Ўзбекистонда Инновация йили: Нега амалдорлар кашфиётимизга тўсқинлик қилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tengrinews
Image caption Ўзбекистонда энергияга бўлган муҳтожлик ошгандан ошмоқда

Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш сезиларли даражада тезлашди. Бу давлатнинг ушбу масала бўйича фаол ҳаракат қилаётгани шарофатидир.

Бироқ иқтисодий ўсиш халқнинг турмуш шароитини яхшилаш билан бир пайтда электр энергияси истеъмолининг ҳам яна бир неча карра ошишига сабаб бўлади. Зеро, айнан электр энергияси замонавий шароитда иқтисодий ўсишга таъсир этувчи муҳим омил саналади.

Йилдан йилга мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж эса фақат ортмоқда.

Айни вақтда нафақат энергетика инфратузилмасининг ривожланиши ва қувват ишлаб чиқариш имкониятларини ошириш масалаларини кўриб чиқиш, балки электр энергиясини тежаш ва энергия тежовчи технологияларни қўллашга нисбатан ҳам интилиш кўзга ташланмоқда.

Шундай технологиялардан бири тежамкор люминесент ва диодли лампалардир. Бундай лампалар эски авлод чўғланма лампаларидан анчайин кам электр энергияси сарф қилсада, ёруғлик чиқариш имконияти уларникидан юқоридир.

Тежамкор лампалар босқичма-босқич кенг истеъмолга кириб келмоқда. Уларнинг нархи нисбатан қиммат бўлишига қарамай, тежамкорлиги сабабли ўз харидорини топмоқда.

Аммо электрдан ёритиш мақсадларида фойдаланиш - бу умумий электр истеъмолининг кичик бир улуши, холос.

Ҳозирги вақтда электр энергияси етишмовчилиги муаммоси қисман "циклик ўчиришлар" орқали ҳал қилинмоқда, яъни электр энергиясини тақсимловчи станцияларга тушадиган юк ҳаддан зиёд ортиб кетганда маълум ҳудудлардан тармоқдан узиб қўйилади. Ўзбекистон аҳли бундай узиб қўйишлар билан айниқса қишнинг қаҳратон кунлари ва ёзнинг жазирамасида кўп юзлашадилар. Фуқароларнинг электр таъминотидаги доимий узилишлардан норозилиги эса кун сайин ортиб бормоқда.

Шу сабабли электр таъминоти узлуксизлигини сақлаб қолиш учун энергетика тизимида қўшимча қувват ишлаб чиқарувчи қисмларни жорий қилиш зарур.

Электр энергияси олишда асосий ёқилғи ҳисобланмиш кўмир ва газ захираларининг камайиб бораётганлиги ҳамда бундай ёқилғи билан ишлайдиган электростанцияларнинг табиатга кўп заҳарли моддалар чиқаришини ҳисобга олган республика ҳукумати гидроэнергетика ва атом энергияси соҳаларини ривожлантириш борасида ташаббуслар билан чиқмоқда.

Атом станцияси

Яқин йиллар ичида ўнлаб катта, мини ва микро ГЭСларни ишга тушириш кўзда тутилган. Шунингдек, атом электр станцияси қуриш режаси ҳам эълон қилинди. Муқобил энергия манбалари бўлмиш шамол станциялари, биоёнилғи ва қуёш энергиясидан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракатлар пайдо бўлмоқда.

Лекин барча режаларда бўлгани каби юқоридаги лойиҳаларнинг ҳам қатор камчиликлари бор.

Анъанавий гидроэлектростанцияларни ишга тушириш узоқ вақт ва кўп ресурс талаб қиладиган жараён саналади. Бундан ташқари бундай станцияларнинг табиатга зарари ҳам сероб.

Энди атом станцияларини олсак. Афсуски, сўнгги вақтларда халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, замонавий хавфсизлик технологияларини қўллаш мумкинлиги ҳақида қанчалик гапирилмасин, бундай станциялар тўла хавфсиз эмас.

Бундай станциялардаги хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча ишларни амалга ошириш ва бу сезиларли самара бериши мумкин, лекин бундай ҳолларда станцияларнинг нархи ҳамда эксплуатация харажатлари осмонга сапчий бошлайди.

Шу омилларни ҳисобга олганда атом станцияларининг нархи ўта даражада қимматга тушади ва қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш объектнинг фойдаланишга топшириш муддатини янада ортга суради. Натижада электр энергиясини сотиш орқали станция қурилиши ва эксплуатациясига кетган харажатнинг қопланиши узоқ йилларга чўзилиши мумкин.

Шунингдек, атом станциялари фаолиятида, ҳаттоки, кичик муаммолар юзага келганда ҳам хавфсизлик нуқтайи-назаридан ишлаб чиқаришнинг катта қисмини тўхтатиш туришга мажбур бўлинади. Оқибатда электр таъминотида узилишлар пайдо бўлади, станциянинг фойда келтириш қобилияти яна ҳам пасаяди.

Три-Майл-Айленд, Чернобил ва Фукусима каби атом электр станциялари билан содир бўлган ҳолатлар шундан далолат берадики, ҳатто, энг замонавий хавфсизлик технологияларини қўллаш ҳам етарли эмас ва қўшимча ҳимоя қатламларини жорий қилиш зарур. Бу эса атом станциялари харажатини кескин оширади.

Бугунги кунда кўплаб Европа давлатлари атом энергетикасидан буткул воз кечиб, эътиборни кўпроқ муқобил энергия манбаларига қаратмоқда.

Бироқ бу муқобил энергия манбаларининг ҳам ҳисобга олиш зарур бўлган томонлари бор.

Амалдорлар нега қарши?

Биринчидан, ҳозирда анъанавий энергия ишлаб чиқарувчи станциялар ўрнини эгаллай оладиган самарали технология мавжуд эмас.

Шу кунга қадар яратилган технологиялар фақатгина кам қувватли станциялар барпо этиш имконини беради, холос. Экологик соф энергия ишлаб чиқарувчи станциялар электрга бўлган эҳтиёжни тўла таъминлай олмайди.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, муқобил энергия манбалари соҳасида инновацион технологияларни ривожлантиришни давлат иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Энг биринчи навбатда қонуний асос ишлаб чиқилмоғи керак.

Бошқа соҳаларда кузатилгани каби давлат амалдорлари олдинги сурилаётган бундай ташаббусларни кўп ҳолларда хушламай қабул қиладилар. Сабаби юқорида тилга олинган лойиҳаларни амалга ошириш, янги технологияларни қўллаш уларга қўшимча масъулият юклайди, ортиқча бошоғриқ бўлади ва иш ҳажмини кўпайтиради. Оқибатда ҳукуматнинг ўхшаш лойиҳаларининг амалга оширилиши ишлари жойлардаги амалдорлар томонидан саботаж қилинади.

Шу сабабли ҳам бундай лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши аксар ҳолларда амалдорларнинг истаги ва кайфиятига боғлиқ.

Яна шундай ҳоллар бўладики, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш амалдорларнинг шахсий ва молиявий манфаатлари билан тўқнаш келиб қолади. Натижада амалдорлар лойиҳаларнинг татбиқ этилиш жараёнини секинлатишга ёки буткул тўхтатишга урина бошлайдилар.

Ўхшаш ҳолат биз билан ҳам юз бермоқда. Биз неча олдин самарали микроГЭС барпо этишга имкон берувчи инновацион технология ишлаб чиққан эдик.

Сарсон

Ўз кашфиётимиз самарадорлигига ишончимиз юқори эди. Шундай ишонч билан юқори давлат ташкилотлари, хусусан, Вазирлар Маҳкамасига кўмак сўраб бир неча бор мурожаат қилдик. Яхши биласиз, сув ресурслари билан боғлиқ лойиҳалар бундай ташкилотлар рухсати ва дастагисиз амалга ошмайди.

Лойиҳа мураккаб технологик тилда ишлаб чиқилгани, уни кўриб чиқишда махсус мутахассисларнинг иштироки зарурлиги учун Вазирлар Маҳкамаси бу масала юзасидан аниқ қарор қабул қила олмади ва мурожаатимиз ўша ердан ваколатли ташкилотларга юборилди, яъни ўша пайтдаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига, "Ўзбекгидроэнерго" АЖга, Интеллектуал мулк агентлигига, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига.

Айни шу жойда тушуниб бўлмас (аслида юқорида тилга олинган омиллар асосида яхши англаса бўладиган) ҳолат юзага кела бошлади.

Ҳозирда Интеллектуал мулк агентлиги номи остида фаолият юритаётган ташкилот бизнинг технологиямизни таҳлиллаш жараёнида оддий хато ва лоқайдликка йўл қўйиб, ўз хатосига асосланган ҳолда бизга патент беришдан бош тортди.

Энди шунча вақт ичида раҳбарият ва ходимлар жамоаси бир неча бор алмашганига қарамай, агентлик «обрўни сақлаш» баҳонасида бир вақтлар ўз номи билан йўл қўйилган хатоликни тан олишни истамаяпти.

Агентлик бошлиғи, бир неча мутахассислар бизнинг мурожаатларимизга шундай аҳмоқона ҳужжатлар билан жавоб қайтармоқдаларки, уларда ёзилганлар на физиканинг оддий қонуниятлари, на мантиқ ва на Ўзбекистон Республикаси қонунларига тўғри келади.

Уларни ҳам тушуниш мумкин - агар ўз хатосини тан олсалар, кўплаб йиллар давомида бир инновацион лойиҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилиб келганликларини ҳам тан олишга мажбур бўладилар. Сўнг бунинг оқибати улар учун ёқимли тугамаслиги мумкин.

Шунинг учун ҳам улар энди давлат томонидан ўзларига ишониб топширилган ваколатлардан фойдаланиб, имкон қадар вақтни чўзишга ҳаракат қилмоқдалар. Балки бу билан лойиҳа ҳамманинг эсидан чиқиб кетиши ёки мурожаат муддати тугашига умид қилаётгандирлар...

Ўз вақтида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан бизнинг мурожаатимизга нисбатан юқори даражадаги эксперт хулосаси юборилган эди. Вазирлик мутахассислари лойиҳамизни истиқболи порлоқ эканлиги ва уни ҳаётга татбиқ қилиш учун ишлаб чиқариш соҳасидаги ташкилотларни жалб қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эдилар.

Бироқ ҳозирда кичик ва микрогидроэнергетик тузилмаларни ривожлантириш бўйича ваколатлар яқинда ташкил қилинган "Ўзбекгидроэнерго" АЖга берилгани сабабли Сув хўжалиги вазирлиги мурожаатимизни айна шу ташкилотга қайтариб юбормоқда.

Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз шарофати билан "Ўзбекгидроэнерго" АЖда кўплаб мутахассислар иштирок этган юқори даражалари учрашув ташкил қилинди ва бу йиғинда бизнинг лойиҳамиз истиқболи ва долзарблиги яна бир бор эътироф этилди.

Қисқача айтганда, лойиҳамизни амалга ошириш зарур эканлиги юқори даражада тан олиниб бўлинган. Амалга ошириш ишлари эса маъмурий ресурслар, ишлаб чиқариш кучи ва илмий-техник имкониятга эга бўлган ташкилотлар иштирокида бошланиши лозим. Учрашув протоколида ҳам айни шу нарсалар қайд этилган.

Худди шу босқичда эса биз амалдорларнинг саботажига дуч келмоқдамиз.

Бизнингча, ҳеч бир мурожаатимиз "Ўзбекгидроэнерго"нинг юқори раҳбариятигача етиб бормаяпти, балки ушбу ташкилотнинг қуйи бўлимлари ортиқча бошоғриқдан ҳалос бўлиш мақсадида мурожаатларимизни ушлаб турмоқда. Хусусан, анъанавий ГЭСларни эксплуатация қилиш бўлимида ушбу ҳолга яққол гувоҳ бўлиш мумкин.

Қайд этиш жоиз, ушбу бўлимнинг гидроэнергетика соҳасидаги инновацион технологияларга ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ, ҳатто, бизнинг инновацион технологиямизни баҳолай оладиган мутахассисларга ҳам эга эмас.

Бундан ташқари бизнинг технологиямиз ушбу бўлим шуғулланадиган масалаларга қисман рақобатчи бўлаётган бўлиши ҳам мумкин. Кўплаб мутахассислар томонидан якдиллик билан қабул қилинган ижобий хулосани эса бўлим раҳбарияти шунчаки инкор қилмоқда.

Савол туғилади: қайси сабаб билан бизнинг мурожаатимиз масалага бирор бир алоқаси бўлмаган бўлим томонидан кўриб чиқилмоқда? Бу худди касални даволаш учун сантехник жўнатиш билан баробар…

2018 йилнинг январь ойида президент ва ҳукуматнинг мамлакатдаги инновацион технологияларни ривожлантиришга қаратилган анчайин долзарб фармонлари ҳамда қарорлари чиқди. Уларда айнан биз йиллардан буён жорий этишга уриниб келаётган технологиялар назарда тутилади.

Демак Интеллектуал мулк агентлиги ва энергохолдинг амалдорлари нафақат бизнинг лойиҳамиз, балки ҳукуматнинг қарорларини ҳам саботаж қилиб келаётган эканда?

Ўзбекистон қуёш энергиясини ўзлаштириш соҳасида оқсамоқда

Кўрмаган бўлсангиз: "Ғарб сармоядорлари Ўзбекистонда Россия бизнеси устиворлигидан хавотирдалар"

Россиядан радиоактив булут тарқалган

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek