"Ҳибслар Ўзбекистон қонунларига зид амалга оширилмоқда"

Ҳибсга олинган блогерлар

Сурат манбаси, .

Интернет ижтимоий тармоқларида фаол Ўзбекистон ичкарисида истиқомат қиладиган инсонлар Ички ишлар идораларига чақирилмоқдалар, социал тармоқлардаги фикр-мулоҳазалари учун жавобгарликка тортилишлари мумкинлигидан огоҳлантирилмоқдалар.

Жамиятда ёппасига қўрқувни юзага келтираётган сўнгги ҳибслар Ўзбекистон Конституцияси ва қонунчилигига зид амалга оширилаётгани ҳақида бонг урмоқдалар ҳуқуқшунос ва ҳуқуқбонлар.

4 сентябргача Би-би-си камида олти блогер ҳибсга олингани ҳақидаги ишончли ахборотга эга бўлди.

Улар Фейсбукда Мусанниф Адҳам тахаллуси билан танилган Адҳам Олимов, Зиёвуддин Раҳим тахаллуси билан бир неча диний мавзудаги китоблар нашр этган Зиёвуддин Кабиров, Асакадаги GM Uzbekistan заводида қўлга олинган Отабек Усмонов, тошкентлик дизайнер Миразиз Аҳмедов, наманганлик блогер Дилшодбек Халилов ва қўқонлик тадбиркор Хуршидбек Муҳаммадрозиқов.

Сурат манбаси, Facebook

Фейсбукда фаол бўлган яна бир неча блогер 10 кунлардан буён "кўринмай қолган"лар, уларнинг ҳам ҳибсга олинган бўлишлари мумкинлиги ҳақидаги тахминлар билдирилмоқда.

АҚШда истиқомат қиладиган инсон ҳақлари фаоли Мирраҳмат Мўминов Фейсбукда Тўлқин Астанов, Эркин Сулаймонлар ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Ferghana.ru ахборот агентлиги наманганлик блогер Тўрабек Боймирзаевнинг саҳифаси 27 августдан буён янгиланмаётгани ҳақида ёзди.

Диний мавзудаги постларни ўзининг ижтимоий тармоқларида эълон қилиб келган бир неча Фейсбук фойдаланувчилари Би-би-си билан суҳбатда орган ходимлари томонидан Ўзбекистон қонунларини бузаётгани, оммавий тартибсизликларга чақираётгани учун жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганларини айтдилар.

Бундан олдин Фейсбукда Муҳаммад Шакур номи остида танилган блогер Шокир Шарипов Тошкент вилояти Қибрай туман милициясига олиб борилган, унга нисбатан "оммавий тартибсизликка чақириш" ва "пропискасиз яшаш" бўйича маъмурий иш очилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат Хавфсизлик хизмати сўнгги ҳибслар ва огоҳлантиришлар ҳақида маълумот бераётганлари йўқ.

Аммо ҳибсга олиш, "идорага суҳбатга олиб бориш" ёки уйларни тинтув қилишда иштирок этган масъул ходимлар ўз гувоҳномаларини кўрсатмаяптилар, ўзларини таништирмаганлар.

Ушбу ҳолатлар кучишлатар тизимлари ходимлари ҳали ҳам эскича иш юритишдан воз кечмаганларини кўрсатади.

Ҳуқуқшунос ва ҳуқуқбонлар эса сўнгги ҳибслар тўлқини Ўзбекистондаги ислоҳотлар учун навбатдаги синов эканига урғу бермоқдалар.

Сурат манбаси, facebook

АҚШда фаолият юритадиган мустақил ҳуқуқшунос Миракмал Ниязматов сўнгги ҳибслардаги қонунбузарликларни санаб ўтган.

Хусусан, Мусанниф Адҳамни уйидан олиб кетишда прокурор санкцияси борлиги, аммо унинг қариндошларига бирор-бир ҳужжат кўрсатилмагани мисоли.

Миракмал Ниязматов sof.uz веб-сайтида эълон қилган мақоласида қуйидагиларни ёзади:

"Қайси ҳуқуқлар бузилди? 2016 йил 16 сентябрда "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди, 2017 йил 16 мартда кучга киради. Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида урғу беради. Жумладан, 8-моддада Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида: [1] ўз лавозимини; [2] унвонини; [3] исм-шарифини; [4] фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт дейилади. Ички ишлар ходими мазкур хатти-ҳаракатларни бажаргандан кейингина мурожаат қилишининг сабабини ва мақсадини маълум қилиши шарт. Мазкур ишда эса ИИБ ходимлари ўзларини таништирмадилар, ҳеч қандай гувоҳнома кўрсатмадилар. Олимовни ҳибсга олишга рухсат берувчи санкцияни тақдим этмадилар. Уйга иш вақтидан кейин келиш ва тинтув ўтказиш сабаби ва зарурати ҳам айтилмади.

8-моддада фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабаби ҳамда асослари, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтирилиши шарт. Мазкур ҳуқуқ ва мажбуриятлар доирасига оила аъзоларига ва/ёки адвокат билан боғланиш ҳуқуқи ҳам киради. Демак, ушбу қонун талаблари амалда бажарилганда, блогер Олимов аллақачон аҳволи ва қаердалиги ҳақида оиласига хабар берган бўлар эди. Аммо ҳозирги вазият ундай эмас. Маъмурий чора кўрилган, аммо унинг қаерда эканлиги ҳалигача номаълум.

9-моддада Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда амалга ошириши белгиланган. Бу дегани, Олимовнинг оила аъзолари ИИБ ва/ёки прокуратура билан боғланганда тўлиқ маълумот олишлари керак эди. Қонуннинг мазкур талаби ҳам қўпол бузилмоқда. Олимовнинг оила аъзолари турли давлат органларига мурожаат қилишларига ва ҳибсга олинганига уч кун ўтганлигига қарамай Олимов қаердалиги ҳақида маълумот ололмадилар.

Қолаверса, Жиноят Процессуал Кодексининг 217-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги мажбурлов чорасини қўллаганида, бу ҳақда 24 соатдан кечиктирмасдан унинг оила аъзоларидан бирига маълум қилиши шарт. Мазкур талаб ҳам бажарилмади. Ҳибсга олинганидан кейин қарийб уч кун ўтганлигига қарамасдан Олимовнинг қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Олимов нимага зудлик билан озод этилиши керак?

Олимовга қарши кўрилган чораларнинг биронтаси қонун асосида амалга оширилмагани учун, у зудлик билан озод этилиши, маъмурий қамоқ жазоси бекор қилиниши, унга қарши ноқонуний чора кўрган ИИБ ходимлари эса жазоланиши керак. Оиласидан олинган маълумотларга кўра, 28 август кечки 18:00да бошланган мажбурлов чоралари қатор қонунбузарликлари билан амалга оширилган. ИИБ ходимлари ўзларини таништирмаган, ҳибсга олиш учун санкцияни тақдим этмаганлар, ноқонуний тинтув ўтказиб, далолатнома тузмасдан бир неча электроника ашёларини олиб чиқиб кетганлар.

29 август куни маъмурий суд бўлиб ўтиб, унга 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани айтилади, аммо суд мажлиси ҳақида на Олимовнинг оила аъзолари, на адвокат хабардор этилган. Шу туфайли суд мажлисида иштирок ҳам этмаганлар. Блогернинг қаердалигини ўрганиш учун 3 кундан бери ИИБ ва прокуратурага қилинган турли мурожаатлар жавобсиз қолган, Олимовнинг қаердалиги ҳамон номаълум.

Юқоридагилар Ўзбекистонда қонун устиворлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар учун жиддий синов. Халқнинг ислоҳотлар ва Ички ишлар ходимларига қарши бўлган ҳурмати ва ишончи ошиб бораётган вақтда, мазкур ҳодиса ҳукумат обрўсига жиддий путур етказиши мумкин. Бунга йўл қўйилмаслиги учун Олимов ва бошқа блогерлар озод этилиши, қўпол қонунбузарликларга йўл қўйган ИИБ ходимлари жазога тортилиши керак. Акс ҳолда қонунлар, қарорлар ва Президент топшириқлари қоғозда қолаётгани, амалда эса ҳеч қандай жўяли ўзгариш бўлмаяпти, деб айтаётганларнинг овози баландроқ эшитилади".

4 сентябр куни Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими Би-би-сига ҳибсга олинган блогерлар ҳақида янги ахборот йўқлигини билдирди.

Блогерларнинг аксари Ўзбекистонда янги жорий қилинган мактаб ўқувчилари формасига муносабат билдирганлар, ўқув муассасасига қиз боланинг рўмол ўраб бориши тақиқланганига танқидий фикр билдирганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek