Ўзбекистон: “Беруний шу аҳволда ётадими”, деб ҳўнграб йиғладик”

Бу - "Бобур" халқаро жамғармаси раиси Зокиржон Машрабовнинг иқрорлари.

"Мақбарадан ҳеч нарса қолмаган. Фақат қабр, яна битта қабр, унинг устида мақбаранинг қолдиқлари, тошлари ётибди, холос", - дейди у киши Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

"Қабр-мақбара шолипояга қўшилиб кетишига сал қолган. Биз бориб, Беруний ҳазратларининг қабри устида йиғладик. Мана, Сайфиддин Жалилов домламиз ҳўнграб ётиб йиғлаган, "Беруний шундай аҳволда ётадими", - деб. Қўлимиздан ҳеч нарса келмаган".

"Бобур" халқаро жамғарма раисига кўра, ўтган 20 йилча вақт давомида буюк алломанинг қабр-мақбарасини таъмирлаш мақсадида тўрт-беш марта Ғазнага боришнинг уддасидан чиқишган.

Ҳар гал хавфсизлик билан боғлиқ вазият уларнинг режаларини чиппакка чиқарган.

Аммо, Зокиржон Машрабовга кўра, мавжуд воқеълик ўзларини аҳдларидан қайтара олмаган.

"Ҳаракатимиз бор. Яқин ўн кун ичида, Худо хоҳласа, Афғонистонга ўтиб, Кобулга бориб, давлат раҳбарлари билан, шу ишга қўл урмоқчи бўлаётган тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, биргаликда ҳам Беруний, ҳам Бобораҳим Машрабнинг қабр-мақбараларини обод қилишга киришамиз, деган умиддаман", - дейди суҳбатдошимиз.

Абу Райҳон Беруний барча замонларнинг энг буюк мутафаккирларидан бири, буюк қомусий олими сифатида эътироф этилади.

Тарихий манбаларда унинг 1048 йилда Ғазна шаҳрида вафот этгани айтилади.

Буюк алломанинг асарлари инсониятнинг ноёб маданий мероси сифатида қадрланади, ҳали-ҳануз бутун дунёда ўрганилади.

Бу тенги йўқ асарлар лотин, француз, италян, немис, инглиз, форс, турк тилларига ҳам таржима қилинган.

Хавотирлар ва халқаро илмий анжуман...

Сурат манбаси, facebook

Шу йилнинг 6-8 сентябрь кунлари эса, Афғонистон илк бор Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросига бағишланган халқаро симпозиумга мезбонлик қилади.

Тадбирда Ўзбекистон, Франция, Канада, Америка, Германия, Ҳиндистон дохил қатор хорижий давлатлардан келганлари дохил 300 дан ортиқ олимнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Афғонистон Кобулда Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказилиши борасида ўтган йил охирида келишиб олган.

Бу ҳақда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Тошкентга сафари якунида маълум бўлган.

Икки қўшни давлат президентлари буюк ўзбек мутафаккирларининг Афғонистондаги қабр-мақбараларини ҳам ҳамкорликда обод қилиш борасида бир тўхтамга келишган.

Бу ҳақда афғонистонлик ҳамкасби билан музокаралари ортидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи баён қилганди.

Афғонистонда Алишер Навоий, Абу Райҳон Беруний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби улуғ ўзбек сиймоларининг қабр-мақбаралари жойлашган.

Аммо Афғонистон, бир неча ўн йилдирки, давомий зўравонликларга саҳна бўлиб келади.

Охирги пайтларда, айниқса, буюк аллома Абу Райҳон Беруний қабрининг йўқолиб кетиш хавфи остида қолгани жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images/SHAH MARAI

Ғазна Афғонистоннинг бундан икки йилча бурун Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари ИШИД байроғи остида сизиб киришга муваффақ бўлган иккита шарқий вилоятидан биттаси ҳам бўлади.

Вилоятда сўнгги йилларда толиблар қайта фаоллашишнинг уддасидан чиқишган, Ғазна яқинда қарийб бир ҳафтага чўзилган шиддатли жангларга ҳам саҳна бўлган.

Имконли бўлган видео ва фототасвирлардан шаҳарнинг ўт ичида қолгани кўрилган.

Айнан Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият уни қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига тўсқинлик қилиб келаётган асосий омил сифатида тилга олинган.

Хавфсизлик билан боғлиқ вазият манзарасида Афғонистондаги темурийлар, бобурийлар давридан мерос қолган ва сони озмунча бўлмаган тарихий обидаларнинг тақдири ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Маҳаллий ўзбек зиёлилари ва фаоллари, йилларки, Афғонистонда чуқур илдиз отган миллий низолар ҳам бу масалада ўз сўзини айтаётганидан шикоят қилиб келишади.

"Миллатимиз жуда бой тарихга эга. Тарихни тиклаш бу - миллатнинг уйғониши, тараққиётга юз тутишини англатади", - дейди "Бобур" халқаро фондининг Афғонистондаги намояндаси Муҳаммад Наби Бунёдкор Кобулдаги симпозиум арафасида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

"Мен кўйлагимга сиғмаяпман. Илмий анжуман хабарини эшитиб, ҳамма ўзбек халқи, албаттаки, хурсанд. Умидим борки, келажакда бошқа аждодларимиз ҳам шу каби эътиборга лойиқ кўрилишади. Чунки улар бунга ҳақли. Уларни эслаш, илмий-адабий меросларига бағишлаб симпозиумлар ўтказиш - ажодларимизнинг ҳаққи. Чунки улар юртимизга, илм-фанга жуда катта мерос қолдирган, жуда катта иш қилишган. Биз уларнинг авлодлари сифатида кўп иш қилишимиз керак. Ҳозирча бу бир ибтидо...", - дейди у.

"Бобур" халқаро жамғармаси эса, 2017-2018 йиллар ичида буюк аллома мақбарасини қайта таъмирдан чиқариш режасида эди.

"Бобур" фонди

Сурат манбаси, BBCUzbek

Улуғ шоир, олим, атоқли саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги жамоат фонди 1992 йил феврал ойида Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида таъсис этилган. Фонд сиёсий бўлмаган, мустақил жамоат ташкилоти саналади.

Фонднинг асосий мақсади ўз ҳаёти ва ижоди билан Шарқ халқлари маданиятини яқинлаштирган буюк алломалар, шоир ва мутафаккирлар, биринчи навбатда, темурийлар, бобурийлар ҳаёти ва ижоди ҳамда илмий-адабий меросларини ўрганиш, уларни бу халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилдиришдан иборат экани айтилади.

Жамғармага 1992 йилда Зокиржон Машрабов асос солган ва шу кунгача унга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўзи ҳам асли андижонлик бўлган Зокиржон ака Машрабов Геология-минералогия фанлари номзоди.

2000-2005 йиллар оралиғида Олий Мажлис депутати сифатида ҳам фаолият олиб борган.

Зокиржон ака Машрабов Ўзбекистон давлатининг "Меҳнат шуҳрати" ордени (2003), "Эл-юрт ҳурмати" (1993) ва "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" (1993) унвонларига лойиқ, деб топилган.

У киши "Бобур" халқаро мукофоти совриндори ҳам бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek