Ҳибслар ўзбекларни қўрқитдими ё ғазаблантирди?

Блогерлар

Сурат манбаси, fergananews.com

Сурат тагсўзи,

Қамалган блогерлар диний ҳақ-ҳуқуқлар таъминланиши борасида ёзишган.

Диндор блогерларнинг ҳибсга олинишидан олдин уларнинг бари яқинда тасдиқланган ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарорни ижтимоий тармоқларда фаол танқид қилаётган эди.

Сўнгги вақтларда ҳукуматнинг ҳижоб ва соқол қарши назоратни яна кучайтира бошлаганлиги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган эди.

Facebook фойдаланувчилари сўнгги ўзгаришларни танқид этиб, ҳукуматни диний сиёсатини ўзгартишга чақирмоқда.

«Дин борасидаги сиёсат ўзгариши керак. Буни мен Каримов даврида ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Динга қарши курашиб бўлмайди, бундай кураш жамиятга қимматга тушади. Дин билан фақатгина мулоқот ва муроса орқали ишлаш мумкин,» дейди Сардор Салим ўз саҳифасида. «Динга қарши репрессиялар орқали курашиш фақатгина энг муносиб инсонлар мамлакатни тарк этишига, иқтисодий қолоқлик ва маданий турғунликка олиб келади. Наҳотки, шуни англамадик?» қўшимча қилади у.

"Каримовнинг президентлиги шу суратдаги йигитлар каби ҳақиқатни гапирган одамларнинг ҳибсга олиниши билан эсланади. Унинг шогирди (Шавкат Мирзиёев - Таҳ.) ҳам шу йўлдан кетмоқда," дея изоҳ қолдирган Маҳмуд Абдулмўмин.

«Биз ёлғон ва фитналар тўла замонда яшамоқдамиз. Эй мусулмонлар, сергак ва огоҳ бўлинг,» огоҳлантиради яна бир Facebook фойдаланувчиси. У, катта эҳтимол билан, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг диний соҳанинг бироз либераллаштирилишига ишора қилган.

Шундай бўлсада, блогерларни диний экстремизмда айблайдиган ва уларнинг ҳибсга олинишини олқишлайдиганлар ҳам бор. "Биз бу мамлакатда экстремизмга йўл бермаймиз. Биз уни илдизи билан қўпориб ташлашимизни ҳамма билиб қўйсин. Агар экстремист бўлишни истасангиз, Афғонистонга боринг," дейди Superteam Uz номли фойдаланувчи.

Ҳибсга олинган уч блогерни дастаклаш мақсадида онлайн ҳаракат бошланиб, имзолар йиғилмоқда. Петиция бошланган 2 сентябрдан буён 600 дан зиёд ўзбеклар ўз номи билан уни имзолаган.

Ушбу ҳаракатни бошлаган Мусанниф Адҳамнинг дўсти Шукуржон Исломов шундай дейди: "Унинг ижтимоий тармоқлардаги постларининг бирортаси қонунга зид ёки тажовузкор эмас эди. Ҳатто собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳибсга олиниб, қийноққа солингани тўғрисидаги хабарлар чиққанида ҳам, у шахсга нисбатан қўпол муносабатда бўлишга қарши чиқиб, қонун устуворлигини таъминлашга даъват этган эди. Тунги клублар муҳокамаси бошланганда ҳам у бундай масканларни ёпиш эмас, балки шахсий эркинлик тарафида турган эди. У тақиқлар ва жазолар эмас, балки эркинлиик ва турфа фикрлар тарафдори эди."

Айни вақтда Исломов президент Мирзиёевнинг одамлар ҳаётини яхшилаш йўлида ҳаракат қилаётганини олқишлаб, «баъзи амалдорлар» президентнинг обрўсига путур етказаётгани ва бу аҳоли ўртасида ишончсизлик урчишига сабаб бўлаётганини эслатиб ўтган.

Мактабда ҳижобда юриш масаласини кўтариб чиққан яна бир блогер Шокир Шарипов (Муҳаммад Шакур) ички ишлар ходимлари томонидан бироз муддатга ушлаб турилганидан сўнг ўзининг фуқаролик ҳуқуқлари поймол этилганини айтади. Шунингдек, у 2 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевга онлайн мурожаат йўллаб, унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари уни тергов қилгани ва бирор суд қарорисиз шахсий буюмларини олиб қўйганидан шикоят қилади.

Сўнг у президентни ижтимоий бўлинишни тўхтатиб, одамларни бирлаштиришга чақиради. «Ишончим комилки, сиз бу жараёнларга нуқта қўя оласиз ва жамиятнинг бирлиги давом этишини таъминлай оласиз,» дейди у видео мурожаатида.

Доимгидек, расмийлар имомлардан телевидение ва жума маърузаларида мусулмонларни ҳукумат томонидан жорий этилган тартиб-қоидаларга бўйсунишга даъват қилиш ишларида фойдаланмоқдалар. Бу даъватлар аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан диний етакчиларнинг Исломга хиёнати сифатида кўрилмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги фикрлар асосида BBC Monitoring тайёрлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek