Ўзбекистонда шахсни тасдиқловчи 4 ҳужжат нимага керак?

Ўзбекистонликлар 2019 йил январдан бошлаб шахсини тасдиқловчи бир эмас 4 ҳужжат кўтариб юриши мумкин. Икки биометрик паспорт, бир ID карта ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси. Ҳукумат нима учун бир-бирини такрорловчи ҳужжатларни жорий қилаётгани сабалари номаълум.

Ўзбекистон ҳукумати ҳали тўлиқ алмаштирилиб бўлмаган биометрик паспортлар билан бирга хорижга чиқиш паспорти ҳамда ID карталарни жорий қилиши мумкин.

Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳаси айтилади.

Ҳужжатда Ўзбекистон фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга таъриф берилган.

Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти - ўз эгасининг шахсини Ўзбекистон ҳудудида тасдиқловчи ҳужжат. Шунингдек, у ўзида электрон ахборот ташувчи (чип)га эга бўлиб, Ўзбекистон фуқаролигини ҳам тасдиқлайди;

Идентификацион электрон карта (ID-карта) - ўз эгасининг шахсини мамлакат ҳудудида тасдиқловчи ҳужжат, у ҳар фуқаронинг ягона идентификация рақамини, унинг шахсий маълумотларини ўз ичига олиб, давлат хизматларидан фойдаланишда шахсни аниқлаш учун қўлланилади.

Бундан ташқари янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ичида махсус смарт-карт бўлиб, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бўлади.

Янги хориж паспорти жорий қилиш ғояси Ўзбекистонда ОВИР стикерларини бекор қилиш талаблари ортидан пайдо бўлган.

Паспортга ёпиштириладиган чиқиш стикери йўқ бўлиши ҳақидаги хабарларни одамлар хурсандчилик билан кутиб олганди. Бироқ унинг ўрнига икки паспорт ва яна ID карта жорий қилиниши фуқаролар тушунмовчилик билан қаршилаган.

Расмийлар яқинда жорий қилинган ва тўлиқ алмаштирилиб бўлинмаган биометрик паспортлар нима учун хориж паспорти ўрнини босолмаслигига жўяли жавоб беришгани йўқ.

Амалдаги биометрик паспорт хорижга чиқиш учун барча талабларга жавоб беради.

Ўзбекистон 2010 йил январдан бошлаб янги биометрик паспортлар бера бошлади. Эски паспортларнинг амал қилиш муддати бир неча маротаба орақага сурилди. Нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати охирги марта 2020 йилгача узайтирилган.

Дунёнинг кўплаб давлатларида шахсни тасдиқлаш учун хориж паспорти ва ID карталар қўлланилади. Айрим ҳолатларда уларнинг ўрнини ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам босиши мумкин. Айрим давлатларда ID карталарнинг ўрнига ички паспорт қўлланилади.

Масалан, Россияда ID карталар йўқ. Унинг ўрнига давлат ташқи ва ички паспортларни жорий қилган. Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида ички паспортнинг ўрнига ID карталар жорий қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати дунё тажрибасида кенг ёйилмаган шахсни тасдиқловчи 3 ҳужжатни бир вақтда нима мақсадда қабул қилаётгани маълум эмас.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдираётганлар бир бирини такрорловчи 3 ҳужжатни жорий қилишдан мақсад пул эканлигини айтишган.

Шу билан бирга ҳукумат чет элга чиқиши исталмаган шахсларнинг назорат қилиш учун ҳам яна бир янги паспорт жорий қилаётган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқуловага кўра, айни дамда айрим ҳуқуқ ҳимоячилари ва уларнинг фарзандларига ҳукумат турли сабаблар билан ОВИР стикери бермайди. Бироқ бу шахсларнинг қўлида биометрик паспорт бор. Агар биометрик паспортлар хориж паспорти ўрнига ўтадиган бўлса, ҳукумат бу фуқароларини йўлини тўсолмай қолиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek