Ўзбекистон-Швеция: Гулнорага "пора берган" швецияликлар судга тортилмоқда

Ларс Найберг Каримовага пора бергани борасидаги айбловлар ортидан ТелиаСонера директорлигидан истеъфога чиққан

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ларс Найберг Каримовага пора бергани борасидаги айбловлар ортидан ТелиаСонера директорлигидан истеъфога чиққан

Гулнора Каримовага 350 миллион доллар беришда айбланаётган уч швециялик устидан суд иши 4 сентябрда Швеция пойтахти Стокгольмда очилади.

Бу хабарни Би-би-сига Швециянинг Коррупцияга қарши кураш бўлими прокурори Гуннар Стетлер тасдиқлади.

Судга тортилаётганлар:

ТелиаСонера компаниясининг собиқ ижрочи директори Ларс Найберг;

ТелиаСонеранинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари;

ТелиаСонеранинг Евросиёда бизнес қилиш бўйича маслаҳатчиси Ули Туима;

Прокурор Стетлернинг айтишича, уларга қўйилган айблов - "йирик порахўрлик". Уч собиқ раҳбар ҳам айбловларни рад этади.

Суд иши бир неча ой давом этиб, келгуси йил февралида ҳукм ўқилиши кутилади.

Прокуратура билдиришича, мазкур порани олиш схемасида иштирок этгани айтиладиган Гулнора Каримова, ҳамда унинг шериклари Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаётганлари туфайли суд ишида қатнашмайдилар.

Мазкур суд ишида гувоҳ сифатида "Узавтосаноат" раҳбари Шавкат Умурзоқов қатнашиши кўзда тутилганди, аммо жаноб Стетлерга кўра, "Ўзбекистондан ҳеч ким келмаса керак".

Ҳозирда Телиа номи билан юритилувчи компаниянинг уч собиқ раҳбарига нисбатан айбловлар ўтган йили 22 сентябрда расман эълон қилинган.

"Найберг порахўрлик ҳолати юз бераётганини билган бўлиши керак эди ва буни тўхтатишга яхшигина имконияти бор бўлган", - деб айтган прокурор Стетлер айблов эълон қилинганда.

Ўтган сентябрь ойида Телиа ўзбек расмийларига пора бергани учун АҚШ, Швеция ва Голландия ҳукумати томонидан очилган иш доирасида 1 миллиард доллар жарима тўлашга рози бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02