Ўзбекистон: Мирзиёев мақтаманг деса, Ортиқхўжаев мақтанг дейдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Жаҳонгир Ортиқхўжаев Президент Шавкат Мирзиёев билан

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистлар ва блогерларни ўз олдига чақириб, у амалга ошираётган ишлар ҳақидаги хабарлардан нолиган.

Жума кунги учрашувда иштирок этган журналистларнинг билдиришларича, Ортиқхўжаев уларни нопрофессионал, "сариқ пресса" дея қоралаб, ҳокимият ишларини қўллаб-қувватловчи мақолалар ёзишга ундаган.

Ҳокимнинг айтишича, у нима иш қилмасин, журналистлар хато топаяптилар. "Қурилишларни кундузи қилсам, ишга боролмаяпмиз деб танқид қиласизлар, кечқурун қилсам, шовқин дейсизлар. Уйсиз одамга 1 хонали квартира берсам, калитини юзимга отди", - дея нолиган жаноб Ортиқхўжаев.

Учрашувда қатнашган баъзи журналистлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги очиқ иш олиб бормаётгани, унинг бюджет харажатлари шаффоф эмаслиги, ҳамда олиб борилаётган қурилиш ва йўл ётқизиш режалари жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмаганини билдирганлар.

Улар, шунингдек, айнан қайси компаниялар қурилиш ишларини бажараётгани ва улар қандай танлаб олинганини ҳам савол остига олганлар.

Журналистлар уларнинг вазифалари ҳокимни олқишлаш эмас, балки унинг ҳар бир қадамига танқид кўзи билан қараш эканини айтганлар.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларнинг орасида нопрофессионаллари кўп эканлиги, ва уларни саралаш вақти келганлигига ишора қилган ва уларни "сариқ матбуот" бўлиб хизмат қилишда айблаган.

Image caption Тошкент қиёфаси ўзгармоқда: анъанавий маҳаллалар сурилиб, уларнинг ўрнини кўп қаватли бинолар эгалламоқда

Таниқли блогер бунга қарши фикр билдириб, журналист ва блогерлар "сариқ матбуот" бўлиб кимнингдир маъшуқаси ҳақида ёзмаётганлари, балки уларга мурожаат қилган тошкентликлар арзларини оммага олиб чиқаётганларини айтган.

Шунингдек, журналистлар ҳокимга матбуот "тўртинчи ҳокимият" эканини ҳам эслатганлар.

Би-би-си билан мулоқотда бўлган ва мажлисда қатнашган журналистларга кўра, ҳокимнинг фавқулоддаги мажлисига куни кеча газета.уз сайтида чоп қилинган Никита Макаренконинг "Маънавият" бизни барбод қилади" сарлавҳали мақоласи сабаб бўлган.

Мақолада Тошкент шаҳри жуда зерикарли дея тавсирланади ва тунги клублар каби кўнгилочар масканлар ёпилиши ёш ва ижодкор аҳолининг мамлакатни тарк этишига сабаб бўлиши айтилади.

Икки манбанинг Би-би-сига билдиришича, бу мақола ортидан журналистларга Макаренко фикрларига қарши мақолаларни ёзиш буюртмаси берилган.

Буюртма мақолалар ва ҳокимнинг журналистларнинг танқидий мақолаларига тоқатсизлиги Президент Шавкат Мирзиёев расман тарғиб қилаётган сўз эркинлиги сиёсатига зиддир.

"Мақтаманглар. Мақтайдиган даврлар ўтиб бўлган. Раислар билан бирга юриб, борини кўрсатиш керак. Ёмон бўлса, қаттиқ танқид қилинглар",- дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев 23 мартда видеоселектор мажлисида.

Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев ўтган апрель ойида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

Мазкур лавозимга тайинланишидан аввал у "Артел инжиниринг" компанияси ва Tashkent City директори лавозимларида ишлаб келган. Шунингдек, у Akfa компаниялар гуруҳи асосчисидир.

Би-би-си мажлисда юз берган баҳслар борасида жаноб Ортиқхўжаевга савол бериш ниятида ҳокимият матбуот хизматига боғланишга бир неча бор уринди, аммо бунинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳар ҳокими ўзгарди