Ўзбекистон: Ҳукумат веб-сайтларни суд қарорисиз ёпиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Интернетга янги чекловлар қатор блогерларнинг ҳибсга олиниши ортидан эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати интернетда ахборот хавфсизлигини такомиллаштиришга доир қарор чиқарган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган веб-сайт ёки блогерларнинг саҳифалари суд қарорисиз ёпилиши мумкин.

"Ҳуқуқий ахборот" каналида эълон қилинган маълумотга кўра, ҳукумат интернетда тақиқланган ахборот мавжуд бўлган ахборот ресурслари реестрини жорий қилмоқда.

Ушбу Реестрга киритилган ахборот ресурсларидан фойдаланиш чекланади.

Ҳибсдаги блогерлар: Ўзбекистон Каримов даврига қайтмоқдами?

Ўзбекистон: Ҳибсга олинган блогерлар сони 6 кишига етди

Қамоққа ташланган блогерларнинг биринчиси озодликка чиқди

Ҳукумат тасдиқлаган Низомдан англашилишича, чекловларни уч босқичда амалга ошириш режаланган.

Биринчи босқичда тақиқланган ахборот мавжуд бўлган ресурслар аниқланади. Бу вазифа Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказига юкланган.

Иккинчи босқичда ахборот ресурси Реестрга киритилади.

Учинчи босқичда эса интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини чеклаш бўйича ташкилий техник тадбирлар амалга оширилади.

Бу борадаги ваколатли орган сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш,гиёвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар ҳамда порнографияни тарғиб қилиш тақиқланган.

Қора рўйхат

Ҳукуматнинг сўнгги қарори амалда тақиқланган веб-сайтлар ва блогларнинг "қора рўйхати" тузилишини англатади.

Ҳозирнинг ўзида қатор мухолиф ва мустақил веб-сайтларга тўсиқ қўйилган эса-да, тақиқланган сайтларнинг расмий рўйхати йўқ эди.

Расмийлар бу сайтларга тўсиқ қўйилганини рад этиб келишган.

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, оммавий ахборот воситасининг фаолиятини тақиқлаш фақат суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.

Интернетга янги чекловлар Ўзбекистонда қатор блогерларнинг ҳибсга олиниши ортидан эълон қилинмоқда.

24 августдан бошланган ҳибсга олишларда Тошкент, Қўқон ва Наманганда камида 8 нафар блогер ушланган.

Уларга 10 ва 15 суткалик маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

Гарчи блогерлар маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган бўлсалар-да, уларнинг Фэйсбукдаги постлари юзасидан сўроқ қилингани айтилади.

Ҳукумат ҳибсга олишлар ҳақида сукут сақламоқда.

'Интернет душмани'

Шу йил июнида kun.uz ва xabar.uz сингари қатор веб-сайтлар бир муддат ёпилиб қолганди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бу сайтларнинг фаолиятини чеклаганини рад этган.

Сўнгги кунларда gazeta.uz сайтида узилишлар кузатилмоқда.

Қайта туғилган Кун.уз ёки журналистлар эркинми?

Бу нашрларнинг ҳаммаси веб-сайт эмас, балки оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтган.

Ўзбекистон интернет қаттиқ назорат қилинадиган давлатлардан ҳисобланади.

Париждаги "Чегера билмас мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистонни 2006 йилдан буён "Интернет душманлари" рўйхатига киритиб келади.

Сўнгги пайтларда интернетнинг ўзбек сегменти бироз эркинлашгани кузатилган.

Аммо сўнгги ҳибсга олиш ва чекловлар бу тенденцияни орқага қайтариши мумкинлигидан хавотирлар изҳор қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek