Ўзбекистон-Россия: “АЭС – бу сиёсат, Россия Ўзбекистонга таъсир ўтказмоқчи”

Москвада икки давлат Бош вазирлари Ўзбекистон ҳудудида атом электр станцияси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни расман имзолашди.

Бу янгилик минтақавий экспертлар орасида аллақачон қарама-қарши муносабатлар, акс-садоларга сабаб бўлиб улгурди.

Уларга кўра, "бу - иқтисодий манфаатларга асосланган, томонларга йирик иқтисодий фойда келтирадиган лойиҳа эмас".

"Бу - сиёсат. Россия Ўзбекистонга ўзининг таъсирини кўрсатаяпти", - дейди, жумладан, эксперт Анвар Мирзо Ҳусаинов.

Эксперт сўнгги янгилик манзарасида ўзининг асосий эътиборини энг аввало Россиянинг бугунги иқтисодий аҳволига қаратади.

Худди шу воқеъликдан келиб чиқиб, мазкур хабарга ўзининг таҳлилий баҳосини беради.

Мутахассиснинг айтишича, бу каби атом электр станцияларини қуриш учун камида 20 миллиард доллар нақд пул керак бўлади.

"Бунча миқдордаги нақд пул ҳозир Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам йўқ", - дейди у.

"Олдинлари халқаро банклар, бошқалардан олиш мумкин эди. Лекин Ўзбекистон атом электр станциясини Россиянинг технологияси билан қурмоқчи бўлса, ҳозирги кунда унга қаердан кредит олади?..Кредит берадиганларнинг сони жудаям оз".

Суҳбатдошимиз худди шу воқеъликни инобатга олган ҳолда, янги атом электр станциясининг қурилиш истиқболлари жуда узоққа, ўн йиллар, балки ундан ҳам кўпроққа чўзилиб кетиши мумкин"лиги омилига алоҳида диққат қаратади.

"Мен бу ерда кўпроқ сиёсатни кўраяпман", - дейди у.

Сиёсат ва иқтисод

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Россия Украина инқирозидан кейин ўзининг постсовет ҳудудидаги сиёсатини бошқа бир ўзанга йўналтиришга ҳаракат қилаяпти.

Имкон қадар босимлар сиёсатини чеклаб, иқтисодий боғлиқликни кучайтиришга интилаяпти.

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бошқарган ва ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов "Россияга, умуман, Россиянинг ҳар қандай иштирокига жудаям шубҳа билан қараб келган.

Россия етакчилиги остидаги сиёсий-иқтисодий ташкилот ва блокларга қўшилишга ҳам рўйхушлик бермаган.

Марҳум президенти даврида Ўзбекистон ҳукумати юритган ташқи сиёсат аксарият халқаро таҳлилчилар томонидан "беқарор" эканликда баҳо топиб келган.

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, Ўзбекистоннинг янги президенти "Шавкат Мирзиёев геосиёсий эмас, геоиқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилаяпти".

Россия сўнгги йилларда Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолган.

Бунга "Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни" ва сўнгги АҚШ сайловларидаги "аралашуви" сабаб бўлгани айтилган.

Ўзбекистонда Инновация йили: Нега амалдорлар кашфиётимизга тўсқинлик қилмоқда?

Ўзбекистон қайта Россиянинг таъсир доирасига тушиб қолиши мумкинми?

Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни бошлади

Ўзбекистоннинг қай бир минтақасида электр энергияси бисёр?

Иқтисод ва сиёсат

Фото муаллифлик ҳуқуқи government.ru

Экспертнинг фикрича, "АЭС лойиҳасининг ташаббускори, уни катта куч билан олдинга сураётган Ўзбекистон эмас, айнан Россия бўлади".

"Россия шу йўл билан Ўзбекистонни ўзининг ЕвроОсиё лойиҳасига тортишга қаттиқ ҳаракат қилмоқда".

"Чунки бунинг яна битта қирраси шуки, ҳозир Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлари билан, Европа билан алоқалари катта тезлик билан ривожланаяпти", - дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, худди шу воқеълик манзарасида ҳам "сиёсат устивор аҳамият касб этган".

"Россияни Ўзбекистон билан боғлиқ шу каби мегапроект билан чиқишга ундаган" муҳим факторлардан бирига айланган.

"Ўша тадбиркор сифатида мен бу ерда ўзаро манфаатли тадбиркорликни кўрмаяпман", - дейди эксперт.

"Демак, бу - бир яхши, чиройли, сиёсий акция, деб ўйлайман, сиёсий бир тадбир".

Россия Ўзбекистоннинг ҳарбий-техник соҳадаги энг асосий ҳамкорларидан бири бўлади.

Бундан ташқари, пост-совет ҳудудидаги энг йирик савдо шерикларидан бири ҳам саналади.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари ҳам айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Биргина расмий ҳисоб-китобларда уларнинг сони ҳозир бир миллиондан ортиши айтилади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағ, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалардан бири бўлади.

Маҳаллий кузатувчилар эътирофича, бу пуллар Ўзбекистонни эҳтимолий ижтимоий портлашлардан ҳимоя этиб келаётган "муҳофаза камари" вазифасини ҳам ўтаб келади.

Эксперт суҳбатдошимизга кўра, икки давлат ўртасида янги атом электр станцияси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланишида худди шу омилларнинг таъсири ҳам озмунча бўлмаган.

Аммо...

Анвар Мирзо Ҳусаинов, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг мавқеини назарда тутиб, бунинг вақтинчалик сиёсат бўлиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди.

"Шартномалар тузилади. Ишчи комиссиялар ишлайверади. Лойиҳа тузишга киришамиз. Бу орада глобаллашув замонида дунё сиёсатида анча ўзгаришлар бўлади. Американинг минтақадаги ўрни, аҳамияти оша бошлайди", - дейди у.

"Шу боис ҳам, мана, Ўзбекистон ҳукумати Россия билан шартнома тузган ҳолда, Тожикистон, Хитой билан улкан лойиҳаларда қатнашаяпти", дейди у.

Анвар Мирзо Ҳусаинов яқин-яқингача Ўзбекистон ўзининг атом электр станциясига эга бўлиши керак, деган қатъий мавқеъни намоён этиб келаётган минтақавий экспертлардан бири бўлади.

Аммо, унга кўра, орада олиб борган изланишлари Ўзбекистон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини табиий ресурслар ёрдамида қондириши мумкин, деган хулосага етаклаган.

"Сув ресурслари бизда ҳам бор. Ўзбекистоннинг учдан бир қисми тоғлар билан қопланган. Ўзбекистон яқин юз йилда ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи таъминотини Қуёш энергияси, биоресурслар, табиий ресурслар, Тожикистон ва Қирғизистондаги гидроресурслар ҳисобига кўриши мумкин", - дейди у.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Хитойнинг молиявий кўмаги билан Ўзбекистондаги ўнлаб гидроэнергия ишлаб чиқарувчи эски корхоналар таъмирланаётгани, яна ўнлаб янгиларининг барпо этилаётгани омилига ҳам эътибор қаратади.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов йирик ҳайъат билан бирга 7 сентябрь куни Москвага амалий ташриф билан борган.

Ҳукумат раҳбарларининг икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-ижтимоий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқишлари айтилган.

Аммо асосий эътиборнинг атом энергетикаси, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилиши хабар қилинган.

Ўзбекистон ва АЭС

2014 йил ёзида Ўзбекистон ҳукумати Айдаркўл яқинида атом электр станциясини барпо этишни режалаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Бироқ "Ўзбекэнерго" ширкати бу хабарларни ҳақиқатга тўғри келмайди, дея рад этганди.

Таҳлилчилар Ўзбекистоннинг атомдан электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун имкониятлари кўп эканини урғулашади.

Энг асосийси, Ўзбекистоннинг ўзининг урани бор.

Ўзбекистон дунёда энг кўп уран қазиб оладиган мамлакатлар рўйхатида еттинчи ўринда туради.

Жаҳондаги жами ураннинг 4,3 фоизини Ўзбекистон етказиб беради.

Қўшни Қозоғистон эса биринчи ўринда, у дунё уранининг 41 фоизига эгалик қилади.

Ҳозир жаҳонда 436 ядро реактори электр ишлаб чиқаряпти.

Атом электр станцияси қуриш бўйича 4 мамлакат катта тажрибага эга. Булар - Россия, Хитой, Франция ва Канада.

Қайси мамлакат мутахассислари АЭСни барпо этишса, улар унга техник хизмат ҳам кўрсатишади.

Аммо Япониядек технологик илғор мамлакат ҳам АЭС хавфини буткул бартараф этишнинг уддасидан чиқолмаган.

Экспертлар эса, АЭС 40-45 йил ишлатилганидан кейин ундан қутулиш муаммоси ҳам жиддий эканини таъкидлашади.

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида эса, айниқса, сўнгги йилларда электр токи ва газ таъминотидаги узилишлар сурункали тус олган.

Мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг тобора ортиб бораётган электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш - Ўзбекистон бугун дуч келиб турган ўткир муаммога айланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.