Google: "Ибн Сино Форс олими"ми?

Гугл дудли Фото муаллифлик ҳуқуқи Google

7-август куни Гугл қидирув тизими дунёга машҳур олим Абу Али ибн Синони ўз дудлининг қаҳрамони қилиб танлади.

Дудл - Гуглнинг маълум бир сана ёхуд байрам муносабати билан танлайдиган логотипидир.

Гугл 7-августни буюк олимнинг таваллуд куни сифатида тақдим этди, бироқ бу санани савол остига оладиганлар кўп.

Гуглнинг Абу Али ибн Синони ўз дудлининг қаҳрамони қилиб танлагани ўзбекистонликларни қувонтирган бўлса-да, Ибн Синонинг Форс олими деб тақдим этилиши бугунги Ўзбекистон заминида етишиб чиққан олимлар ҳақида дунё илм аҳлини кўпроқ бохабар этиш борасида кўп ишлар қилиниши лозимлигини ҳам кўрсатди.

Гугл тақдимотига босилганда, Интернет муштарийни Википедиянинг Абу Али ибн Синога бағишланган инглиз тилидаги мақолага етаклайди.

Википедиядаги матн эса Ибн Синони Форс йирик олими деб тақдим қилади.

Бу илмий жиҳатдан нақадар тўғри?

Би-би-си ушбу савол билан ЮНЕСКОнинг Самарқанддаги Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтига раҳбарлик қилган, Ал-Хоразмий ва Беруний асарларининг арабчадан рус ва ўзбек тилларига изоҳланган таржималари, Улуғбек "Зижжи"нинг русча изоҳли таржимаси, Шарофиддин Али Яздий қаламига мансуб "Зафарнома" асарининг рус ва ўзбек тилларига таржималарини эълон ўзбекистонлик атоқли тарихчи олим, профессор Ашраф Аҳмедовга мурожаат қилди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистонлик атоқли олим Ашраф Аҳмедов Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг бошқа мамлакат вакили сифатида тақдим этилишига қарши.
Фото муаллифлик ҳуқуқи medicalexpress.uz
Image caption Тошкентдаги Ибн Сино ҳайкали

Буюк даҳо Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Сино ҳижрий 370 (милодий 980) йили бугунги Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги ўша пайтдаги Афшона, ҳозирги Исфана қишлоғида туғилган.

У ёшлигиданоқ ўткир зеҳни ва илмга қизиқиши билан ҳаммани лол қолдирган. Ибн Сино Ан-Нотилий қўлида тарбия олади. У астрономия, фалсафа, математика, физика, кимё, тиббиёт, мантиқ, адабиёт, минералогия ва бошқа фанлар билан шуғулланган. 10 ёшида Қуръонни ёд олган, 16 ёшдаёқ атоқли табиб бўлган. У Бухоро амири Нуҳ иби Мансурни даволаб, саройнинг бой кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ибн Сино 1002 йилда Бухородан чиқиб кетади, Урганч, Обивард, Насо, Нишопур, Журжон, Рай, Исфаҳон, Ҳамадон каби шаҳарларда бўлади. У 1037 йили (ҳижрий 428) 57 ёшида замонавий Эроннинг Ҳамадон шаҳрида вафот этган. Ибн Синонинг қабри устида мақбара барпо этилган.

Мутафаккирнинг турли фанларга оид 450 дан ортиқ илмий асарлар ёзгани маълум. Бироқ бизгача Ибн Синонинг 242 та асари етиб келган.

Ибн Сино Шарқда "Шайхур-Раис", Ғарбда эса "Авиценна" номи билан машҳур.

Абу Али ибн Сино асарлари: "Китоб аш-шифо", "Донишнома", "Китоб ал-қонун фи-т-тиб" («Тиб қонунлари китоби», 5 китоб, 14 жилддан иборат), "Саломон ва Ибсол", "Юсуф қиссаси", "Рисолат ат-тайр", "Уйғоқ ўғли Тирик", "Тиббий уржуза", "Фаан аш-шеър", "Мусиқа илмида катта тўплам" ва бошқалар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ