Тошкентда велосипед йўлаги пайдо бўлди

Бир вақтлар Тошкент милицияси велосипедчиларга қарши курашгани хабар берилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Бир вақтлар Тошкент милицияси велосипедчиларга қарши курашгани хабар берилганди

Тошкент шаҳридаги Амир Темур кўчасининг бир қисмида велосипедчилар учун махсус йўлакча пайдо бўлди. Ҳозирча 400 метрлик масофага ётқизилган велойўлаклар 4 чақиримгача узайтирилади.

Gazeta.uzнинг хабар беришича, пайдо бўлган велосипед йўлаклари бир томонлама ҳаракатланишга мослаштирилган. Амир Темур кўчасининг бир томонида 200 метрлик масофага ва иккинчи томондан яна 200 метр қарама қарши томонга ҳаракатланиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.ru

Нашрнинг ёзишича. қуриб битказилган велосипед йўлаги торроқ. Аммо ундан бир қатор бўлиб юриш мумкин. Кейинги қуриладиган велосипед йўлаклари кенгроқ бўлиши айтилмоқда. Велосипед йўлагининг кенглиги 1 метр ва 20 сантиметрни ташкил қилади.

"Ҳозирча велойўлакдаги бошқа велосипедчини қувиб ўтиш тавсия қилинмайди. Чунки йўлак ариқнинг устига қурилган, бутун йўл бўйлаб чап томонда оқава сув ва ёмғирларнинг оқиб кетиши учун ариқча бор. Бу ариқчаларнинг усти металл панжара билан ёпилса, велосипедчилар учун бошқарувда қулайлик бўлади", деб ёзади газета.уз.

Нашр янги қурилган йўлак камчиликлардан ҳоли эмаслигини айтган.

Ўзбекистонда шу вақтгача велосипедчилар учун махсус йўлаклар қурилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.ru

Пойтахт Тошкентда 2013 йилнинг апрел ойида милиция ходимлари велосипедларни оммавий мусодара этишни бошлагани ёзилган эди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ўша вақти кўчада юрган велосипедлар тортиб олинган ва эгаси 10 доллар атрофида жаримага тортилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Алоқадор мавзулар