Қамоққа ташланган блогерларнинг биринчиси озодликка чиқди

Астанов Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

24 августдан бери турли сабаблар билан қамоққа ташланаётган блогернинг биринчиси озодликка чиқди. 50 ёшли Тўлқин Астанов қаттиқ қўрқитилган бўлиши мумкин. Ертўлада сақланган блогерга Facebookка киришни тақиқлашган.

Яқинларининг айтишича, блогернинг баданларида қийноқ аломатлари йўқ. У 10 кун давомида ертўлада сақланган. Бироқ боши эгик ва қўлларига кишан солинган ҳолда олиб юрилгани учун у ертўланинг қайси органга тегишли эканлиги ҳамда қаерда жойлашганини билмайди.

Тўлқин Астанов Шайхонтоҳур туман суди томонидан "майда безорилик" ва "милицияга бўйсинмаслик" айби билан 24 август тунда 10 суткага қамалган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Тўлқин Астанов 24 август куни фуқаро кийимидаги тўрт киши томонидан соат 18:30 да уйидан чақиртирилган.

Ухлаб ётган жойида уйғотилиб ташқарига чиққан Тўлқин Астанов уйга қайтиб кирмаган.

10 кун давомида Тўлқин Астановнинг қаерда сақланаётгани маълум бўлмаган. 10 суткалик муддат тугагач, яқинлари ва адвокатнинг талаби билан 4 сентябрдан 5 сентябрга ўтар кечаси тунги 12:30 да "Панельный" даҳасида жойлашган вақтинчалик ҳибсхонадан олиб келинган.

Бироқ унинг у ерда кўпи билан 1 соат бўлгани айтилмоқда.

Facebookка кирмайсан

Яқинларига кўра, Тўлқин Астановнинг баданида қийноқ излари кўринмайди. Унинг ўзи ҳам ертўлада калтаклашмаганини айтган.

Бироқ у яқинларига 10 кун давомида нима бўлганини айтишни истамаяпти. Яқинлари ертўлада у қаттиқ қўрқитилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Би-би-сига маълум бўлишича, 24 август куни Астановни суд қилган Шайхонтоҳур туман судяси уни аслида жамоатчилик жойда диний либосда юргани учун қамаётганини айтган.

5 неваранинг бобоси 50 ёшли Тўлқин Астанов икки марта микро инсультни бошидан кечиргани учун ўзига қулай бўлган оқ яктак ва бошига дўппи кийиб юрган.

Шунингдек, ертўлада уни соқолини олишга мажбурлашган.

Тўлқин Астановга Facebookка кириш тақиқланган.

Астанов Facebookда анча фаол блогерлардан бўлган. У Ўзбекистонда бўлаётган ҳижоб, соқолга тўсқинликлар ва азон овозларининг микрофонсиз айтилишига ўзининг муносабатини билдириб келган.

Ҳибсга олингани маълум бўлган 8 блогернинг қамоққа ташланиш тўлқини Тўлқин Астановдан бошлангани маълум бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek