Ўзбекистон: ИИВ бошқарма бошлиғи кабинетида "шафқатсизларча" ўлдирилди

Подполковник Дилшод Акрамов Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz
Image caption Подполковник Дилшод Акрамов

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов 4 август куни кечки вақт хизмат хонасида ўлик ҳолатда топилди. Прокуратура қотиллик бўйича жиноий иш очди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра ИИВ подполковниги пичоқ билан чавақланган.

Газета. уз сайтининг Бош прокуратурага иқтибосан ёзишича, Дилшод Акрамов маҳаллий вақт билан соат тахминан 21:10 да хизмат хонасида ўлик ҳолатда топилган.

Подполковникнинг танасида бошқа шахс томонидан содир этилган қотиллик аломатлари бўлган. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Дилшод Акрамов пичоқдан еган зарба натижасида ҳалок бўлган.

Тошкент шаҳар прокуратураси Жиноят кодексининг 97 моддаси 2 қисми "ж" банди, "ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш" бўйича жиноий иш очган.

Қотиллик сабаблари аниқ эмас.

Қотилнинг қаттиқ қўриқланадиган ИИВ бошқармасига қандай кириб қолгани ҳам маълум эмас.

Дилшод Акрамов шу йилнинг 4 июл куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.

Подполковник Акрамов ундан олдин ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимда ишлаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар