Ўзбекистоннинг энг махфий одами: Рустам Иноятов

Senat.uz

Сурат манбаси, Senat.uz

Сурат тагсўзи,

Сенатнинг расмий сайтида Иноятовнинг мутахассислиги "филолог" деб кўрсатилган.

Ўзбекистоннинг бир пайтлар қудратли махфий хизмати - МХХ тугатилган бўлиши мумкин.

Аммо унинг собиқ раиси Рустам Иноятов ҳануз махфий одам ҳисобланади.

Очиқ лавозим ҳисобланган сенатор ва Президент маслаҳатчиси мақоми ҳам генерал Иноятовни очиққа чиқара олмаган.

Шу йил 31 январида истеъфога юборилган Иноятов ҳозиргача бирон марта жамоатчилик кўзи ўнгида пайдо бўлмаган.

'Филолог'

17 августга қадар Рустам Иноятовнинг номи Сенатнинг расмий веб саҳифасида ҳам йўқ эди.

Аммо матбуот бунга эътибор қаратиши ортидан Сенат Иноятовнинг сурати ва қисқа таржимаи ҳолини эълон қилди.

Унда Рустам Иноятовнинг мутахассислиги "филолог" деб кўрсатилган.

Бошқа сенаторлардан фарқли собиқ МХХ раисининг давлат мукофотлари ва электрон почта манзили кўрсатилмаган.

Бу махфийликнинг сири нимада бўлиши мумкин?

Сенатнинг расмий сайтида Рустам Иноятов исмининг йўқлигига биринчи бўлиб эътибор қаратган "Узметроном" нашри бош муҳаррири Сергей Ежковнинг фикрича Иноятовнинг "махсус мақоми"да.

"Агар мамлакатнинг энг қудратли махсус хизмати ҳозирги президентни давлат раҳбари лавозимида кўришни истамаганида, бунинг олдини олиш қўлидан келарди. Иноятов эса, ҳокимият учун курашлардан баланд тура олди. Каримов вафот этган пайт мамлакат ичидаги вазиятни ҳаммадан ҳам кўра бош вазир яхшироқ билишини Иноятов тушунган. Ва ўз навбатида Президент ҳам Иноятовни сенаторликка тайинлаш билан унинг давлат олдидаги хизматларини эътироф этган бўлди. Бор нарса шу".

Қудратли ва қўрқинчли

Иноятов ўз вақтида мамлакатнинг нафақат энг қудратли, балки энг қўрқинчли одами ҳам ҳисобланган.

У Каримов давридаги сиёсий репрессиялар ва қийноқлар учун масъул мулозимлардан бири сифатида кўрилади.

UzTV

Сурат манбаси, UzTV

Сурат тагсўзи,

Иноятов шу йил 31 январида ишдан олинганди

Иноятовнинг собиқ ўринбосарлари қийноқлар ва иқтисодий жиноятларда айбланиб, умрбод ва узоқ йиллик қамоқларга маҳкум этилган.

Уларни "давлатга хиёнат"да айблаган Президент Мирзиёев собиқ МХХ раисининг ўзига дахлсизлик мақоми берган.

Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги кўпчилик учун бу ҳануз тушунарсиз.

Балки бу Мирзиёев ва Иноятов ўртасида махсус келишувнинг бир қисмидир?

Сергей Ежковнинг фикрича, Иноятов махсус хизматлардан четлатилгани билан унга шунчаки "чизиқ тортиш" осон иш эмас.

"Узоқ йиллар энг кучли махсус хизматларни бошқарган одам катта тажриба ва катта контактларга эга бўлади. Вазиятни жуда яхши билади. Ҳозир бунинг ҳаммасини олиб, ахлат қутисига отиш ақлдан эмас. Президент Иноятовни сенатор ва маслаҳатчи лавозимига тайинларкан, биринчи навбатда ақл билан иш қилган ва унинг тажрибасидан келиб чиққан, деб ўйлайман. Ҳа, Иноятов раҳбар сифатида ўз қўл остидагиларнинг ҳаракатлари учун шубҳасиз масъул. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Аммо айни пайтда Мирзиёев Иноятовни ғуломовлар ёки шарифхўжаевлар билан бир қаторга қўймайди. Президент тушунишимча, шахсни ва тизимни бир кўрмайди. Ўз вақтида бир тизим бор эди ва бу тизим битта шахснинг иродаси асосига қурилганди. Ҳозир эса бошқа тизим. Президент Иноятовни бу тизимдан ажратиб олди ва унинг тажрибасидан фойдаланяпти. Албатта, энди раҳбар сифатида эмас, балки мувофиқлаштирувчи сифатида. Бу рационал бир ёндашув деб ўйлайман. Менинг фикримча, олдиндан ҳеч қандай келишув бўлмаган", - дейди Ежков.

'Мажруҳлантирилган' Иноятов

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Рустам Иноятов шахсининг дахлсизлиги ва махфийлигини Ўзбекистонда қарор топган яккаҳокимлик бошқарувидан излаш керак.

"Ўзбекистон авторитар давлат. Ҳокимият алмашинуви ҳам авторитаризм қонун-қоидаларига мувофиқ амалга оширилди. Бу демократик ўйин қоидаси эмас. Сайловдан кейин бутун оҳанг ўзгармайди", - дейди Камолиддин Раббимов.

Унинг фикрича, авторитаризмда ҳокимиятни ушлаб турган куч ишлатар тизимлари жуда ҳам кучли ҳисобланади.

"Ўзбекистондаги авторитаризмнинг асосий характеристикаси босқичма-босқичлик. Каримов ҳам ҳокимиятга келганда юз фоиз ҳокимиятни назорат қилмаган, секин-секин вазиятни қўлга олганди. Шавкат Мирзиёев ҳам каримов даврида Миллий хавфсизлик хизматининг объекти, кузатуви остидаги шахслардан биттаси эди. Ва у ҳокимиятга келаётганда ана шу қудратли шахсларнинг ресурсларини ўзига қарши қаратмаслик учун босқима-босқич ҳаракат қилди. Яъни вазиятни секин-секин қўлга олиш ва мана шу қўлга олинган вазиятни мустаҳкамлаш билан биргаликда ўша қудратли шахсларнинг имкониятларини босқичма-босқич "мажруҳлантириб" бориш".

Screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи,

Иноятов ўз вақтида мамлакатнинг энг қудратли ва қўрқинчли одами ҳисобланган.

Камолиддин Раббимовнинг ишонишича, Иноятов ишдан олинган куни унга кафолат берилган.

"Сиз мутлақ дахлсизсиз, сизга ҳеч ким тегинмайди, сизнинг юқори статусингиз бўлади, деб. Лекин орадан ярим йил, бир йил ўтгандан кейин улар ўртасидаги сиёсий кайфият мутлақ бошқача бўлади. Чунки маълум бир муддат ўтгандан кейин Иноятов назоратни йўқотган бўлади, Давлат хавфсизлик хизматида унинг гуруҳи, одамлари қолмаган бўлади. Унда на ҳуқуқий ва на бошқа ресурслар бўладики, ўзининг эски командаси, эски ресурсларини ишга сола олмайди".

Таҳлилчига кўра, бу марҳум президент Ислом Каримов қўллаган усул.

"Каримов ҳам ҳокимлар ёки бошқа қудратли шахсларни ишдан олганда, уларнинг босқичма-босқич, қўпол қилиб айтганда, "жонини чиқариш" йўлидан борган. Собиқ ички ишлар вазири Алматов ёки собиқ давлат маслаҳатчиси Жўрабековларнинг тақдири бунга мисол. Бу шахслар ишдан кетганидан кейин ҳам уларнинг қўлида ресурслардан ташқари жиддий маълумотлар бўлган. Мана шу маълумотлар чиқиб кетмаслиги учун ҳокимият улар билан ҳисоблашади. Рустам Иноятовнинг вазиятни чайқаш ёки ҳокимиятга зарба бериш имкониятлари мажруҳлантирилган бир пайтда ҳам унда барибир баъзи имкониятлар, баъзи информациялар қолаверади. Шунинг учун Ўзбекистонда Иноятовга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаса керак, деб ўйлайман", - дейди Камолиддин Раббимов.

Иноятов ва тизим

Собиқ МХХ раиси ишдан олинганидан кўп ўтмай, унинг ўғлига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, аммо бу хабарлар ҳеч қачон расман тасдиқланмаган.

Иноятов МХХ раиси лавозимини 1995 йил ёзидан 2018 йил 31 январига қадар узлуксиз эгаллаб келган.

У билан Президент Мирзиёев ўртасида қудрат учун яширин рақобат борлиги айтиларди.

Ғарб нашрлари Иноятовнинг Eвропадаги бизнес манфаатлари ҳақида ёзган.

Open Source Investigations (OSI) гуруҳи ўтган йил декабрида Иноятовнинг Европада кўчмас кўп миллионли кўчмас мулки борлиги, жумладан, унинг оиласи Венада қимматбаҳо виллага эгалик қилишини айтган.

Ўтган йил декабрида Шавкат Мирзиёев МХХни тубдан ислоҳ қилишга ваъда берган. Аммо мамлакат махфий хизматларида жиддий ислоҳотлар бораётганини тасдиқловчи ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.

Мамлакатда ўзгача фикрловчи ва мухолифларга нисбатан босимлар бир қадар камайган, аммо қийноқлар ҳақидаги хабарлар тўхтамаяпти. Фақат бу хабарларда махсус хизматлар энди асосий ташаббускор эмаслигини тахмин қилиш мумкин.

Айни пайтда давлат бошқарувида прокуратура ва ички ишлар идораларининг мавқейи кучайганини сезиш мумкин.

Screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи,

Мирзиёев МХХ генералларини қийноқлар ва давлатга хиёнатда айблаганди

Прокуратурадан чиққан қатор шахслар ҳокимлик ва давлатга қарашли йирик ширкатларда раҳбарлик лавозимларига тайинланган.

Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида махсус қонун қабул қилинганига қарамасдан, амалда махсус хизматлар фаолиятини назорат қилувчи механизм мавжуд эмас.

Хусусан, биронта депутат ҳозирга қадар парламентга берилган ДХХни назорат қилиш ваколатидан истифода қилгани билинмайди.

Ўзбекистоннинг нисбатан эркинлашаётган матбуоти ДХХ аралашган қатор шов-шувли ҳибсга олиш ҳолатлари ҳақида сукут сақлаган ёки бу борада кечроқ хабар берган.

Таҳлилчиларга кўра, Ислом Каримов даврида мухолифларнинг овозини ўчириш учун шафқатсиз усулларни қўллаган ва жамиятни тотал қўрқув муҳитида ушлаб турган махсус хизматларнинг таъсири ҳали узоқ вақт сақланиб қолади.

Ва бунинг учун битта Иноятовнинг саҳнадан кетиши кифоя эмас.

Таҳдидлар

Президент Мирзиёев ўтган йил декабридаги нутқида МХХни ислоҳ қилиш заруратини "ўзгариб бораётган таҳдидлар" билан изоҳлаганди.

"Биз бу тизимни ислоҳ қилишимиз керак. Хавфсизлик хизмати бизни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоялаши керак", деб айтганди Президент.

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

Ихтиёр Абдуллаев раҳбарлигида ДХХда жиддий ислоҳотлар бораётганининг белгиси йўқ.

Аммо мухолифлар ва таҳлилчилар жиддий сиёсий ислоҳотларсиз Каримовдан қолган репрессив тузум ва у таянган хавфсизлик хизматларида жиддий ўзгаришлар қилиш қийин.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин сиёсатшуноснинг Би-би-сига айтишича, Мирзиёев ҳозирча туб сиёсий ислоҳотларга қўл урмайди, чунки бу соҳадаги жиддий ислоҳотлар унинг ўз ҳокимиятига таҳдид солиши мумкин.

"Тинимсиз юз бераётган кадрлар ротацияси шундан", - дейди у.

Унинг фикрича, Мирзиёев биринчи галда кечиктириб бўлмайдиган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишга бел боғлаган ва сиёсий ислоҳотлар ҳозирча кун тартибида эмас.

"Халқнинг қорнини тўйғазиш. Буни Президент ўзи ҳам очиқ айтяпти. Ислоҳотларнинг асосий мазмуни шу. Аммо қорни тўйган халқ эртами-кечми, кўпроқ сиёсий эркинликларни талаб қилиши тайин. Лекин бу Мирзиёевнинг президентлик муддати мобайнида юз бермаслиги ҳам мумкин. Бу бир приоритет масаласи. Иккинчидан, жорий элита сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватламайди. Уларни иқтисодий вазифаларни ечишга сафарбар қилиш мумкин, аммо сиёсий вазифаларга келганда, уларнинг дастагига умид қилиб бўлмайди", - дейди номи тилга олинишини истамаган тошкентлик сиёсатшунос.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek