Тошкентлик доришунос олимани "патентини олиб қўйиш учун қамашди"

Тошкентда 55 ёшли доришунос олима Раҳима Очилова ҳибсга олинган.

Олиманинг яқинлари унга нисбатан ноҳақ айблов қўйилаётгани ва асоссиз ҳибсда ушлаб турилганини даъво қилишмоқда.

Олиманинг синглиси Гавҳар Очилованинг Би-Би-Сига айтишича, Раҳима Очилова Ўзбекистонда ва Россияда патентланган бир неча дорилар ихтирочиси ва ишлаб чиқарувчиси бўлиб, унинг юракка қувват берувчи ва қанд касаллигини даволашда фойдаланиладиган дорилари патенти 2015 йилда 2 млн 400 минг АҚШ долларига баҳоланган.

"Олима билан бирга ишлаган ҳамкорлари бу патентни ўзлаштириш мақсадида 600 АҚШ доллари таклиф қилишган".

Раҳима Очилова рози бўлмагач, ихтирочини фирибгарликда айблаб, Юнусобод туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилинган.

Бу иш судда кўриб чиқилиб, ўз тасдиғини топмагач, ҳамкорлар олимага "таҳдид йўлига ўтганлар".

Ўзбекистон: "Бизнесини тортиб олиш учун ўлдиришга ҳам тайёрлар"

"Опамга пичоқ ўқталиб, патентни сотишни талаб қилишган. Ҳаётлари ҳавф остидалиги учун опам рози бўлган ва патентни ҳамкорлари номига расмийлаштириш учун нотариусга боришган. Аммо нотариус бу интеллектуал мулк, фақат вазирлик орқалигина расмийлаштириши мумкин, дея рад қилган", - дейди Гавҳар Очилова.

Айни пайтда 55 ёшли олима Раҳима Очилова "Тоштурма"да сақланмоқда.

Оила-аъзолари олиманинг соғлиги ёмонлашаётганидан хавотирда.

Аввалроқ Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси Очилованинг яқинларига инсон ҳақлари ташкилотлари ва хорижий ОАВга шикоят қилмаслик талаби билан босим ўтказилаётгани ҳақида хабар берганди.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаевага кўра, терговчи Раҳима Очилованинг турмуш ўртоғи ва ўғлининг "ёнига нарокитик ташлаб, қамаб қўйиш билан таҳдид қилган".

Би-би-си жиноят иши юзасидан тергов мутасаддилари ва Раҳима Очилованинг ҳамкорлари билан боғланишга ҳаракат қилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek