Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқига нима бўлади?

Бу икки ўзбек жангари гуруҳининг минтақадаги энг яқин иттифоқчисидан бири сифатида кўрилган "Ҳаққоний" тармоғининг асосчиси ва собиқ лидери Жалолиддин Ҳаққоний "ўлган".

Ўзи ва тармоғининг шафқатсизлиги билан ном чиқарган мужоҳиддин қўмондонининг вафот этганига оид хабар Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан эълон қилинган.

Аммо ҳаракат Жалолиддин Ҳаққонийнинг аниқ қачон ва қаерда кўз юмгани тафсилотларини ошкор қилмаган. Унинг неча ёшда бўлгани ҳам маълум эмас. 79 ёшда экани ишонилади.

Йилларки, Афғонистон Толибон ҳаракатининг иккита энг яқин иттифоқчисидан биттаси бўлган тармоқнинг ўзи бу хусусда ҳозирча жим.

Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўлганига оид хабарлар бундан олдин ҳам кўп бор ўртага чиққан, аммо ҳеч қачон ўзининг исботини топмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо 2001 йилда ўғли Сирожиддин Ҳаққоний отасининг "ўрнига ўтиргани", тармоқ лидерлигини ўз қўлига олгани ишонилади.

Жалолиддин Ҳаққоний 1996 йилда Толибон билан иттифоқчиликка киришган, "ал-Қоида" тармоғи билан ҳам алоқалари яхши бўлган.

Афғонистонда Исломий амирлиги ҳукмрон экан, Толибон ҳукуматида вазирлик мақомида бўлган.

"Ал-Қоида" тармоғининг Афғонистондан бошпана топишига "ҳиссаси" озмунча бўлмагани айтилади.

"Ҳаққоний" тармоғи ИШИД сизиб кирган яқин йилларга қадар минтақадаги энг шафқатсиз жангари гуруҳ сифатида эътироф этилган.

Асосан Покистондан туриб фаолият юритиши тахмин этилса-да, тармоқ сўнгги яқин йиллар ичида Афғонистонда уюштирилган энг қонли , энг йирик мувофиқлаштирилган ҳужумларга масъул, деб билинади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати парчаландими?

Ўзбекистонга қудратли армия керакми?

'Ҳаққоний' тармоғи раҳбарининг ўғли қўлга олинди

Покистонда Ҳаққоний тармоғи етакчиларидан бири ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Сўнгги ўн йилликда айрим ҳарбий нашрларда Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқининг Афғонистондаги ҳужумларини уюштиришида тармоққа фаол кўмак берганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

"Ҳаққоний" тармоғи яқин-яқингача Толибон ҳаракати ва "ал-Қоида" тармоғи билан бирга бу икки ўзбек жангари гуруҳининг Афғонистон ва Покистондаги энг муҳим ва яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилган.

Шундай экан, тармоқ асосчиси ва собиқ лидерининг ўлими уларнинг жангарилик фаолиятида қандай акс этиши мумкин? Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерсга мурожаат қилди:

Пол Рожерс: Бу уч жангари гуруҳ ўртасидаги алоқалар шу пайтгача анчайин мустаҳкам, десак хато бўлмайди. Тан олиш керак, "Ҳаққоний" тармоқ сифатида кенг илдиз отган. Қолган жангари гуруҳлар орасидан нисбатан йириги. Шароитга қараб, улар билан бемалол иттифоқчиликка кириша олган гуруҳ. Асосчиси Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўлими ҳозир тармоқ учун жиддий йўқотиш бўлмаслиги мумкин. Сўнгги ўн йилда минтақадан унинг Паркинсон хасталигига чалингани, тўшакка михланиб қолгани ҳақида турли хабарлар олинган. Уч-тўрт йилдан буён эса, вафот этганига оид хабарлар ҳам айланиб юрганди. Аммо, шунда ҳам, Жалолиддин Ҳаққоний тармоқ учун рамзий маънода муҳим аҳамият касб этган. Сўнгги бир неча йилдан буён тармоққа унинг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний бошчилик қилиб келган. Сирожиддин Ҳаққоний Афғонистон Толибон ҳаракати лидерининг муовини ҳам бўлади. Тармоқ унинг бошчилиги остида ҳам бемалол фаолият юритишга қодир бўлган. Шу боис ҳам, Жалолиддин Ҳаққоний тармоқ асосчиси ва илк лидери сифатида ёдда қолиши табиий. Аммо унинг ўлими тармоқнинг фаолиятини издан чиқариш даражасида катта таъсирга эга воқеълик бўлмайди. Шу боис ҳам, бунинг, менимча, "Ҳаққоний" тармоғининг ўзбеклари дохил қолган жангари гуруҳлар билан алоқаси, иттифоқчилигига тўғридан-тўғри таъсир қилмайди.

Би-би-си: Пол, айниқса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати назарда тутилганда, бу гуруҳ 2015 йилда тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган. Тўғри, орада ҳаракат сафлари парчалангани, ажралиб чиққан ўзагининг ИШИДдан юз ўгириб, яна Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарига юз бурганига оид хабарлар ҳам олинган. Толибон ИШИДни ўзига "ашаддий рақиб" сифатида кўради. Шундай экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати қандай қилиб "Ҳаққоний" тармоғи билан яқин алоқасини тутиб қолган бўлиши мумкин?

Пол Рожерс: Бу каби жангари гуруҳлар ўртасидаги иттифоқлар ҳеч қачон мунтазам кўриниш касб этмаслиги билан диққатга лойиқ. Улар замон, макон ва вазиятга қараб ўзгариб туради. Бу масалада ҳам худди шундай. Тўғри, айниқса, қанчалик шафқатсизлиги назарда тутилганда, ИШИД сони оз эса-да, Афғонистондаги энг муҳим жангари кучлардан бири. Лекин, шунга қарамай, Толибон ҳаракати бутун "Ҳаққоний" тармоғи билан бирга афғон ҳукуматига қарши реал мухолиф, исёнчи куч сифатида кўрилади. Чунки "Ҳаққоний" тармоғини Толибондан буткул юз ўгирди, дейиш хато бўлади. Бу узоқлашув вақтинчалик ёки жўғрофий омиллар туфайли бўлиши мумкин, холос.

Би-би-си: Ҳам Покистон ва ҳам Афғонистондаги фаолияти назарда тутилса, "Ҳаққоний" тармоғи билан иттифоқчилик ҳозир Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи учун қанчалик муҳим?

Пол Рожерс: Бу саволга бир сўз билан жавоб бериш қийин. Аммо, менимча, бунинг энг муҳим жиҳати "Ҳаққоний" тармоғининг фаолияти билан боғлиқ. Чунки тармоқ узоқ йиллар давомида ўзининг қанчалар жангари эканини амалда исботлаб келган. Толибон ҳаракатининг энг қудратли, собит ва яхлит бўлаги бўлади. Шундай экан, бунга ўхшаш гуруҳлар билан қандайдир алоқада бўлиш сизга ўзингизда бўлмаган жангари қудратга эга бўлиш имконини беради.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аввалбошда Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳозирда марҳум асосчиси ва илк лидери Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтирган.

Ҳаракат 2000-йиллар бошларида Афғонистонда фаол бўлган "ал-Қоида" тармоғининг ҳам яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан Афғонистондан қочиб, Покистондан паноҳ топган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ва унинг халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришидан қисқа вақт ўтмай эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати яна тўлиғича Афғонистонга қайтганликларини расман баён қилганди.

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида 2015 йил ёзидан буён олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ортидан, ҳаракат аъзоларининг бугунги сони маълум эмас.

Аммо афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Расмий Тошкент сўнгги бор "Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир"ини ўтган йил август ойида изҳор этган.

Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила "хавотир билдирган" гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.

Ҳаракат қарийб йигирма йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида - Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.

Музокаралар Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида ИШИД байроғи остида қайта фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилган.

Шу йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.

Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.

Исломий Жиҳод Иттифоқи

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳига 2002 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан жангарилар томонидан Покистонда асос солинган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг ишонишларича, гуруҳ шу пайтгача Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан мустақил фаолият олиб боришга ҳаракат қилиб келади.

Агар, гуруҳнинг 2015 йил ўрталарида эълон қилган баёнотига ишонилса, Афғонистоннинг жанубий ва шарқий минтақаларидан ташқари, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларида ҳам Толибон ҳаракати, "ал-Қоида" тармоғи ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати жангарилари билан бир сафда жанг олиб боришган.

Афғонистон шимолидаги жангарилари аллақачон Афғонистон Толибон ҳаракатининг янги лидери Мулла Ахтар Мансурга байъат келтириб бўлишган.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳи аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ рақамлар йўқ. Аммо 2008 йилги маълумотларда уларнинг сони 200 нафар атрофида экани тахмин этилганди.

Агар, айрим хабарларга ишонилса, уларнинг орасида ўзбекистонликлардан ташқари, яна Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Покистон фуқаролари ҳам бор.

Гуруҳга Нажмиддин Жалолов номли шахснинг бошчилик қилиши ишонилади.

Бош қароргоҳи Покистоннинг Афғонистонга чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида экани айтилади.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" орада Оврўпода террорчилик амалларини режалаштиришда ҳам гумон қилинган.

Гуруҳ Олмониядаги Америка муассасаларига ҳужумлар уюштиришни режалаштиргани айтилганди.

Иттифоқ 2015 йилда Афғонистоннинг "Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларини назорат қилаётганликлари"ни иддао қилган.

"Маҳаллий халқ орасида кўплаб "тарафдорлари ва мухлислари бор"лиги, "Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётгани"ни айтган.

Гуруҳ чегаранинг "заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани"ни ҳам даъво қилган, аммо кейинги режалари ҳақида бирор бир маълумот бермаганди.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи"нинг Афғонистон ёки Покистондаги "Исломий Давлат" жангарилари билан қандай алоқада экани, ҳозирча, маълум эмас.

"Ҳаққоний" тармоғи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ "Ҳаққоний" тармоғини ўзининг "ашаддий душмани", деб билади, "афғон урушидаги асосий кучлардан бири" сифатида эътироф этади.

2012 йилда гуруҳни "террорчи ташкилотлар" рўйхатига ҳам киритган. Лидери Сирожиддин Ҳаққоний дохил бир қанча аъзоларининг "бошлари"га мукофот пуллари ҳам тиккан.

"Ҳаққоний" тармоғи сўнгги олти йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам "қора рўйхати"да туради.

"Ҳаққоний" тармоғи Толибон билан бир сафда Афғонистонда жанг олиб бораётган учта йирик исёнкор гуруҳдан бири, аммо энг хатарлиси саналади.

Гуруҳнинг Афғонистонга худкушлик ҳужумларини олиб киргани ва қатор шов-шувли ҳужумлар ортида тургани ишонилади.

Яқинда Сирожиддин Ҳаққоний эндиликда Покистонда бошпана топишларига ҳожат қолмаганини иддао қилган.

Тармоқнинг Афғонистонда бемалол фаолият олиб боришаётганини баён қилган.

Покистон расмийлари "Ҳаққоний" тармоғи Афғонистонда ташкил топган гуруҳ, дейишади.

Бироқ вазиятни яхши биладиган журналистларга кўра, ташкилотнинг Покистонда чуқур илдизлари бор.

Бу эса, кўп йиллар давомида бу тармоқнинг Покистон Жосуслик хизматлари билан алоқаси мавжуд, деган гап-сўзлар тарқалишига олиб келган.

Аммо бу айбловларни расмий Исломобод буткул рад этади.

"Ҳаққоний" тармоғига қирқ йилча бурун, Афғонистоннинг собиқ Шўролар Иттифоқи томонидан ишғоли пайтида асос солингани айтилади.

Жалолиддин Ҳаққоний Шўролар ишғолига қарши жанг олиб борган мужоҳиддин қўмондонларидан бири бўлган.

Ўша пайтда унинг "Америка ва қатор Ғарб давлатлари томонидан дастакланган"и ҳам ишонилади.

Аммо, лекин, бироқ...

Минтақавий таҳлилчилар орасида Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўлимига оид хабар манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракатининг баёнотини савол остига олаётганлари ҳам йўқ эмас.

Покистонлик етакчи таҳлилчилардан бири бўлган Аҳмад Рашид улардан бири бўлади.

"Биз энг аввало Жалолиддин Ҳаққоний ростдан ҳам ўлганига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Чунки унинг бундан анча йиллар аввал Покистон касалхоналаридан бирида ўлганига оид хабарлар олинган. Кейин Абу Дабида....Даволанаётган пайтда Саудия Арабистонида...Энди эса, яна унинг ўлганига оид яна бир хабар чиқиб турибди", - дейди таҳлилчи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимиз шу ўринда Жалолиддин Ҳаққоний ўлимига оид хабарнинг қачон эълон қилингани вақтига ҳам эътибор қаратади.

Унинг айтишича, сўнгги янгилик АҚШ Давлат Котиби Покистонга сафар қилиши, расмий Исломободни Кобул билан музокаралар столига ўтириши учун Толибон ҳаракати ва "Ҳаққоний" тармоғига янгитдан босим ўтказиши кутилаётган бир пайтга тўғри келган.

"Агар, бу гал Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўлганига оид хабар рост бўлса ҳам, йилларки, унинг ўғли тармоқни рисоладагидек юритиб келмоқда, Шундай экан, бундан кейин ҳам у бунга муваффақ бўлади", - дейди таҳлилчи Аҳмад Рашид.

"Устига устак, у тармоқни жуда шафқатсизлик билан бошқармоқда. Бунга Кобулда худкушлик ҳужумлари ва машина воситасида уюштирилаётган портлашларнинг қанчалик фаоллашиб бораётгани мисол".

Таҳлилчига кўра, "Ҳаққоний" тармоғи ростдан ҳам Афғонистоннинг Покистонга чегарадош қатор шарқий вилоятларида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқига бошпана бериб келган. Жангариларини тайёргарликдан ўтказган".

"Ҳаққоний тармоғининг таълимини олиб, кўплаб Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари худкуш ҳужумчиларга айланишган".

"Ҳа, шундай экан, Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўлими уларга берилган жиддий зарба бўлади", - дейди у.

"Аммо, энг аввало, биз унинг ростдан ҳам ўлган-ўлмаганига ойдинлик, аниқлик киритиб олишимиз лозим".

Бу таҳлилчига кўра ҳам, икки ўзбек жангари гуруҳи учун "Ҳаққоний" тармоғи билан иттифоқчилик жуда муҳим аҳамиятга эга.

Аҳмад Рашиднинг айтишича, "бу уларга ҳам Покистон ва ҳам ташқи дунёга "йўл очади". "Ал-Қоида" ва бошқа араб жангари гуруҳлари билан мулоқотда бўлишларига имкон беради".

"Ҳаққоний" тармоғи бутун ҳаракатнинг фаолиятида муҳим ўрин тутиб келган. Биз ҳозир минтақадаги бу жангари гуруҳлар орасидаги ҳамкорликнинг кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз...", - дейди сўзининг якунида таҳлилчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek