Ўзбекистон: Ҳибсдаги блогерлар тақдири номаълум қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Ижтимоий тармоқлардаги норозиликларга қарамай, расмийлар сукут сақламоқда

Мустақиллик байрами арафасида Тошкент ва Андижонда бирин-кетин ҳибсга олинган блогерлар - Мусанниф Адҳам, Зиёвуддин Раҳим ва Отабек Усмоновларнинг қаерда ушлаб турилгани ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Аввалроқ Мусанниф Адҳам ва Зиёвуддин Раҳим Тошкентнинг "Панельный" даҳасида жойлашган вақтинчалик ҳибсхонада сақланаётгани айтилганди.

Уларнинг қийноққа тутилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирлар кучайган.

Аммо тушдан сўнг хусусан, Мусанниф Адҳамга яқин манбалар унинг Тошкент шаҳар ИИББда сақланаётгани ҳақида маълумот олишгани, аммо буни тасдиқлашнинг имкони бўлмаганини билдиришди.

Пойтахт ИИББ ходимлари яқинларига дам олиш куни бўлгани важидан душанба куни келишни маслаҳат беришган.

Ўзбекистон: Орган ходимлари Facebookдаги таниқли блоггерларни қамоққа олмоқда

Ўзбекистон: Блоггерга Facebookдаги фикри учун маъмурий иш очилди

Яқинлари ва адвокатларига уларнинг тақдири борасида расман ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Тутқунларнинг қийноққа солинаётган бўлиши эҳтимолидан хавотирлар кучайиб бормоқда.

Тошкент ИИББ биносининг учинчи қаватида Терроризмга қарши кураш бўлими жойлашган ва ўтмишда у ерда гумондорларнинг шафқатсиз қийноқларга тутилгани маълум.

Ижтимоий тармоқлардаги норозиликларга қарамай, расмийлар мустақиллик байрами арафасидаги ҳибсга олишлар ва блогерлар тақдири юзасидан изоҳ бермаяпти.

Петиция

Айни пайтда Фэйсбук ижтимоий тармоғида Мусанниф Адҳам, Зиёвуддин Раҳим ва Отабек Усмоновларни озод қилиш чақириғи билан петиция бошланган.

Блогер Шукуржон Исломов якшанба куни ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида жойлаштирган петиция остида 4 соат ичида 400га яқин киши имзосини қолдирган.

Унда хусусан, Адҳам Олимовни ҳибсга олиш чоғида жиноий-процессуал қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани таъкидланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption "Ал-Азҳар"да таҳсил олган Мусанниф Адҳам Фэйсбукда 5 мингдан ортиқ фолловерларига эга

"Мусанниф Адҳамнинг дўстлари сифатида билдирамизки, унинг ижтимоий тармоқларда қолдирган пост ва изоҳларининг ҳеч бирида ноқонуний ва агрессив мазмун кузатилмаган. У собиқ прокурор Рашиджон Қодиров ҳибсга олиниб қийноққа тутилаётгани хабари тарқалганда ҳам маҳкумга асло зўравон муносабатда бўлмасликка, қонун талабларини сақлашга чақирган. Тунги клублар мавзуси кўтарилганда, тақиқ эмас, шахс эркинлигиги ёқлаган. У тақиқ ва жазо эмас, эркинлик ва таклиф тарафдори бўлган", - дейилади петиция матнида.

Қатор Фэйсбук фойдаланувчилари профилдаги суратларини ҳибсдаги блогерларнинг "Уч қаҳрамон" деб ёзилган суратларига алмаштиришган.

'Ноқонуний'

АҚШда истиқомат қиладиган мустақил ҳуқуқшунос Миракмал Ниёзматов Мусанниф Адҳам ва бошқа блогерларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний, дея баҳолаган.

Sof.uz нашрида эълон қилинган мақоласида ҳуқуқшунос ҳибсга олишларни "совет қатағони ва ислоҳотлар бошланмасидан олдинги ноқонуний усуллар"га қиёслайди.

Муаллифга кўра, Адҳам Олимовнинг ҳибсга олиниши "қонун устиворлиги учун жиддий синов"дир.

"Вазиятга қонуний тус бериш учун тегишли ҳукумат органлари қонунбузарликларга қарши зудлик билан чора кўриб, Олимовни озод этишлари керак", - деб ёзган Миракмал Ниёзматов.

У шунингдек, Олимовга қарши ноқонуний чора кўрган ИИБ ходимларини жазолашга чақирган.

'Қаршилик кўрсатган'

Фэйсбукнинг ўзбек сегментида Мусанниф Адҳам номи билан танилган ва 5 мингдан ортиқ фолловерларига эга 32 ёшли Адҳам Олимов 28 август куни Тошкентнинг Себзор мавзеъсида жойлашган уйида ҳибга олинган.

Яқинларининг сўзларига кўра, Адҳам Олимов ота-онаси билан бирга яшайдиган хонадонга ўтган сешанба соат 19.30ларда формали ва фуқаро кийимидаги 8 киши бостириб кирган ва ҳеч қандай санкциясиз тинтув ўтказган.

Яқинларидан бирининг Би-би-сига айтишича, улардан фақат икки нафари формада, қолганлар эса фуқаро кийимида бўлган ва ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган.

Тинтувда қатнашган икки кишининг маҳалладан олиб келинган холислар экани аниқланган.

Фуқаро кийимидаги қолган 4 кишининг эса ДХХ ходимлари экани тахмин қилинмоқда.

Тинтув чоғида шубҳали ҳеч нарса топилмаган.

Адҳам Олимовга тегишли 1 компьютер, 2 ноутбук, диск, флешка ва унинг ўзи ва оиланинг бошқа аъзоларига тегишли мобил телефонлари олиб қўйилган.

Тинтув протоколининг нусҳаси яқинларига тақдим этилмаган.

Адҳам Олимов аввалига Олмазор туман ИИБ, ундан кейин эса Тошкент шаҳар ИИББсига олиб борилган.

Тунги маҳкама

Ҳибсга олинганидан тўрт соат ўтиб, 29 август тунги соат 00.30да Олимов маъмурий ишлар бўйича Олмазор туман судига олиб борилган.

Судья Ш. Иномжонов Ўзбекистон Республикаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодексининг 194 (ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармаслик) ҳамда 195 (ички ишлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатиш) бандлари бўйича айбдор, деб топиб, Олимовни "15 суткалиқ қамоқ" ва 184300 сўм миқдорида жаримага маҳкум этган.

Судда гувоҳлар ва адвокат қатнашмаган.

Яқинлари Адҳам Олимовнинг ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатганини қатъиян рад этишмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, фуқаро кийимидаги ходимлар ҳужжат кўрсатиш ҳақидаги талабга "ҳужжатни (Адҳам Олимовнинг) ўзига кўрсатамиз" деб жавоб қайтаришган.

Олмазор туман суди масъуллари суд қарорининг нусҳасини яқинларига бермаган.

Олимовнинг адвокати ҳимояси остидаги шахс билан учрашувни таъминлашни сўраб, Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган.

Зиёвуддин Раҳим ва Отабек Усмоновларнинг ҳибсга олиниши атрофидаги вазият ҳам ўхшаш.

Ҳар учала шахс Фэйсбукда диний-маърифий чиқишлари билан танилган ва охирги пайтларда мактаб ўқувчиларининг рўмол ўрашига қўйилган тақиқ юзасидан мунозараларда фаол қатнашганлар.

Мусанниф Адҳам Мисрнинг дунёга машҳур "Ал-Азҳар" университетида таҳсил олган, Зиёвуддин Раҳим эса диний мавзудаги қатор китоблар муаллифи.

Андижонлик блогер Отабек Усмоновнинг эса ДЭУ (GM Uzbekistan) корхоналаридан бирида ишлагани айтилади.

Хабарларга кўра, у 30 август куни иш жойидан олиб кетилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002