"Ўзбекистон ҳаво йўллари" "қароқчилик"да айбланди

Ўзбекистонлик йўловчи Ўзбек ҳаво йўлларини "қароқчилик"да айбламоқда.

Блогер Мирзо Субҳоновнинг айтишича, у Бангкокдан қайтишда Ҳаво йўллари ходимларининг "таъмагирлиги" қурбони бўлган.

"Жорий йил 11 июл куни Бангкок халқаро аэропорти орқали сафардан Тошкент шаҳрига қайтаётганим пайтида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпания расмий вакилларининг авиайўловчиларга нисбатан ҳурматсизлик ва таъмагирлик қилаётганлиги гувоҳи бўлдим.

Хусусан, расмий вакиллар мендан ҳам қўшимча юк учун тўлов сифатида 100 АҚШ доллар талаб қилишди.

Ушбу тўловни VISA ёки UnionPay халқаро тўлов карталари орқали амалга ошириш рад этилди.

Мени рейсдан қолдириш билан қўрқитганлари сабабли 100 АҚШ доллар тўлашга мажбур бўлдим.

Аммо, тўланган нақд пул учун чек ёки квитанция берилмади.

Тошкентга қайтиб келганимдан сўнг, мен тўлаган 100 АҚШ доллар нақд пул авиакомпания тўлов тизимига киритилмаганлиги аниқланди", деб ёзган у Фэйсбук саҳифасида.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" йўловчининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" расмийси блоггерни итга қиёсладими?

Текширув хулосасида Ҳаво йўллари Субҳоновни "юкнинг ҳақиқий миқдорини яшириш"да айблаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Айни пайтда ортиқча юк учун тўловга жойида чек берилмаганини тасдиқлаган.

Расмий хатда йўловчидан 100 АҚШ доллари олган МАК вакилининг исм-шарифи келтирилмайди.

Субҳонов МАК вакилининг хатти-ҳаракати юзасидан Бош прокуратурага мурожаат этган.

Ижтимоий тармоқларда ҳодисага муносабат билдирган ўзбекистонликлар бу каби ҳолатларга кўп марта гувоҳ бўлганликларини айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek