Ўзбекистон: Бургани деб кўрпа?

спортчи

Сурат манбаси, Screenshot

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов шанба куни вилоят ва шаҳар ҳокимлари билан ўтказган селектор мажлисида кечки соат 9дан кейин спиртли ичимликлар сотилмаслигини буюрди.

Бош вазирнинг оғзаки буйруғига кўра, ресторан, дўконлар ва тўйхоналарда спиртли ичимликлар савдоси ва тортиқ қилиниши кечки соат 9да тўхтатилиши керак.

Ҳокимларга мазкур буйруқ алкогол истеъмоли туфайли келиб чиқаётган қотилликларнинг кўпайгани билан изоҳланди.

Аммо, қотилликлар айнан алкогол туфайли кўпайган ё камайгани борасида расмий статистик рақамлар келтирилмади.

Тошкентлик журналистнинг билдиришича, мазкур буйруқ Тошкентнинг тунги клубларидан бири қаршисида дўппосланган ёш курашчи Жамшид Кенжаевнинг ўлими ортидан берилмоқда.

Аммо, унга кўра, алкогол ва тунги клублар, ёки қотилликлар сабаблари чуқур ўрганилмай, одатдагидек, тезкор чора тадбиқ этилмоқда.

Журналистга кўра, мазкур буйруқнинг амалга оширилиши ўта қийин бўлиши, ҳамда коррупция ва ноқонуний савдо юзага келиши муқаррар.

2018 йил 8 август куни соат 23:45 ларда Юнусобод туманидаги тунги клублардан бирида Халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев Тошкентнинг Юнусобод туманидаги тунги клубда пичоқланиши натижасида олган жароҳати сабабли вафот этганди.

Бош прокуратура берган хабарга кўра, спортчи «Aurum» тунги клуби қўриқчилари Ш. Ильясов ва А.Мирзаев билан ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ш. Ильясовга ва А.Мирзаевга тан жароҳатлари етказган.

Жанжал давомида воқеа жойида бўлган «Aurum» тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Ш.Қиличов спортчи Жамшид Кенжаевни қўлидан ошхона пичоғини тортиб олиб, унга санчиб, тан жароҳатлари етказган.

Ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган видеода Жамшид Кенжаевни бир неча киши дўппослаётганини кўриш мумкин.

Шифохонага ётқизилган спортчи жароҳатлар натижасида вафот этади.

Халқаро тоифадаги спорт устаси бўлган Жамшид Кенжаев Ўзбекистон эркин кураш терма жамоаси сафида бир қатор халқаро мусобақаларда иштирок этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek