Туркистон жадидлари: Германиядан қайтиб отилган шифокор Баҳовуддин Аминжонов

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bahrom Irzayev
Image caption Баҳовуддин Аминжонов отилганида 34 ёшида эди

Юксак руҳим юрагимнинг жон озиғи, шоҳидир,

Етай-етмай бори-бирдир даргоҳига бораман.

Йўлларимда тўсиқ кўпдир, локин сира қўрқмайман,

Барчасини ботирларча уруб-йиқиб ўтарман.

Меним кўнглим денгиз каби, кўклар каби эркиндир,

Аччиқ алам, ғурбатларни, билдирмасдан ютарман.

Шокир Сулаймон. Ўқуғувчи товуши, Туркистон газетаси. 1923 йил 21 январь.

Ўзбекистонда ҳар 31 август Қатағон қурбонларини ёд этилади. Би-би-си Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаевнинг 1920-йилларда хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақидаги мақолаларини эътиборингизга ҳавола этади.

1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) томонидан йўлланган 55 талаба орасида Баҳовуддин Аминжонов ҳам бор эди.

Баҳовуддин 1904 йил Бухоро шаҳрида мударрис хонадонида таваллуд топган. Отаси Аминжон Зиёвуддинов "Ёш бухороликлар" партиясининг фаолларидан бўлиб, Бухоро тарихи билимдони эди. Аминжон Зиёвуддинов 1920 йил амирликнинг ағдарилиши натижасида вужудга келган БХСРда қатор нуфузли вазифаларда ишлаган.

Баҳовуддин дастлаб жадид мактабида савод чиқарди, сўнг мадраса таълимини олиб форс, араб тилларини мукаммал эгаллади.

1922 йилнинг кузида отаси Баҳовуддинни Германияга таҳсил олишга юборди. Бухоро ҳукумати томонидан Германияга йўлланган талабалар учун масъул этиб тайинланган Олимжон Идрисийнинг маълумотига кўра, табиатан нозик Баҳовуддин Германияда бир қанча вақт даволанишга мажбур бўлди, лекин ўзи билан борган ўқувчилар ўртасида ўта иқтидорлилиги билан ажралиб турди.

У аввал Азиз Хўжа, Саттор Жаббор, Вали Қаюмлар билан хусусий ўрта мактабда таълим олди. Шундан сўнг тиббиёт соҳасида таълим олишга киришди ва Берлин университетининг тиббиёт факультетида ўқишни давом эттирди.

Баҳовуддин ватанда мавжуд оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволдан жуда яхши хабардор эди. Минтақада сил каби юқумли касалликлар авж олиб кетган, совет давлатида эса унга қарши кураш учун на пул, на тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари бор эди.

Шунинг учун, Баҳовуддин Туркистон матбуотининг тўнғичларидан бўлган "Ер юзи" журналидаги ўз чиқишларида инсон соғлиғи учун энг зарур ва энг камхарж йўл сифатида жисмоний тарбия масаласини илгари суради. У халққа мурожаат этиб: "... Соғлиқни сақлаш илми бизга айтадир-ким, одамнинг соғлиғини сақлаш учун кўп ва яхши ҳаракат қилиш, баданга фойдалик овқатлар олиш, фойдалиқ материаллардан кийим кийиш, уй-жойни ёруғ ва тоза ҳаволиқ қилиш керак."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bahrom Irzayev
Image caption Баҳовуддин Аминжоновнинг "Ер юзи" журналидаги мақолаларидан бири

"Бизнинг бутун танимизнинг оғирлиғи, туғулғондан тамоман катта бўлгунча йигирма бир маротаба оғир бўладир... Яъни, бола туғилғон вақтида унинг тамом оғирлиғи беш қадоқ бўлса, бундан тақрибан икки қадоғи азала (мускул)лардир. Бу бола ўсиб бир юз беш қадоқ оғир бўлғонда, унинг ёлғиз азалалари етмиш саккиз қадоқ бўладир. Мана бунга қараганда, азалаларнинг бошқа тан аъзоларига қараганда қанча кўп ўсишга мухтож бўлгони кўриладир."

"Азалаларни ҳаракат қилдирмасак, ҳаракатнинг озлиғи ва бадан ҳаракатларидан қочиш юзасидан бизнинг ақлимиз ва табиатимизнинг кучи озаядир, ҳам биз ҳаётнинг яхшилиқларини кўра олмаймиз. Азалаларни яхши, ўзини кучлик ва мунтазам ҳаракат қилдириш юзасидан бизга тозалиқ, кучлик, куч ва шодлиқ келадир. Лекин, бир шарт бор: бадан тарбияси билан амалий суратда машғул бўлмоқ керак" дейди ёш талаба.

Кейинги мақоласида у амалий тавсияларга ўтади: "Тан ҳаракатларининг бизга тегадургон фойдаларидан бири ва муҳими инсоннинг нафас олиш аппаратига, умуман нафас олишға ва қон юришига бўлғон таъсиридир. Биз тан ҳаракатлари қилиб аъзоларимизни ишлаттирганимизда уларга кўпрак ҳаво, тўғрироқ айтганда ҳавонинг бешдан бир бўлаги бўлган "муваллид ул-ҳамуза" (кислород) ғози (гази) керак бўладир ва буни эса биз ўпкамиз орқали оламиз. Биз қанча кўп тан ҳаракати, испурт қилсак шунча кўп нафас оламиз. Бу эса бизнинг фойдамиздир. Биз томошаға чиқиб бир икки чақирим юрсак, нафас олишимиз одатдагидан икки ярим мисли ортадир. Узоқроқ вақт, бир, икки соат юрсак, тўрт-беш мисли, агар тоғларга чиқсак олти мисли, тез чопсак 12 мисли ортадир... Юриш, чопиш, тоққа чиқиш каби ҳаракатлар билан ихтиёрсиз кўпроқ нафас олиш ўрнига, ўзимиз уйдан ташқарига чиқиб қаттиқ-қаттиқ нафас олсоқ ҳам бўлади... Ўпкамиз кучлик бўлса, ҳар хил ёмон касалликларнинг микроблари ўпкамизга кирганда унда жон ола олмайдир ва ўпкамиз бу микрўблар билан муваффақиятлик суратда курашадир. Бу касалликларнинг бири ва энг ёмони тубиркулўз (сил) дир. Ўпка кучлик ва соғ бўлганида бу микрўблар ҳеч нарса қила олмайдирлар ва биз соғ қоламиз. Мана, тан ҳаракатлари вужудни, ўпкаларимиз соғлом қиладир, ҳар хил касалларга муқобала қилишда қуролланган бўладир".

1928 йил совет ҳукумати Баҳовуддинга ўқиш учун стипендия беришни тўхтатди. У мавжуд вазиятда туркистонлик талабаларнинг етакчилари Аҳмад Наим, Саттор Жаббор, Саид Али Хўжаларга маслаҳат солади. Улар таҳсилни тугаллаш мақсадида маблағ топиш имкониятларини қидира бошлайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ullstein bild Dtl./Getty Images
Image caption Берлин Университети тиббиёт ходимларини тайёрлашда дунёдаги энг илғор масканлардан эди

Аҳмад Наим сўнг Польша элчихонасига бориб, Баҳовуддин Аминжоновга ўқишини тугатиши учун ёрдам сўрайди. Улар буни СССРнинг Германиядаги ваколатхонасидан яширишга қарор қилгандилар. Чунки, бу пайтда СССР ваколатхонаси талабаларнинг ҳамма ҳаракатларини кузатувга олиб, уларнинг таълимни тугатмасдан қайтариб юбориш учун барча чораларни кўраётган эди.

Баҳовуддин 1929 йил январь-февраль ойларида Варшавада бўлиб, Польша ҳукуматидан ёрдам олишга эришди. У қувончли хабар билан Берлинга қайтганида, воқеалардан хабар топган совет маъмурлари уни куч билан Ўзбекистонга қайтариб юборди.

СССРга қайтган Баҳовуддин 1931 йил Ўрта Осиё Медицина институтида якунлади ва дипломни олиши билан ишга Ялтадаги "Ўзбекистон" санаториясига йўлланма олди.

Беш йил хизмат қилиши ортидан ишдан олиниб Тошкентга юборилди. Тошкентдаги Республика тубдиспансери, яъни сил касаллигини даволашга ихтисослашган шифохонада иш бошлаган Баҳовуддин эндина 33 ёшни қаршилаган онларида, 1937 йилнинг январида уни шўро жаллодлари йўқлаб келдилар.

"Катта қирғин"

1937 йил 24 январь куни Баҳовуддин Аминжонов 1922-29 йилларда Германия ва Польшада ўқиган, "Мустақил Туркистон" аксилсовет ташкилотининг аъзоси, Польша разведкасига жосуслик мақсадида ёлланган, деган туҳматлар асосида қамоққа олинди.

Унинг ортидан турмуш ўртоғи Танзила ва 3 ёшли қизи Суриялар қон йиғлаб қолдилар.

Дастлабки сўроқданоқ унинг таҳсилни тамомлаш мақсадида пул топиш учун Польшага бориши воқеаси зўр аксилсовет фаолият сифатида кўрилди.

НКВД терговчилари томонидан тайёрланган сўроқ баённомасига кўра, унинг Берлин шаҳрининг Шенеберг туманидаги Хауптштрассе кўчаси, 96-уйда яшовчи Артур Меркшга қўнғироқ қилгани, Германияда ўқиётган дўсти Афзал Абдусаидга хат ёзгани, 1931 йил Саттор Жаббор Германиядан келиб, биринчи бўлиб Баҳовуддиннинг уйига боргани каби ҳолатлар жосуслик фаолияти сифатида талқин этилди.

Аслида эса Баҳовуддин 1922-25 йилларда суғурта жамияти раҳбари Меркшнинг уйида ижарада турган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bahrom Irzayev
Image caption Айблов хулосаси

Улар йиллар давомида яқин дўст тутинган ва Артур Меркш Баҳовуддинга "уйингга эсон-омон етиб борсанг, албатта қўнғироқ қилиб қўй" деб тайинлагани учун бир марта қўнғироқ қилган эди.

1937 йил ёзида Баҳовуддин Аминжонов Тоштурма касалхонасидан СССР НКВД Генерал Комиссари Николай Ежов номига ариза йўллади.

Унда у ҳеч бир айби йўқ ҳолда қамоққа олингани, терговлар ноқонуний тарзда, тўлиқ зулм остида олиб борилганини ёзади. Натижада силнинг ўта оғир формаси билан касалланиб, икки ойдан буён турма касалхонасида ётганини, бу ерда кун сайин ўлими яқинлашаётгани маълум қилди.

У ёш шифокор экани ва келажакда ватан учун хизмат қилиши мумкинлигини айтиб, тубдиспансерда даволанишга рухсат сўрайди. Турма касалхонасида ҳеч бир шароит - на врач, на дори бор эди. Ариза ҳеч жойга чиқмасдан "дело"га тикилди.

Аминжоновнинг айблов баённомасида у ЎзССР Жиноят Кодексининг 57 моддаси I қисми (Ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 64 (Совет давлатига қарши теракт), ва 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбдор деб топилгани қайд этилган.

1938 йил 9 октябрь куни бўлган "учлик" суди атиги 15 дақиқа давом этди. Баҳовуддин Аминжоновга ўлим жазоси тайинланди ва ҳукм ўша куниёқ ижро этилди.

Адолат "тикланди"

Баҳовуддин Аминжонов иши унинг турмуш ўртоғи Танзила Аминжонованинг аризаси асосида қайта кўриб чиқилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bahrom Irzayev
Image caption Маърифатпарвар Абдурауф Фитрат бухоролик талабаларни Германияга юбориш ташаббускорларидан бири эди

1961 йилда Самарқанд шаҳридаги фабрикада ишлаган Танзила Аминжонова сўроққа чақирилган. У эрининг НКВД ходимлари томонидан 1937 йил январда қамоққа олингани ва орадан 9 ой ўтгач уни ўзи ҳам қамоққа олинганини айтиб берди.

Танзила Аминжонова ҳам 18 ой давомида қамоқда сақланган.

"Бирор марта сўроқ савол бўлмади, фақат узоқдан икки марта мени Баҳовуддинга кўрсатишди, аммо сўзлашишга имкон беришмади. Кейин қамоқдан чиқариб юбордилар" - деди бева.

Бу совет терговчиларининг айбланувчиларнинг яқинларига таҳдид солиб, сохта баённомаларга имзо чекиши учун қўллаган усули эди.

"Эрим ўта илмли, виждонли ва маданиятли инсон эди. Унинг ҳалоллиги ҳақида барча танишларидан сўранглар, ахир улар орасида тириклари бор-ку!" деганди Танзила Аминжонова.

1961 йил бўлиб ўтган сўроқда Республика тубдиспансерининг директори тиббиёт фанлари доктори, профессор Алимов Шокир Аминович Баҳовуддини шундай эслаган:

"1936-37 йилларда Республика тубдиспансерида ординатурада бўлган эдим. Ўшанда Баҳовуддин Аминжоновни кўрганман. Мен бундай билимдон, масъулиятли, талабчан, ғайратли ва меҳрибон инсонни ҳеч қачон кўрмаганман. У қисқа вақтда бутун жамоанинг ҳурматини қозониб улгурган эди. Бундай яхши одам кам бўлади."

1961 йил 18 апрелда Москвада СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси Баҳовуддин Аминжонов асоссиз айбланган дея уни тўлиқ оқлади.

Туркистон жадидлари: Германиядан қайтиб қатағонга учраган ёшлар

Туркистон жадидлари: Германиядан қайтгач отилган ака-ука Авазжоновлар

Туркистон жадидлари: Германиядан қайтгач отилган ёш шифокор Хайриниса Мажидова

Туркистон жадидлари: Германиядан қайтиб қатағонга учраган Олимжон Қодирий

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek