Ўзбекистон: Ҳибсга олинган блогерлар сони 6 кишига етди

Сурат манбаси, Facebook
Facebookда фаол бўлган блоггерларни ҳибсга олиш 10 кундан бери давом этмоқда. 3 сентябр кунигача ҳибсга олинган 6 блогернинг исм-шарифи Би-би-сига маълум бўлди.
Бу блогерларнинг ҳибсга олинганлиги яқинлари томонидан тасдиқланган. Уларнинг ҳақиқий сони бундан кўп бўлиши мумкин.
2 сентябр куни туш вақти Намангандан фаол блогер Дилшодбек Халилов машинасида кетаётган вақти тўхтатилиб қамоққа олинган.
Уни ушлашга орқадан келган икки аёлнинг шикояти сабаб бўлган. Дилшодбек Халилов Рамазон ойида болаларнинг масжидга қўйилишини талаб қилиб чиқиб танилган блогер эди.
Ўша куни Қўқонлик тадбиркор "Қўқон саҳоват" хайрия ташкилоти асосчиси Хуршидбек Муҳаммадрозиқов ҳам ушлаб кетилган.
Хуршидбек Муҳаммадрозиқов пулдор тадбиркор бўлганлиги ва ўзининг хусусий мактабига асос солгани айтилмоқда.
2 сентябр куни Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино-2 мавзесидаги участка нозири хонасига кириб кетган блоггер Миразиз Аҳмедов дараксиз йўқолган.
2 сентябр куни Тошкент вақти билан соат 14:00 атрофида Миразиз Аҳмедов Facebookда "Мени чақиришяпти милицияга. Дуо қилиб туринглар", деб ёзгандан бери бошқа ёзмаган.
Касби дизайнерлик бўлган тадбиркор Миразиз Аҳмедов Miraziz Design Group ширкатининг асосчиси ва раҳбари ҳисобланади.
Сурат манбаси, Facebook
Миразиз Аҳмедовга 2009 йилда ҳам тазйиқлар бўлган
Дўстларининг Би-би-сига айтишича, блогер Ибн Сино-2 мавзесида жойлашган милиция участка нозири хонасига чақиртирилган.
"Биз ташқарида 3 киши кутиб турдик. 4:30 ларда участковойнинг хонасига кириб кетди. Шу билан у ердан қайтиб чиқмади. 2,5 соатлардан кутганимиздан кейин шом намози бўлиб қолди. Ўша ердаги масжидга кириб, намозни ўқиб чиқгунимизча олиб кетишган бўлиши мумкин. Чунки бизни ичкаридан кузатиб туришган эди", дейди унинг ҳамкасбларидан бири.
Қарийб бир суткадан бери Миразиз Аҳмедовнинг қаердалиги номаълум. Унинг яқинлари Тошкент шаҳар ИИББ ва ""Панельный" даҳасида жойлашган вақтинчалик ҳибсхона орасида Миразизнинг дарагини излаб юришибди.
1977 йилда туғилган Миразиз Аҳмедов Ўзбекистондаги таниқли дизайнерлардан бири. У мамлакат бўйлаб ўзининг дизайнерлик мактабларини очаётган эди.
Facebookда фаол бўлган Миразиз Аҳмедов Ўзбекистондаги ҳодисаларга ўзининг позициясини билдириши билан танилган.
Яқинларининг айтишича, Миразиз Аҳмедов 2009 йили ҳам 15 сутка маъмурий қамоққа олиниб, Терроризмга қарши курашиш бўлими оперлари томонидан тергов қилинган. Кейинчалик қўйиб юборилган.
Сўнгги ўн кунда ҳибсга олинаётган блоггерлар билан Миразиз Аҳмедовни мактабларда рўмол ва эркакларнинг соқол қўйиш масаласида ҳукумат позициясига қарши фикрлари бирлаштириб турган.
Тақдири номаълум қолаётган блоггерлар
Facebookда Мусанниф Адҳам тахаллуси билан машҳур блоггер Адҳам Олимов 28 август куни уйида тинтув ўтказилганидан сўнг 8 кишидан иборат орган ходимлари томонидан олиб кетилган. Шундан бери Адҳам Олимовнинг қаерда сақланилаётгани унинг адвокати ва яқинларига сир тутилмоқда.
Блоггернинг бедарак йўқолгани борасида Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари, жумладан Бош прокуратура ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.
Тутқунларнинг қийноққа солинаётган бўлиши эҳтимолидан хавотирлар кучайиб бормоқда.
Тошкент ИИББ биносининг учинчи қаватида Терроризмга қарши кураш бўлими жойлашган ва ўтмишда у ерда гумондорларнинг шафқатсиз қийноқларга тутилгани маълум.
'Ноқонуний'
АҚШда истиқомат қиладиган мустақил ҳуқуқшунос Миракмал Ниёзматов Мусанниф Адҳам ва бошқа блогерларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний, дея баҳолаган.
Sof.uz нашрида эълон қилинган мақоласида ҳуқуқшунос ҳибсга олишларни "совет қатағони ва ислоҳотлар бошланмасидан олдинги ноқонуний усуллар"га қиёслайди.
Муаллифга кўра, Адҳам Олимовнинг ҳибсга олиниши "қонун устиворлиги учун жиддий синов"дир.
"Вазиятга қонуний тус бериш учун тегишли ҳукумат органлари қонунбузарликларга қарши зудлик билан чора кўриб, Олимовни озод этишлари керак", - деб ёзган Миракмал Ниёзматов.
У шунингдек, Олимовга қарши ноқонуний чора кўрган ИИБ ходимларини жазолашга чақирган.
30 август куни иш жойи Асакадаги GM Uzbekistan заводида қўлга олинган Отабек Усмонов тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда.
Майда безориликда айбланиб 15 суткага қамалган блоггер қандай шароитларда сақланаётгани номаълум.
20 дан ортиқ диний китоблар чиқарган блоггер Зиёвуддин Раҳимнинг ҳам тақдири номаълумлигича қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek