Тошкентлик имом мактабларда рўмолни тақиқлашга қарши чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Имом Фазлиддин Парпиевнинг ярим соатлик маърузаси унинг Фэйсбукдаги саҳифасида жойлаштирилди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган "Омина" масжиди имоми Фазлиддин Шаҳобиддин ўғли ўзининг Жума ҳутбасида рўмол ва соқол борасида мусулмонларга бўлаётган тазйиқларни қоралаган ва ҳукуматни виждон эркинлигини таъминлашга чақирган.

Имомнинг 7 сентябрь куни қилган ярим соатлик маърузасининг видео ва аудиоси унинг Фэйсбукдаги саҳифасида (Фазлиддин Парпиев) жойлаштирилди.

Жума намозига келган жамоат қаршисида гапирган Фазлиддин Шаҳобиддин ўғли мусулмонларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун мавжуд қонунлар доирасида ҳаракат қилиш, жанжал ва тўполон қилмасликка даъват этган.

Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар демократик давлатнинг қонунларига амал қилишлари керак, айни пайтда давлат ҳам мусулмонларнинг ўз қонунлари доирасида белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларин таъминлаши лозим.

"Биз демократик давлатда яшаймиз, демократик давлат дегани шариатнинг ҳукмларини адо этмайди, лекин ўзида виждон эркинликларини киритиб қўйган кодексда, конституцияда... Шундай экан, давлат виждон эркинлигининг таъминланишини ҳам кузатиб, назорат қилиб бориши керак", - деб айтган "Омина" жоме масжиди имоми.

У мусулмонларни портал орқали Президентга мурожаат қилишга чиқарган.

"Порталга мурожаат қилиш керак, шу жойда тазйиққа учрадим, илтимос, Президент шу бўйича ўзингиз назорат қилиб, ёрдам беринг, дейсиз. Ҳал бўлса бўлди, бўлмаса ҳеч нарса қилмайсиз. Сиз динингиз учун ўзингиздан талаб қилинган нарсани қилдингиз", - деган имом 7 сентябрь куни қилган Жума ҳутбасида.

У мусулмонларнинг сўз эркинлигини ҳимоя қилган.

"Динимиз сабабидан бизга бирон озор етадиган бўлса, буни айта олишимиз керак, фикримизни баён қила олишимиз керак", - деб айтган "Омина" масжиди имоми.

Диний идора ўқувчиларнинг рўмол ҳуқуқи тўғрисидаги мурожаатини ўчириб ташлади

Ўзбекистон: ҳижоб - Мирзиёев ислоҳотлари ҳаққонийлигини синайдиган тимсол

Тазйиқлар

Фазлиддин Шаҳобиддин ўғли рўмол ҳақидаги баҳсларга тўхталаркан, сўз ҳижобмас, балки оддий рўмол ҳақида бораётганини алоҳида таъкидлаган.

"Биз ҳижобмас, оддий рўмол ҳақида гапирямиз. Шуни ҳам ўролмаса, унда Оллоҳ Таолонинг шариатига зид иш қилиб қўйган бўламиз", - деган у.

Имом Жума ҳутбасининг аввалида Президент Миризиёевнинг 16 минг диндорни қора рўйхатдан чиқариш ва Қуръон мусобақасини ўтказиш каби ташаббусларини олқишлаган.

Унинг айтишича, "Президент дин учун домлалардан кўпроқ иш қилмоқда".

Айни пайтда дин уламоси бу мусобақаларининг шўро давридаги каби усулларда ташкил этилгани ва айрим қатнашчиларнинг кейинроқ тазйиқ остига олинганини қоралаган.

Имомнинг сўзларига кўра, бу каби хатти-ҳаракатлар мусулмонларни қўрқитиб қўймоқда.

"Қуръон мусобақасида қатнашган баъзи инсонларнинг тазйиқ остига олиниши, уларнинг сўроқ-савол қилиниши уларни бездирди, қўрқитиб қўйди..," деган имом.

Унинг ишонишича, бу каби ҳаракатлар Президентнинг хабарисиз қилинмоқда.

Имомнинг айтишича, Қуръонни ўргатувчи мадрасалар очилгани билан уларда ёш ва адад чеклови бўлгани боис 18 ёшдан кичик болаларнинг Қуръондан сабоқ олиши учун қонуний йўл йўқ.

"Натижада одамлар болаларини яна ҳужрага олиб бориб бера бошлади. 116та ҳужра аниқланди. Худди жиноятчидек телевизорда юзларини кўрсатишди. Нега фоҳишаларнинг юзи кўрсатилмайди, яширилади, лекин бу ёш болалар кўрсатилади?",- дея савол берган имом.

"Бу инсонлар чанқоқ эди, шошиб қолишди, болаларини дуч келган жойга бериб, Қуръон ўргатишни бошлашди. Биз ёз ойларида Қуръон ўқишларини расмий ташкил қилганимизда, ҳеч ким фарзандини ҳужрага бермаган бўларди..." деб айтган Фазлиддин Парпиев.

Би-би-сига маълум бўлишича, 7 сентябрь куни мамлакат масжидлари бўйлаб ўқилган Жума ҳутбасининг асосий мавзуси рўмол бўлган.

Жумладан, Тошкентдаги масжидлардан бирининг имоми "Оллоҳга, Пайғамбарга ва ўзингдан чиққан бошқарувчиларга итоат қилиш"нинг жоизлиги ҳақида гапирган.

Ўқув йили бошланиши арафасида давлат телевидениесида чиқиш қилган қатор имомлар ҳукуматнинг ягона мактаб формасига доир қарорини ёқлаб гапирганлар ва мактабда илм олишнинг масжидга боришдан афзаллигини айтганлар.

'Омонат'

Фазлиддин Парпиев диний эркинликлар борасидаги фикрларини бутун масъулият билан айтаётгани, Оллоҳнинг омонатини жамоатга етказиб қўяётганини қайта-қайта таъкидлаган ва бунинг учун бошига келиши мумкин бўлган мушкулликларга тайёрлигини айтиб, Оллоҳдан паноҳ сўраган.

У ўзининг соф Исломни Ўзбекистонда ўргангани, ҳеч қандай "адашган" тоифалар"га мансуб эмаслигини айтиб, жамоатни ўзи тўғрисида шунга ўхшаган гаплар чиқса, ишонмасликка чақирган.

"Эртага, мана битта имом қарши чиқди, деб телевизорларга чиқариб, бизнинг расмимизни кўрсатиб, ҳаммаси таъна-дашном қип турган пайтида, эҳтиёт бўлинглар, динингларга зиён етиб қоладиган ҳаракат қилманглар", деган "Омина" жоме масжиди имоми.

Ўзининг айтишича, имом бу ҳақда ўтган жума гапирмоқчи эди, аммо "байрам ўтиб олсин, одамларга ғулғула тушмасин, айб ўзимизда бўлиб қолмасин" деб бир ҳафта кутгани ва бу бир ҳафта ичида ухлолмаганини айтган.

Асли андижонлик 32 ёшли Фазлиддин Парпиев 2005-2011 йилларда Мадина шаҳридаги Ислом универститети, 2012-2016 йилларда эса Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсил олган.

Ўзининг айтишича, у "Омина" жоме масжидига имомликка тайинланганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг расмий веб-сайтидаги маълумотга кўра, Юнусобод туманининг "Обод" маҳалласида жойлашган "Омина" жоме масжиди 1995 йилда саудиялик ватандошларнинг молиявий кўмаги ёрдамида қурилган.

'Диний идора нимага керак?'

"Омина" жоме масжиди имоми Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасини мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилмаётгани учун танқид қилган.

"Мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмаса, диний идора нимага керак? Уни тарқатиб юбориб, оталар чойхонаси қилиб қўйишимиз керак-ку?.." деб айтган имом Жума маърузасида.

Жума маърузаси ортидан Фазлиддин Парпиевнинг "Омина" жоме масжиди минбарида туриб, Президент Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаатномаси ҳам Фэйсбукдаги саҳифасида эълон қилинди.

Ўзбекистонда расмий дин уламосининг ҳукумат ва диний идорани танқид қилиши ноодатий ҳолат.

"Омина" масжиди имомининг чиқиши ҳукуматнинг ягона мактаб формасини жорий этиши ортидан ўқувчи қизларнинг рўмол ўрашига қўйилган чекловлар юзасидан норозиликлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ота-оналар рўмол ўраган қизларининг мактабга қўйилмагани ҳақида постлар қолдиришган.

Мамлакат бўйлаб рўмол ўрашга чекловлар юзасидан Фэйсбукдаги баҳсларда фаол қатнашган камида саккиз нафар блогер ҳибсга олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.