Вазир ўқитувчилар маошининг оширилишига изоҳ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Шерзод Шерматов ўқитувчиларнинг ойлик маошларини "бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар" ошириш кераклигини айтганди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш масаласи йиллар давомида "орқага суриб келингани"ни айтган.

Бу ҳақда Шерматов ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида ёзган.

Унга кўра, ўқитувчилар ойлиги иқтисодиётдаги ўртача ойликлардан ортда қолган эди.

Шерматовнинг ёзишича, ўқитувчиларнинг ойликлари икки босқичда оширилмоқда.

"Қарорга кўра, олий тоифадаги юқори синф ўқитувчиларининг устамалар билан солиқлардан кейин қўлига тегадиган ойлиги 64 фоизга ортиши кутилаяпти"

Вазирнинг аниқлаштиришча, айни мақсад учун келгуси йилда давлат бюджетидан 2,78 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилиши кутилмоқда.

'Ўқитувчи ва шифокорнинг маошини оширманг'

Мирзиёев: "ДХХ ходимларининг ойлигини кўтараман..." "... ўқитувчиларники кўтариш қўлимдан келмайди"

Биз мардикорга айланиб қолдик, дейишаяпти ўқитувчилар

"Ўтиш даврида бўлган бизнинг иқтисодиётимиз учун бу жуда катта маблағ", деб ёзган вазир.

У президентнинг "айнан инсон капиталига сармоя қилиш ҳақида қарор қабул қилган".

Аввалроқ Шерзод Шерматов ўқитувчиларнинг ойлик маошларини "бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар" ошириш кераклигини айтганди.

Шу йил майида Андижон вилоятига сафари чоғида Президент Мирзиёев "иқтисодиёт оғир аҳволда бўлганлиги учун ўқитувчиларнинг маошини ошириш ўзининг қўлида эмаслигини айтган" эди.

"Очиғини айтишим керак, иқтисодиётимиз жуда оғир вазиятда, жуда оғир кунларни бошдан кечиряпмиз. Қанийди, қўлимда бўлса, биринчи навбатда мактаб ўқитувчисининг ойлигини 10 баравар ошириб қўярдим", деган Мирзиёев.

Аммо афтидан, Ўзбекистон ҳукуматидаги ислоҳотчи вазирлардан бири сифатида кўриладиган Шерзод Шерматов халқ таълими ходимларининг маошларини кўтармасдан туриб, соҳада ислоҳотларни амалга ошириб бўлмаслигига президентни ишонтирган кўринади.

Айни пайтда вазир "йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бир кунда ҳал этиш қийин"лигини ҳам эътироф этган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Халқ таълими вазирлиги бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek