Ўзбекистон: ИИВ бошқарма бошлиғи ўлими юзасидан сукут сақламоқда

Ички ишлар вазирлиги 4 август куни хизмат хонасида "шафқатсизларча" ўлдирилган бошқарма бошлиғи, подполковник Дилшод Акрамов ўлими юзасидан сукут сақламоқда. Хабарларга кўра, подполковник ўзининг қўл остидаги ходими томонидан кислота ва пичоқ ёрдамида ўлдирилган.

ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов ўз хонасидан ўлдирилганидан бир кун ўтиб вазирликда навбатда ташқари мажлис бўлиб ўтган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида видеоселектор шаклида ўтган мажлисда Бош прокурор Отабек Муродов ҳам қатнашган.

Вазирлик ахборот хизмати томонидан тайёрланган хабарда ушбу йиғилишда пахта йиғим теримига тайёргарлик, вазирликни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарор ва фармон ижросининг таъминланиши, ўтаётган йилнинг олти ойида жиноятнинг қарийб 40 фоизга камайгани каби ютуқлар гаплашилганини билиш мумкин.

Бироқ навбатдан ташқари ўтказилган мажлисда бир кунда вазирликнинг икки ходими ўлгани тўғрисида нима дейилгани борасида жамоатчилик бохабар қилинмаган.

Журналист ва депутатларга дакки беришни яхши кўрадиган вазирлик матбуот котиби Қутбиддин Бурхоновнинг расмий сайтдаги телефон рақамларини бирор киши кўтармади. Би-би-си ушбу рақамлар вазирлик сайтида пайдо бўлганидан бошлаб қўнғироқ қилади. Лекин шу вақтгача қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермаган.

Бош прокуратура матбуот хизмати сайтга қўйилган хабардан ташкари маълумот беришнинг тергов сири нуқтаи назаридан имкони йўқлигини айтди.

Подполковникнинг ўлими жамоатчилик орасида турли миш-миш ва ваҳимали гапларнинг тарқалишига олиб келган. Прокуратура бу версияларни овоза қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиш билан чекланмоқда.

"Ҳозирда тергов олиб борилмоқда, барча версиялар тергов ҳаракатлари йўли билан ўрганилмоқда. Жиноят-процессуал қонунчилигига биноан тергов ҳаракатлари орқали воқеанинг ҳақиқий ҳолатлари аниқлангунга қадар ҳеч бир версия якуний ҳисобланмайди ва овоза қилиниши мақсадга мувофиқ эмас!", - дейди Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова.

Озодлик радиоаси ўз манбаларига таяниб ёзишича, подполковник Дилшод Акрамовни уни қўл остида ишловчи шогирдларидан бири кислота ва пичоқ ёрдамида ўлдирган.

Қотиллик сабаблари "шахсий адоват" эканлиги айтилмоқда. Подполковникни ўлдирган Ички ишлар ходими ҳам Дилшод Акрамовдан пичоқ еган ва жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Бироқ у ўзини иккинчи қаватдан ташлаб ўлгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар прокуратураси Жиноят кодексининг 97 моддаси 2 қисми "ж" банди, "ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш" бўйича жиноий иш очган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek