ИИВдаги қотиллик: гумондор қамоқда, унинг ўзини ўлдиришга урингани рад этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Подполковник Дилшод Акрамовнинг жасади 4 август куни ўз хизмат хонасида қотиллик аломатлари билан топилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, 1985 йилда туғилган Рустам Абдуллаев шу йилнинг 4 август куни ИИББ бошқарма бошлиғи, подполковник Д. Акрамовни ўз хизмат хонасида ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Гумондор ушланган, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова гумондорнинг ўзини ўлдиришга ҳаракат қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

"Айнан шу ҳолатни инкор этган ҳолда гумонланувчи ҳозирда ҳибсда сақланаётганлигини билдираман, суицидга уриниш ҳакидаги гап асоссиз", - деб айтди Сурайё Раҳмонова Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҲБП ( ҳуқуқбузарлик ва профилактика бўлими-таҳр) катта инспектори Рустам Абдуллаев ИИВ тизимида 2009 йилдан буён ишлаган.

Ўзбекистон: ИИВ бошқарма бошлиғи кабинетида "шафқатсизларча" ўлдирилди

39 ёшли ички ишлар подполковниги Дилшод Акрамовнинг жасади 4 август куни 2110 ларда Миробод тумани, Т.Шевченко кўчасида жойлашган ИИВга қарашли ППХ (пост-патрул хизмати) ва ЖТСББ (жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси-таҳр) биносининг иккинчи қаватидаги ўз хизмат хонасида қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов Бош прокуратура "Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш" бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати терговнинг қотиллик бўйича расмий фарази борасида маълумот бермади.

"Жиноят-процессуал қонунчилигига биноан, тергов ҳаракатлари йўли билан воқеанинг ҳақиқий ҳолатлари аниқлангунга қадар ҳеч бир версия овоза қилиниши мумкин эмас. Тергов сири нуқтаи назаридан", - деб айтди Бош прокуратура вакили Би-би-сига.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek