Ziyouz асосчиси Давронбек Тожиалиевга жиноий иш очилдими?
Ўзбекистондаги энг йирик онлайн кутубхона - Ziyouzнинг асосчиси Давронбек Тожиалиевга нисбатан жиноий иш очилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Би-би-сига бу кутубхонадан "Ислом икки ўт орасида" китобини юклаб олгани учун судланган Ғайрат Зияходжаев маълум қилди.
Ғайрат Зияходжаевнинг айтишича, август ойининг охирида уни Тошкент шаҳар Учтепа туман ички ишлар бўлими Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходими Дилмурод Аҳмедов чақиртирган.
Аҳмедов Ғайрат Зияходжаевдан Даврон Тожиалиевга қарши кўрсатма ёздириб олган. Ғайратнинг айтишича, тезкор ходим унга Давронга қарши иш очганини ва ҳозир уни қидиришаётганини айтган.
Ғайрат Зияходжаев Даврон Тожиалиевни танимаслигини ва қаерда эканлигини билмаслигини айтган. Кейин яна бир бор "Ислом икки ўт орасида" китобини ziyouz.uz сайтидан тушириб олганини ёзиб берган.
Худди шу каби кўрсатмани Абубоқий Юнусов ҳам икки кундан сўнг тезкор ходим Дилмурод Аҳмедовга ёзиб берган.
Абубоқий Юнусов Би-би-сига Учтепа ИИБга борганини ва Давронбек Тожиалиевнинг сайтидан номи келтирилган китобни юклаб олганини ёзиб берганинин тасдиқлади.
Юнусовнинг айтишича, орган ходими Дилмурод Аҳмедов унга Даврон Тожиалиевга нисбатан иш очганини ва бу кўрсатма далил сифатида ишлатилишини айтган.
Би-би-си Учтепа туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходими Дилмурод Аҳмедов билан боғланди.
Дилмурод Аҳмедов Абубоқий Юнусов ва Ғайрат Зияходжаевлардан кўрсатма олганини рад қилди. Бироқ уларни ички ишлар идорасига чақиртирилганини тасдиқлади.
"Улардан кўрсатма олинмаган, улар билан профилактик суҳбат ўтказилган, келгусида шунақа нарсаларга йўл қўйилмаслиги учун. Даврон Тожиалиевга жиноий иш очилмаган. Очилганда давно чақиртирган бўлардик", дейди Дилмурод Аҳмедов.
Ғайрат Зияходжаев хорижга чиқиш учун ОВИРга ҳужжат топширган. Бироқ қарийб икки ойдан бери унга чиқиш стикери уриб берилмаяпти. Паспорти ҳам берилмаяпти.
Норвегияда жойлашган диний эркинликларни мониторинг қилувчи Forum 18 нотижорат ташкилоти ходими Дилмурод Аҳмедовдан нима учун Ғайрат Зияходжаевнинг паспорти берилмаётгани билан қизиққан.
Дилмурод Аҳмедов Зияходжаев бир судда гувоҳлик бергач, паспорти берилишини айтган.
Би-би-си бу ҳақда сўраганида ички ишларнинг тезкор ходими бу саволга катталардан жавоб олиш кераклигини айтиб гўшакни қўйиб қўйди.
"Ҳозирча тинчлик"
Давронбек Тожиалиев Би-би-сига уни ҳеч ким ички ишларга чақиртирмаганини билдирди.
"Унақа гап эшитмадим. Бемалол юрибман", дейди у.
Шу кунларда Ўзбекистонда яшаб турган блогерларни оммавий равишда қамоққа ташлаш кузатилмоқда.
Уларга турли айблар билан маъмурий иш очилиб 15 суткага қамашган. Шу вақтгача 8 кишининг қамалгани ҳақида Би-би-сида маълумот бор. 2 кишига маъмурий иш очилиб уйига қўйиб юборилган.
Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистонда орган ходимлари ўзлари истамаган шахсларга нисбатан иш очиб қўйиши ва бу иш йиллаб ётишини айтишади. Вақти келганда бу иш архивлардан олиб ушланган шахсга нисбатан ишлатилиши мумкин.
Давронбек Тожиалиевга қарши ёзиб олинган кўрсатма ҳам ана шундай ишлардан бири бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek