Ўзбекистон: Атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева оламдан ўтди

Ҳалима Худойбердиева мамлакатда раҳбарият ўзгариши билан яна жамоат ҳаётига қайтганди

Сурат манбаси, UPL24

Сурат тагсўзи,

Ҳалима Худойбердиева мамлакатда раҳбарият ўзгариши билан яна жамоат ҳаётига қайтганди

Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева 71 ёшда оламдан ўтган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шоиранинг вафотига нима сабаб бўлгани номаълум.

Унинг 2016 йилда юрак хасталиги билан оғригани хабар қилинганди.

Ҳалима Худойбердиева замонавий ўзбек шеъриятининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири эди.

У 1947 йилда Сирдарё вилоятида таваллуд топган. Тошкент Давлат Университетининг журналистика факултети ва Москвадаги Адабиёт институтида таҳсил олган.

10 дан ортиқ шеърий китоблар муаллифи. Ҳамза номидаги давлат мукофоти лауреати.

Шоира узоқ йиллар Саодат журналига бош муҳаррирлик қилган.

1990-йиллар бошида Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ва мамлакат Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлган.

1994 йилда турмуш ўртоғи, Президент Каримовнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ҳибсга олиниши ортидан жамоат ишларидан четлатилиб, норасмий тақиққа учраган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ҳалима Худойбердиева жамоат ҳаётига қайтган.

Шу йил мартида Би-би-си билан суҳбатда у ўзининг Ислом Каримов бошқаруви даврида қарийб 25 йил қатағонга учраганини айтган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002