Ўзбекистонда илк халқаро адабиёт анжумани фақат ҳисобот учун ўтказилдими?

анжуман

Ўзбекистонда 27 йил ичида илк бора Тил ва адабиёт йўналишидаги халқаро анжуман ўтказилди. Бироқ у фақат ҳисобот учун, номига ўтказилгандек таассурот қолдирди.

Озарбойжондан Анор муаллим, Украинадан Игорь Шпак, АҚШдан Темур Ҳўжаўғли, Қозоғистондан Улуғбек Есдаулет, Туркманистондан Рахиммамет Куренов каби 30 га яқин дунёга таниқли адиблар мазкур анжуманда маърузалари билан иштирок этди.

Анжуманнинг илк куни маърузаларга ажратилган бўлса, кейинги кун меҳмонлар қўҳна ва навқирон Самарқандни зиёрат қилишди. Анжуман якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги ҳамда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Шунингдек, Россия ва Украина давлатларининг нашриёт уйлари билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассислигидаги нашрлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилди.

Ташқаридан разм солсак, анжуман кўнгилдагидек ўтди. Маърузалар ўқилди, адабиёт ҳақида суҳбатлар қурилиб, кун тартибига киритилган ишлар бажарилди. Лекин, анжуман ана шундай "бажарилди" деган ҳисобот учун ўтказиладими?.. Ундан адабиётимизга нима наф тегди? Олдимизга қўйилган ўзбек адабиётини дунёга тарғиб қилиш, оммалаштириш, халқаро даражада нуфузини кўрсатиш каби вазифалар қай даражада бажарилди? Саволлар кўп, аммо...

Халқаро анжуманда халқаро тажриба етишмади

Анжуман ҳақида эшитган ғарблик туркшунос адибларнинг кўпчилиги унда қатнаша олдими? Ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилга ва хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилган қаламкашлар анжуманда кўриндими?

Йўқ.

Мисол учун ўзбек адабиётининг айрим намуналарини хорижий тилларга таржима қилиб, уларни ўз ҳисобидан чоп эттириб келаётган адиблар Жамол Камол, Хуршид Даврон, Ҳалима Аҳмад, Абдулла Шер ва Аъзам Обидовни бу тадбирда кўрмадик. Хориждан Ўлжас Сулаймон, Рати Саксена, Мария Филипова, Патрисия Бернард каби бир қанча турколог ва ўзбек адабиёти мутахассислари халқаро анжумандан бехабар қолиб кетишди. Сабаб нима?..

Моҳир таржимон Аъзам Обидовнинг айтишича, Ёзувчилар уюшмаси ундан халқаро анжуманга кимларни таклиф қилишни сўраган, бироқ у тавсия этган ёзувчиларнинг биронтаси анжуманга таклиф этилмаган.

Халқаро тоифадаги оддийгина анжуманда иштирок этсангиз ҳам конференцияда кўтарилган мавзуларга бағишланган бир дунё китоб журналлар тақдим этилади. Халқаро конференция логотипи, либослари ва эсдалик буюмлари ишлаб чиқилади. Анжуман доирасида театр, музейларга саёҳат ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади. Бир сўз билан айтганда, унга иложи борича креатив руҳда, ижодкорлик билан ёндашилади. Унда иштирок этган хорижий тадқиқотчи, таржимон бир олам таъсуротлар қуршовида юртига қайтиши лозим.

Агар бироз таҳлил билан ёндашадиган бўлсак, бу борада камчиликларимиз ҳам янада яққол кўринади.

Уларни бирма-бир санаб ўтсак.

1. Хорижлик адиблар билан бизнинг адабий муҳитимиз, яъни турли вилоятларда ижод қилаётган ёзувчи таржимонларимиз билан яқиндан танишув, мулоқот ўрнатилиши керак эди. Аммо, тадбирда вилоятларда истиқомат қилаётган ижодкорларни кўрмадик. Пойтахтда бўлган ёзувчиларимизнинг ҳам тўлиқ иштироки таъминланмади.

2. Ўз номи билан халқаро бўлган конференция халқаро миқёсда реклама қилинмади. Нафақат халқаро даража, балки республикамиз ичкарисида ҳам анжуманнинг кенг тарғиботи унчалик сезилмади.

3. Биламизки, кўпгина туркшунослар ва таржимонлар асосан бизнинг XI-XVI аср адиблари, жадидчилик, қатоғон йиллари адабиёти билан қизиқадилар. Замонавий адабиётимиз, ёш ижодкорларимиз ҳақида кам тасаввурга эгалар. Шундай экан хорижлик мутахассисларга адабиётимизнинг бугунги кунидан маълумот берувчи китоблар тақдим этилдими? Ёш таржимонларга хорижий адиблар билан танишиш имкони берилдими?

4. Анжуманга ташриф буюрган адибларнинг бир нечтаси билан ёш ижодкорлар учун таржимонлик санъатидан мастер-класс маърузалари ўтиш мумкин эди-ку.

5. Анжуман иштирокчилари, хориждан келаётган туркшунослар ҳақида тўлиқ ахборот берилиб, улар кенг ёритилмади.

6. Анжуманда синхрон таржимонлар етишмади.

7. Тадбирда хорижий журналистлар қатнашмади ва халқаро ном берилган анжуман чет-эл нашрларида кўринмади. Бу ҳам етмагандек, анжуманга келган маҳаллий ОАВ вакилларининг аксарияти залда жой йўқ қабилида қатъий киритилмади. Албатта, бунга журналистлар ҳам ўз норозиликларини билдиришди. Юртимизнинг нуфузли газеталаридан бир қанчасининг анжуманда иштирок этиши учун рўйхатга ҳам киритилмаганига нима дейсиз?.

8. Маълумки, халқаро анжуманларда махсус журналлар нашр этилади. Унда тадбир қатнашчиларининг маърузалари, таржимаи ҳоллари, ёзган асарлари ёритилган бўлади. Аммо бу тадбирда бу жиҳатлар умуман инобатга олинмаган.

9. Хорижлик адабиётшуносларга яратиб берилган, техник имкониятлар қониқарли даражада эмасди.

10. Тадбирдан сўнг ўзбек адабиётини хорижда кенг тарғиб қилишдаги камчиликлар, масалалар ва умуман конференция ҳақидаги муҳокамалар, эришилган ва эришилмаган натижалар борасидаги уюшма мутасаддиларнинг аниқ хулосаларини кузатмадик.

11. Тадбирнинг маҳаллий ва хорижий иштирокчилари сони жуда кам. Аслида шунча имконият берилган бир пайтда хориждан етарлича меҳмонларни чақириб,тажриба алмашиш мумкин эди.

12. Халқаро анжуман учун махсус 2-3 тилда маълумотлар жойлаштирилган интернет сайт очилиб, унда қатнашчилар ҳақида кўпроқ маълумот, маърузалар, анжуманнинг келгуси санаси каби маълумотлар бўлиши лозим эди.

13. Тадбир бўйича адабиёт йўналишидаги журналистларнинг кенг тарғиботи ва мақолаларини ҳам кўрмадик.

Бу ҳолатлар бир сўз билан айтганда, анжуман ташкилотчиси бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси халқаро конференцияни эскича қарашларга суяниб ўтказгани, замон билан ҳамнафас бора олмаётганини кўрсатди.

Иштирокчилар фикри

Украинанинг "Адеф-Украина" нашриёт уйи директори Игорь Шпак:

- Бу каби халқаро анжуманлар асосан эришиган натижаси билан аҳамиятли. Хўш бугунги анжуман ўзбек адабиёти ва унинг чет-элдаги тарғиботи қай даражадалигини кўрсатдими? Унда қандай камчиликлар аниқланди? Назаримда, шу саволларга жавоб топилса, тадбир шунчаки, қоғозбозлик учун ўтмаганига ишонамиз. Ўзбек адабиётига қизиқувчилар хорижда кўплаб топилади. Ўзбекистон уларни кўпроқ шундай анжуманларга чақириши ва иложи бўлса, уларни рағбатлантириб туриши лозим. Ижодкорлар пулга қизиқмайди. Мисол учун, уларни ўзбек адабиёти тарғиботига қўшган ҳиссаси учун махсус диплом ёки унвонлар билан тақдирлашса, яхши бўларди.

Игор Шпакнинг фикрларига қўшилган ҳолда шуни қўшимча қилишни истардик. Ғарбда мисол учун, Хитой ва Испания давлатлари ўз миллий тилини ўрганган талаба ва адабиётшунослар ўртасида танловлар ўтказиб турилади. Шунингдек, Испанияда кастельян тилини ўрганувчи хорижий талабага Испания ташқи ишлар вазирлиги томонидан махсус грантлар (АЕСИ) ажратилади. Испан тилини хорижда ўргатувчи ўқитувчилар ҳам ташқи ишлар вазирлиги томонидан рағбатлантирилади. Назаримизда, Ўзбекистон ҳам ўзбек тилини ўрганувчи хорижликларни кўпроқ жалб қилиши уларга махсус грантлар ажратиши лозим. Ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилга таржима қилган адабиётшуносларни (чет эллик бўлса-да) молиявий тарафлама қўллаб қувватлаши, таржима китобларининг чоп эттирилишига ёрдам бериши керак. Бу жиҳатларни эса, албатта, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаоллари кўтариб чиқиши лозим.

Жанубий Кореялик Инёнг О хоним:

Инёнг О хоним ўзбек адабиётининг нақадар бой эканлигига урғу бераркан, ундан дунё аҳли бебаҳра қолаётганини айтиб, қайғурди ва хорижда адабиётимиз тарғиботи суст эканлигини қайд этди.

- Яқиндагина Ўзбекистондан Жанубий Кореяга делегация келди. Делегацияга ўзбек-корейс тили таржимони ҳамрохлик қилмагани мени ажаблантирди. Таржимонлар асосан рус тилига таржима қилдилар, делегация аъзолари ҳам русийзабон ўзбеклар бўлганидан таажубландим. Ўз тилида сўзлашмаганлар яна қандай қилиб уни хорижда тарғиб қилиши мумкин.

Инёнг Онинг гапларида жон бор. Ўзбекистонда ўтувчи кўпгина халқаро конференция ва тадбирларда ўзбек тилига эътибор берилмайди. Унда асосан рус тили таржимаси

устунлик қилади. Агар биз адабиётимизни жаҳон даражасига олиб чиқишимиз керак экан, энг аввало, ўз она тилимизни ҳурмат қилишимиз лозим. Бу оддий фалсафий тамойил.

Дарвоқе, мазкур 7-8 август кунлари ўтказилган Халқаро адабиёт анжуманидаги бу ҳолатларни илк бор ўтказилаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Фақат анжуман давомий бўлишини сўраган ҳолда, келгусида бу каби камчиликлар қайтарилмаслигига умид қиламиз. Адабиёт, тил миллатнинг ўзлиги унинг тарғиботи ҳам юксак даража бўлиши лозим. Ўзлигимизни дунёга олиб чиқувчи тадбирлар шунчаки ҳисобот учун эмас, амалий натижалар учун ўтказилишини истардик.

Блог муаллифларининг фикри таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар