Ўзбекистон: Адҳам Олимов (Мусанниф Адҳам)га қарши маъмурий иш "ясалдими"?

  • Миракмал Ниязматов
  • Адвокат, АҚШ
Мусанниф Адҳам

Сурат манбаси, Facebook

Ўтган ҳафта Мусанниф Адҳам номи билан машҳур блогер Адҳам Олимов ҳибсга олиниб, унга қарши 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси белгилангани хабар қилинди. Унинг ҳибсга олиниши қўпол қонунбузарликлар билан амалга оширилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг Би-Би-Cи Ўзбек хизматига юборган қарор матни эса судяларнинг саводсизлиги, қонун талабларига умуман жавоб бермайдиган қарорлари билан айбсиз кишига қарши бемалол қамоқ жазоси қўллаётганларини кўрсатади.

Бу Ўзбекистонда Президенти бир йил аввал одил судловни таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарган ўта жиддий муаммолардан судялар умуман хулоса чиқармагани, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган қонун устиворлиги, одил судлов ва Ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш борасидаги ҳаракатлари алоҳида судя ва ИИБ ходимлари томонидан беписанд қилинаётганини кўрсатади.

Қуйида Олимов иши бўйича маъмурий суд қарорида айнан қандай хато ва ёлғонларни кузатиш мумкинлиги муҳокама қилинади.

1. "Очиқ суд мажлиси" бўлмади

Олимовга қарши маъмурий иш Тошкент шаҳар Олмазор туман маъмурий суди томонидан 2018 йил 29 августда кўриб чиқилди. Судя Ш. Инамджанов раислик қилган суд "очиқ суд мажлисида" кўриб чиқилгани айтилади. Аммо на Олимовнинг оила аъзолари, на адвокат мазкур суд мажлиси ҳақида хабардор этилган. Шу туфайли суд мажлисида иштирок ҳам этмаганлар. Ваҳоланки, суд Олимовнинг қаерда истиқомат қишини аниқ билган, зеро қарорда унинг манзили тўлиқ кўрсатилган.

Бундан ташқари, Олимовнинг оналари 31 август куни Бош Прокурорга ёзган аризасидан ҳам маълум бўлишича, оила аъзолари бўлиб ўтган "очиқ суд" тугул, Олимовнинг тақдири ҳақида 28 августдан бери ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганларини кўриш мумкин.

2. Важлар нимадан иборат?

Қарорда айтилишида, Олимов 28 август куни милиция ходимига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатмай, қонуний талабини бажармай, қўни-қўшнилар эътиборини тортганини, шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ бўлимига бориш таклиф қилинганида милиция ходимларига ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатгани айтилади. Бундай мужмал важлар билан ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини қамаш мумкин. Раислик қилган судя Ш. Инамджанов қуйидаги саволлар ҳақида аниқ маълумот бериши шарт эди:

- Милиция ходимлари кимлар эди? Уларнинг аниқ исм-шарифлари нима?

- Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар Олимовдан қаерда (аниқ манзир, чорраҳа ва ҳкз.), қачон (аниқ соат вақти), нима сабабдан талаб қилинди?

- Қайси қўни-қўшнилар ҳақида гап кетаяпти? Нимага уларнинг исмлари аниқ келтирилмаган? Нимага 29-август куни бўлиб ўтган "очиқ суд мажлисида" гувоҳ сифатида қатнашмадилар?

- Милиция ходимлари ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш айнан қандай амалга оширилди?

Қолаверса, Олимовнинг асосий "қонунбузарликлари" юқорида санаб ўтилганлардан иборат бўлса, нимага ИИБ ходимлари унинг уйига иш вақтидан кейин соат 18:00ларда келиб, ўзини таништирмасдан, ҳеч қандай санкция тақдим этмасдан, ноқонуний тинтув ўтказиб, Олимовни кечки соат 20:00'да ҳибсга олганлар?

3. Суд ҳатто "ҳуқуқбузарнинг" исмини билмайди

Мазкур ишда "ҳуқуқбузар" блогернинг исми Адҳам Олимов. Аммо суд қарорида ҳуқуқбузар "З.Кабиров" эканлиги айтилганини ҳам кўриш мумкин. Ўқувчи ишониши учун қарорнинг тегишли қисмидан тўлиқ иқтибос келтираман:

"Суд, дастлабки суриштирув органлари томонидан, ҳуқуқбузар З.Кабировнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтК моддасининг 194-моддасининг 1-қисми, 195-моддасида тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди."

Ушбу ишда суд эски З. Кабиров иши бўйича тузилган қарордан фойдаланганини кўриш мумкин. Фақат исмлар ўзгартирилган, аммо қарордан келтирилган биронта важ асослаб берилмаган.

4. МЖтКнинг 194 ва 195-моддаларининг қўлланилиши асослими?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 194-моддасининг 1-қисми милиция ходимининг ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш қонуний талабларини бажармаслик учун маъмурий жазо белгилайди.

195-моддада эса милиция ходимининг ўз вазифаларини бажаришга тааллуқли қонуний талабларини бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват қилиш, худди шунингдек милиция ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмаларни тарқатиш учун маъмурий жаво белгиланган.

Аммо юқорида кўрсатилгани каби, суд ИИБ ходимининг ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш талабини бажармаслик айнан нимада намоён бўлганини, қаерда, қачон, қайси гувоҳлар иштирок этгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди.

Жиддийроқ муаммо 195-модданинг қўлланилиши билан боғлиқ, зеро айнан шу модда асосида Олимовга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Мазкур модданинг қўлланилиш учун 1) қонуний талабларини бажармасликка омма олдида даъват қилиш, ва/ёки 2) милиция ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмаларни тарқатиш исботланиши керак. Аммо судя Ш. Инамджанов юқоридаги талабларни исбот қилиш тугул, муҳокама ҳам қилмайди. Жумладан, суд "омма олдида даъват қилиш" ва "атайин сохта уйдирмаларни тарқатиш" Олимов хатти-ҳаракатларида қандай намоён бўлганини кўрсатмайди.

5. Бўм-бўш далиллар

Судя Ш. Инамджанов ўз қарорини 1) Олимовнинг иқрори; 2) Ш. Муродбековнинг тушунтириш хати; 3) ма'мурий ишда мавжуд булган билдирги ва 4) тушунтириш хатлари билан асослайди. Биринчидан, Олимовнинг ноқонуний ҳибсга олиниши ва унинг ҳалигача қаерда эканлиги сир сақланаётгани унинг иқрори тақиқланган усуллар билан, жумладан қийноқлар, таҳдид ва босим ўтказиш орқали олингани ҳақида шубҳа қилишга етарли асос беради.

Иккинчидан, тушунтириш хати берган "Ш. Муродбеков" ўзи ким? У берган хатнинг мазмуни нимадан иборат? Булар ҳақида суд ҳеч қандай маълумот бермайди. Учинчидан, ишда мавжуд бўлган билдиргилар нима ҳақида ва уларда Олимовнинг қонунбузар, деб топилиши учун қандай асослар бор? Тўртинчидан, қолган тушунтириш хатлари ким томонидан берилган ва уларнинг мазмуни нима? Мазкур саволларга аниқ жавоб бермасдан ҳар кимни туҳмат билан қамаб юбориш мумкин. Ва бунинг яққол мисолини Олимов ишида кўраяпмиз.

Суд қарори икки бет ҳам чиқмаслигига қарамасдан, унда юқорида санаб ўтилган қўпол хатоларни кўриш мумкин. Энг хавотирлиси, мазкур хатоларга йўл қўйган судя қарорлари билан шу кунгача минглаб киши жазога тортилган бўлиши мумин. Бундай ҳолатларга тегишли давлат идоралари зудлик билан муносабат билдириб, қонуний чора кўришлари шарт. Акс ҳолда қонун устиворлиги ва ҳуқуқий давлат қуриш борасидаги ислоҳотларга бўлган ишонч ва умид тез орада бутунлай синади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek