Ўзбекистон Қирғизистонга қарши ёки Мирзиёев “далдаси”
Улоқ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг финал босқичига чиқди.
Жамоа кеча, пайшанба куни ярим финал учрашувида қозоғистонлик улоқчиларни ҳам мағлуб этди.
Би-би-си Қирғиз Хизмати ярим финал учрашуви арафасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган.
Улар президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга, ўйинларнинг тантанали очилиш маросимига келиши "ўзларига озмунча далда бермаган"ини айтишган. "Ҳаммаси зўр" эканини таъкидлашган.
Ўзбекистонлик улоқчилар Бошқирдистон ва франциялик рақибларини йирик ҳисобда енгиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишган.
Энди эса, терма жамоа бугун, жума куни мезбон қирғизистонлик улоқчиларга қарши майдонга тушади.
Ўзбекистонлик улоқчилар Би-би-си билан суҳбатда мезбон Қирғизистонни энг кучли рақиб, деб билишлари, Қозоғистон ҳам яхшигина жамоа эканини айтишганди.
III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларига Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Ўйинлар 2 сентябрь куни старт олган ва 8 сентябрь куни ўз поёнига етади.
Унда дунёнинг 70 га яқин давлатидан келган 1556 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб боришмоқда.
Расмий хабарларга кўра, бу - Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларидаги илк иштироки бўлади.
Қирғизистон-Ўзбекистон финал учрашуви якуний натижасини Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга кузатиб боринг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek