Россия: "ГТА бандаси"нинг қотиллари умрбод қамоқ жазоларига ҳукм этилдилар

участник "банды ГТА" Хазратхон Додохонов Фото муаллифлик ҳуқуқи Sergei Bobylev/TASS

Москва вилоят суди Москва, Подмосковье ва Калуга вилоятлари йўлларида ҳайдовчиларни ўлдиришда айбланган, "ГТА бандаси" деб ном олган жиноий гуруҳнинг тирик қолган аъзоларига нисбатан ҳукмларни эълон қилди.

Тўрт айбланувчи - Ҳазратхон Додохонов, Шерозжон Қодиров, Анвар Улуғмурадов ва Умар Ҳасановга бир умрлик қамоқ жазоси, Зафаржон Ғуломовга 20 йиллик жазо муддатини қаттиқ режимли колонияда ўташ ҳукми чиқарилган.

Айбланувчиларга нисбатан ҳукм етти кун давомида ўқиб эшиттирилган. Улар босқинчилик, қотиллик, ўқотар қуролга ноқонуний эгалик қилиш, ноқонуний қурол тайёрлаш ва ҳужжатларни ўғирлаш бандларида айбдор деб топилдилар.

Дастлаб суд тўққиз айбланувчи устидан бошланган. Бироқ 2017 йилнинг 1 августида суд танаффуси пайти судланувчилар қўриқчиларга ҳужум қилганлар, қўриқчиларнинг қуролларини тортиб олганлар.

Ўртада бўлиб ўтган отишмада "ГТА бандаси" деб ном олган жиноий гуруҳнинг ташкилотчиси деб кўрилган Ибайдулло Субҳоновнинг акаси Холиқ Субҳонов, Фазлитдин Ҳасанов ва Абдумуқим Мамажонов ўлдирилганлар.

"ГТА бандаси"нинг тарихи

Илк бор "ГТА бандаси" ҳақидаги хабарлар М4 "Дон" федерал йўлидаги бир неча қотилликлар рўй берган 2014 йил ёзида тарқалди. Тергов ишларига кўра, 2012 йилдан 2014 йилгача жиноий гуруҳ жами 17 инсонни ўлдирган. Жиноятчилар тўдаси магистрал йўлда пистирма уюштиришган, тўхтаган автомобилларнинг ичида бўлган инсонларни шафқатсиз ўлдирганлар. Жиноятчиларни бир неча ой мобайнида тута олмадилар.

Жиноий гуруҳнинг аъзолари 2014 йил ноябрида қўлга олинганлар. Раменский туманидаги Удельная посёлкасида тўда раҳбари деб кўрилган Қирғизистонда туғилган 33 яшар Ибайдулло Субҳоновни қўлга олишга пайтида қуролли қаршилик кўрсатган ва ўлдирилган.

"ГТА бандаси"нинг иши бўйича тўққиз киши устидан суд бошланган, гуруҳнинг бошқа аъзолари хорижга қочгани айтилган жиноят ишида.

Тўданинг 10-12 аъзоси бўлгани хабар қилинган.

Улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлганлар.

Россияда гуруҳ аъзолари қўлга олингани ортидан "ГТА бандаси"нинг икки аъзоси Тожикистонда ҳибсга олинган.

Гуруҳ аъзоларини қидириш бошланган вақтда Россия матбуотида қотилларнинг ким экани ва қандай мақсадда қотилликларни содир этганлари ҳақида турли версиялар эълон қилинган.

Айрим хабарларда уларнинг террорчи гуруҳ аъзолари экани, бошқа бир хабарларда эса қамоқдан чиққан рецидивистлар ёки киллерликни машқ қилаётганлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар билдирилган.

Содир этилган қотилликлар Grand Theft Auto(қисқартирилгани GTA, русча ГТА) деб номланган компьютер ўйинларидаги саҳналарга ўхшаш бўлгани учун Россия матбуотида "ГТА бандаси" деб ном берилган.

Жиноятчилар қўлга олинганидан кейин Россиядаги турли оммавий ахборот воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаларига таяниб, қотилларнинг "Исломий Давлат" террорчи гуруҳига алоқадор эканликлари ҳақида хабарлар тарқатганлар.

Россия Тергов қўмитаси жиноятчиларнинг ИШИДга алоқадор эканликларини рад этган, қотилликлар қурбонларнинг моддий бойликларини ўзлаштириш мақсадида содир этилган, деган хулосага келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ