Ўзбекистон: Орган ходимлари Facebookдаги таниқли блоггерларни қамоққа олмоқда

Musannif Adham номи билан машҳур Адҳам Олимов ўз позициясини билдириши билан таниқли эди Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Musannif Adham номи билан машҳур Адҳам Олимов ўз позициясини билдириши билан таниқли эди

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, Facebookда машҳур бўлган бир неча блоггер ушланган. Улардан бири 15 суткага қамалган Мусанниф Адҳамнинг қаердалиги яқинларидан сир тутилмоқда.

Айримлар милиция томонидан жиддий огоҳлантирилган ёки қўрқитилган.

Ушланганларнинг орасида Мусанниф Адҳам тахаллуси билан машҳур Адҳам Олимов ҳам бор. Адҳам Олимов 28 август кечки соат 18:40 да Олмазор туман Сағбон даҳасидаги уйидан 8 кишидан иборат орган ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилган.

Уйдагиларга Адҳам Олимовни маҳалладаги участка нозири идорасига бирга чиқиб қайтиб келамиз, деб айтишган. Бироқ орадан 3 сутка ўтиб, унинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

Адҳамнинг укаси Шоҳруҳ Олимовнинг Би-би-сига айтишича, акасини 28 август кечки вақт Олмазор туман ички ишлар бошқармасига олиб кириб кетишаётганини гувоҳлар кўрган.

"3 кундан бери акам йўқ. Қаердалигини билмаймиз. Ким олиб кетган қайси ордер билан олиб кетишган билмайман. РОВД, ГУВД, прокуратура, панелнийларларга бордим. ҳеч қаерда йўқ. Расмийлар билмаймиз, дейишяпти", дейди у.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Сурайё Раҳмонова Би-би-сига Адҳам Олимовнинг маъмурий жавобгарликка тортилиб, 15 суткага қамалганини маълум қилди.

29 август куни Олмазор туман маъмурий судида судья Ш. Инамджанов бошчилигида ўтган очиқ суд мажлиси қарори Би-би-сида бор.

Унда айтилишича, Адҳам Олимов Маъмурий жавогарлик кодексининг икки моддаси бўйича ҳуқуқбузарлик содир қилганликда айбланган.

"Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш" моддалари билан айбланган Адҳам Олимов энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилган ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

"Олимов Адхам Абдумуминович 2018 йил 28 август куни милиция ходимига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатмай, милиция ходимининг қонуний талабини бажармай, қўни қўшнилар эътиборини тортганлиги, шахсини аниклаш максадида ИИО ФМБга бориш таклиф килинганида милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатган", дейилади суд қарорида.

Бир кеча милиция идорасида қолган Адҳам Олимов судда "айбига икрорлик билдириб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини баён килиб, суддан енгиллик беришни суради".

Суд қарорида норози томонлар икки ой муддат ичида касация тартибида шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бироқ эътиборли томони шундаки, қарор нусхаси блоггернинг яқинларига берилмаган. Улар ҳаттоки Адҳам Олимовнинг қаерда ва неча кунга қамалганидан ҳам бехабар.

Мусанниф Адҳам тахаллуси билан машҳур Адҳам Олимов Facebookда анча машҳур ва 5,5 мингдан ортиқ ўқувчилари бор. У Facebookда жамиятда бўлаётган ўзгаришларга ўзининг эркин фикрларини билдириш билан танилган эди.

Андижонда истиқомат қилувчи яна бир блоггер Отабек Усмонов ҳам 28 август куни ушлаб кетилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, уни иш жойи бўлмиш Асакадаги GM Uzbekistan заводида ушлашган.

Блоггерни ушлаш жараёнида Ўзбекистонда кенг ёйилган "бузуқ" аёллар билан туҳмат қилиш ҳийласи ишлатилгани хабар берилмоқда.

Милиция аёлларнинг аризасига кўра Отабек Усмоновни майда безориликда айблаб 15 суткага қамаган.

Яна бир блоггер ва диний китоблар муаллифи Зиёвуддин Раҳимов ҳам орган ходимлари томонидан ушланган. Зиёвуддин Раҳимовнинг қандай ҳолатда ушлангани ва қаерда сақланаётгани борасида Би-би-сида ҳозирча маълумот йўқ.

Блоггерларни ушлаш кампанияси 25 август куни бошланган. Ўша куни Муҳаммад Шакур номи билан ёзувчи Шокир Шариповнинг Қибрайдаги уйига 8 кишидан иборат орган ходимлари ҳеч қандай ҳужжатсиз кириб келишган.

Коляскада ҳаракатланувчи биринчи гуруҳ ногирони Шокир Шариповни ўз истагига қарши равишда Қибрай туман ИИБга олиб кетишган. Унга таҳдид қилишганидан сўнг унга нисбатан "оммавий тартибсизликка чақириш" ва "пропискасиз яшаш" бўйича маъмурий иш очилган.

Facebookда ҳукумат позицияси билан тўғри келмайдиган фикрларни ёзган бошқа блоггерларнинг ҳам Ички ишлар идораларига олиб келингани ҳақида хабарлар бор.

Блоггерларнинг айримлари у ерда соқолини олишга мажбурланган. Баъзилари ҳукуматга қарши пост ёзмаслик борасида огоҳлантирилган, айримларига таҳдид қилинган.

Қўлга олинган ёки қўрқитилган Facebook блоггерларини мактабларда қизларнинг рўмолига бўлган тақиқ масаласи бирлаштиради.

Бу блоггерлар фаол равишда ҳукуматнинг мактаб формаси борасидаги қарорига ва соқолга бўлаётган тазйиқларга ўзларининг фаол позициясини билдириб келаётган эди.

Уларга кўра, ҳукумат мактабда қизларнинг ялангбош ўтиришини талаб қилиши виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунларга зид.

"Шовқин солиш керак"

Блоггерларнинг қўлга олиниши ортидан Facebookда чуқур хавотирлар билдирила бошланган. Фойдаланувчилар ушбу ҳибслар Ўзбекистонда яна репрессиялар бошланишидан дарак бериши мумкин, деган ташвишга тушиб қолган.

Америкада истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари фаоли Мирраҳмат Мўминов блоггерларнинг 15 суткага қамалиши ўта хавотирли эканлигини айтади.

"15 сутка орган ходимларининг машҳур методикасини қўллаш учун қулай фурсат. Бу кунлар ичида улар қўлга олинганларни аввалига ширин ва мулойим гаплар билан кўпроқ информация олишга ҳаракат қилишади. Кейин унга қилмаган айбини бўйнига олишни сўрашади. Кўнмаса яқинларини зўрлаш билан таҳдид қилинади. Ундан ҳам ўтса қийноқ қўлланилади", дейди.

Қийноққа чидай олмаганлар одатда ўзларига қўйилган айбларни тан олишга мажбур бўлади.

Суд эса уларнинг дастлабки даврда қийноқ қўлланилган деган даъволарини одатда эътиборсиз қолдиради.

"Ўзбекистон расмийлари қийноқлар тўхтатилганини айтаётган бўлса ҳам бу жараён давом этмоқда. Мирзиёевнинг баланд минбарлардан туриб қийноқлар ҳақида гапираётгани қонун устиворлигини таъминлаш учун эмас. Бу шунчаки популистик гаплар. Улар Ўзбекистон фуқаролари учун эмас, балки ташқи дунё учун гапириляпти", дейди Мирраҳмат Мўминов

Инсон ҳуқуқлари фаоли жамоатчилик, ҳибсга олинганлар ёки таҳдид қилинларнинг яқинлари сукут сақламасдан иложи борича кўпроқ шовқин кўтариш кераклигини таъкидлайди.

15 сутка давомида сукут сақлаш куч тизимлари учун айни муддао ва бу даврда ҳамма жим турса улар гумондорга исталган айбга иқрор қилдириши мумкинлиги айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek