HRW: 'Ўзбек блогерларини қамаш эмас, эшитиш керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption Стив Свердлоунинг фикрича, блогерларни қамаш Мирзиёев Ўзбекистонининг имиджига ярашмайди.

АҚШда жойлашган Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти ўзбекистонлик қатор блогерларнинг ҳибсга олинишини хавотир билан кузатаётганини айтмоқда. Шу вақтгача Ўзбекистонда 6 блогернинг ҳибсга олингани яқинлари томонидан тасдиқланди. Қамалганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Би-би-си билан суҳбатда ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича вакили Стив Свердлоу ҳибсдаги блогерларни дарҳол озод қилиш ва улар билан мулоқотни йўлга қўйишга чақирди.

Стив Свердлоу: Ҳьюман Райтс Уотч қўлга киритган маълумотларга таяниб айтишим мумкинки, биз охирги кунларда тўрт нафар, ундан ҳам кўп блогерларнинг ҳибсга олинишидан чуқур хавотирдамиз. Ҳибсга олинганларнинг уйларига рейдлар ўтказилган, уларга тегишли ашёлар мусодара қилинган ва ўзларининг қаердаликлари борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда блоггерларни қамаш давом этмоқда

Ўзбекистон: Адҳам Олимов (Мусанниф Адҳам)га қарши маъмурий иш "ясалдими"?

Ўзбекистон: Ҳибсдаги блогерлар тақдири номаълум қолмоқда

Улардан айримларига 15 суткалик қамоқ жазолари тайинланган. Бу айниқса, Ўзбекистон ҳукумати мулозимларининг яқинда Вашингтонга сафарлари чоғида берган баёнотлари манзарасида жуда ҳам хавотирлидир. Улар диний эркинликлар борасидаги мунозараларда қатнашган ва халқаро жамоатчиликни бу эркинликларни кенгайтириш юзасидан йўл харитаси мавжуд, деб ишонтиришганди. Сўнгги ҳибсга олишлар жуда ҳам ёмон ўйланган ва ёмон режаланган қадамлар. Бу Ўзбекистон ҳукумати сўз ва ифода эркинлиги борасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг қўпол равишда бузилишидир.

Би-би-си: Нима учун айнан исломий мавзуда ёзадиган блогерлар нишонга олинмоқда, деб ўйлайсиз?

Стив Свердлоу: Ўзбек жамиятида Исломнинг ўрни ва исломий ўзлик борасида янгича изланишларга гувоҳ бўляпмиз. Бу блогерлар ҳукуматнинг мактабларда янги формани жорий этиш ҳақидаги қарори ортидан ҳибсга олинмоқда. Умумият-ла, жамиятга кўпроқ эркинлик бериш керак, деган фикр бор. Аммо бу эркинлик қаергача бориши керак ва Ислом учун нимани англатади, деган саволни расмийлар ҳам ўзларига беришмоқда. Жумладан, Ислом Каримов давридаги қаттиқ чекловлардан буткул воз кечиш керакми, деган масалада баҳслар бор. Яъни ҳукуматда агар Фэйсбукда исломий ўзлик, исломий ҳаёт тарзи ҳақидаги чиқишларга йўл қўйиб берилса, вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин, деган хавотир мавжуд. Биз бу каби хавотирни шу йилнинг июнидаги мулоқотлар чоғида бир неча юқори мартабали ўзбек мулозимларининг оғзидан эшитдик. Айни шу пайт, ёдингизда бўлса, кун.уз ва яна бир неча интернет нашрлар ёпилиб қолганди. Расмийлар бу муҳокамаларнинг бориши, уларнинг суръати ва йўналишини назорат қила олмаётганларидан қўрқишмоқда. Ислом Каримов даврида уларнинг асосий ишлари ҳам бу жараёнларни назорат қилишдан иборат бўлган.

Би-би-си: Сизнингча, Шавкат Мирзиёевнинг ҳибсга олишлардан хабари борми?

Стив Свердлоу: Менимча, у билади. Мирзиёев бу муҳокамаларнинг ичида. Ёдингизда бўлса, Президент яқинда журналист ва блогерлар ўз фикрларини эркин ифодалаш, қўрқмасдан савол бериш имконига эга бўлишлари керак, деган сўзларни айтган эди. Шубҳасиз, давлат Ислом дининг роли ва шу билан бирга, аёллар ҳамда озчиликларнинг ҳуқуқлари ўртасида мувозанатни таъминлаш ҳақида қайғуриши табиий. Бундай мувозанат таъминланиши лозим. Аммо бу одамларни ҳибсга олиш, уларнинг уйларига рейдлар уюштириб, ўзларини номаълум томонларга олиб кетиш йўли билан қилинмаслиги керак. Биз ҳозир яна қўрқув муҳити, айниқса Фэйсбукда хавотирларнинг кучайганига гувоҳ бўляпмиз. Бошқа блогерлар ҳам ўзларининг ҳибсга олинишларидан қўрқишмоқда. Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан вазиятни тўғрилаши, ҳибсдаги блогерларни озод қилиб, улар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиши керак. Албатта, бу блогерлар кўтариб чиққан масалаларни ҳал қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Аммо улар бутунлай бошқа форматда, семинарларда, ток-шоуларда, очиқ минбарларда муҳокама қилиниши керак. Айнан шу усул Ўзбекистон ҳукуматининг янги имиджига тўғри келади. Агар Президент Мирзиёев ҳақиқатан ҳам ислоҳотчи сифатида кўринишни истаса, хавфсизлик хизматлари ва ички ишлар идораларининг ҳам шунга ярашадиган тарзда ҳаракат қилишларини таъминлаши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek