Россия: “Ўзбекистонлик мигрантлар оғир вазиятда қолишган”

"Патент қилиш, патент тўловлари, регистрация, шартнома асосида ишлаб туриб ҳам, иш ҳақларининг вақтида берилмаслиги - бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари тўқнаш келиб турган асосий муаммолар бўлади".

Россиядаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи фаолларга кўра, буларнинг барчаси ўзбекистонлик аксарият мигрантларни жуда қийин аҳволда қолдирган.

Улар, "қаерга борайлик, нима қилишимиз мумкин, бизга ёрдам берадиган одамни қаердан топайлик?", - деган бир вазиятда.

Россиядан фаол Севара Маннонованинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, уларга қандай ёрдам бериш масаласида ҳозир, ҳатто, ўзлари ҳам ўйлаб қолишган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон томонининг пойтахт Москвада Россия тарафи билан айнан меҳнат муҳожирлиги масаласини муҳокама этганига оид хабарлар олинган.

Уларнинг мазмунидан Россия томони патент олиш жараёнидаги маъмурий тўсиқларни камайтириш йўлида ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр экани англашилган.

Бу каби хабарлар Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Россияга амалий ташрифи манзарасида бўй кўрсатган.

Мирзиёев мигрантлар учун нима қилиб берсин?

Мирзиёев Россиядаги мигрантларни қадрлай бошладими?

Мирзиёев Россиядаги мигрантларни қадрлай бошладими?

Миграция...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Сўнгги йилларда Россияда мигрантлар учун патент, регистрация тўловларининг изчиллик билан ошиб бораётгани кузатилган.

Четдан келган фуқароларнинг яшаш жойида қайддан ўтишлари - регистрация жараёнига кескин ўзгартиришлар киритилган.

Ғарбнинг устма-уст санкциялари ва жаҳон бозорида нефть нархларининг беқарорлиги эса, Россия иқтисодига анчайин жиддий зарба берган.

Бунинг иккиламчи оқибатлари ҳам меҳнат муҳожирларини анчайин танг аҳволда қолдирган, уларни "ойлаб иш ҳақларини олишга имконсиз" аҳволда қолдирган.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари эса, айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, жорий пайтда Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларнинг сони бир миллиондан ортади.

Аҳолиси минтақада энг катта (32 миллиондан ортиқ), иқтисодий вазият нисбатан оғир ва ишсизлик муаммоси анчайин долзарб бўлган Ўзбекистон учун Россия четдаги энг йирик ва энг қулай меҳнат бозори бўлади.

"Дўкон-пўкон, нимада ишлайдиган ўзбекистонлик мигрантлар, албатта, ортга қайтишга мажбур бўлишади. Россияда қолиб, бу каби шароитда меҳнат қилиш улар учун фойдали эмас. Еб-ичсинми, ижарага тўласинми, патентга тўласинми, бунга қўшимча яна регистрация...Ёнига ҳеч қанча пул қолмаганидан кейин, мажбур, Ўзбекистонга қайтади-да", - дейди фаол суҳбатдошимиз.

Россиядаги сўнгги иқтисодий инқироз яқинда шундоқ ҳам катта сондаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ортга қайтишга мажбур қилиши, бу эса, бу давлатларда "ижтимоий портлашлар"га сабаб бўлиши мумкинлигига оид жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Буларнинг барчаси Россия четдан минглаб ишчи кучига эҳтиёж сезиб келаётган бир манзарада кузатилган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда асосан қурилиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлиб келишади.

"Патент тўловларини нормаллаштириш керак, регистрацияни йўқ қилса...Майли, қилсин, аммо бир йиллик қилсин ёки юридик шахсларнинг ўзлари қилиб беришсин, алоҳида шахсларга юкланмасин", - дейди фаол.

Унга кўра, акс-ҳолда, меҳнат муҳожирлари Россияда ҳужжатсиз юришни афзал билишади, мавжуд вазият уларга бундан бошқа чора қолдирмайди.

"Ё беш, ё йигирма беш", деб то қўлга тушгунча ҳужжатсиз юришга мажбур бўлишмоқда, холос".

Россиядан куни-кеча олинган хабарлар мазмунидан англашилича эса, Ўзбекистон томони Россия билан миграция соҳасида қонунчилик ва халқаро меъёрлар доирасида самарали ҳамкорликни бундан буёғига ҳам ривожлантириш умидида.

Ўзбекистон ва миграция

Меҳнат муҳожирлиги марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистон ҳукумати эътиборидан четда қолган иккита энг муҳим муаммо бўлса, шундан биттаси бўлган.

Мигрантлар мамлакатда "борига шукр қилишни хоҳламаган" одамлар ёки президент Каримов таъбирида, "дангаса" ўлароқ таърифланган.

Марҳум президент, айниқса, Россияга нисбатан "қўшилмаслик" сиёсатини маҳкам тутган, Кремль бошчилиги остида турли хил иттифоқларга киришга рўйхўшлик бермаган.

Худди шу манзарада қўшни Қирғизистон ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари масаласида расмий Москва билан имтиёзли келишувларга эришишга муваффақ бўлишган.

Дейлик, биргина ЕвроОсиё Иқтисодий ҳамжамиятига аъзолик Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Қирғизистон фуқароларини ишлаш билан боғлиқ деярли барча ҳужжатвозликлардан халос этган.

Президент Путин президентлик ваколатининг сўнгги йилларида Россияда миграцияга оид қонун-қоидалар кучайтирилган бир манзарада Ўзбекистонда янги қудратга келган президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўзларининг меҳнат муҳожирлигига оид сиёсатларини кескин ўзгартирган.

Россияда меҳнат муҳожирлигини квота асосида йўлга қўйиш, четдан ишлаш учун келаётганларга махсус рухсатнома жорий этиш уринишлари, Россия Федерал Миграция Хизматини мамлакат Ички ишлар вазирлиги таркибига киритиш, патентлар нархини бир неча баробарига ошириш ҳаракатлари кузатилган.

Худди шундай бир вазиятда Мирзиёев расман президентлик ваколатининг ижросига киришган ўтган бир ярим йилнинг ўзида Россия билан бу хусусда ҳукуматлараро шартнома имзолашга муваффақ бўлган.

Янги президент Россияда Ўзбекистон консулликлари сони оширилиши, катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлатларда миграция ваколатхоналарининг очилишини маълум қилган.

Ўзбекистондан миграция оқимини қонуний йўлга солиш ҳаракатлари кучайтирилган.

Аммо худди шу манзарада ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида айтишларича, "ҳозир Россияда ўзларичалик қийинчиликка тўқнаш келаётган бошқа давлатнинг фуқаролари йўқ".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.