан тест саволларининг расми тарқалган.

Ушбу суратларнинг бири айнан Самарқанд давлат тиббиёт институтида олинганлиги айтилмоқда.

Яна бир муҳим томони кимё фанидан чиққан тест саволлари расмининг ортидаги кўрпача ҳамманинг эътиборини тортган. Аввалига бу сурат тестларданми ёки репитицион тестларданми деган иккиланиш пайдо бўлган.

Бироқ имтиҳонларга кириб чиққан абитуриентларнинг тест саволлари рақамлари ва савол рақамларини солиштириб сурат айнан тест жараёнидан олинган деган хулосага келишган.

Агар ушбу тахминлар тўғри чиқса, тест имтиҳонларнинг қанчалик адолатли ўтаётгани тўғрисида хавотирлар келтириб чиқаради.

Биринчидан бу тест саволи аудиторияда, эмас кўрпача тўшалган уйда нима қилаяпти? Агар саволлар имтиҳон биноларидан ташқарига чиқиб кетган бўлса, яна қайси фанлардан ва қанча савол чиқиб кетган?

Иккинчидан бу каби саволларнинг аудиториядан ташқарига чиқиб кетиши кейинги кунлари имтиҳонга кирувчи абитуриентларга қанчалик қўл келади.

Бу каби ҳолатларни мутасаддилар эътиборга олганми? Олдини олиш учун нималар қилишмоқда, деган саволлар пайдо бўлган.

Ҳозирча Самарқанддаги палапартишликлар ва имтиҳон саволларининг четга чиқиб кетгани бўйича расмийлар изоҳ бермаган. Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари блоггер Хушнудбек Худойбердиевга вилоятдаги ҳолат бўйича журналистларга изоҳ берилишини айтган.

Тест синовлари икки сменада яна 2 ҳафта давом этади. Би-би-си Ўзбек хизмати уни кузатиб, бўлаётган жараёнлар ҳақида сизга ахборот етказишга ҳаракат қилади. Бизни телеграм каналимизда ҳам кузатиб боринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Алоқадор мавзулар