Ўзбекистон: Пахтани 2 миллион 639 минг теримчи теради

Пахта Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мажбурий меҳнатга барҳам берилганини айтилаётган Ўзбекистонда пахтани 2,5 миллиондан ортиқчи теримчи териб олади. Бу теримчилар ким ва уларни ким топади деган саволлар пайдо бўлган.

Daryo.uzнинг Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган йиғилишдан ёзишича, бу йилги пахтани териб олиш учун 26 минг 467 та терим отряди тузилади.

Бош вазир терим отряди маҳалла раиси ёки ташкилот ходими бўлиши мумкинлигини айтган.

«Отряд раҳбари маҳалла раиси ёки бирон бир ташкилот ходими бўлиши мумкин. У юзлаб инсонларни қўл остида бирлаштира олади. Ана шундай инсонларда қўшимча даромад топпиш имконияти яратилмоқда. У ўз асосий ишидан меҳнат таътилига чиқиб, меҳнат вазирлиги бошқармаси билан шартнома тузади. Отряд бошлиғига энг камида икки миллион сўм ойлик тайинланади», - деган Бош вазир.

Хабарда 2,5 миллиондан ортиқ теримчиларнинг кимлар эканлигига ойдинлик киритмаган. Бош вазир бу йил мактаб ва коллежларда ўқиш давом этишини инобатга олиб, ҳашарчилар мактаб, коллеж ёки спорт залларига жойлаштирилмаслигини айтган.

Маҳаллий ҳокимларга теримчилар учун дала шийпонлари ва палаткалар барпо қилиш топшириғи берилган.

Бу йил терилган ҳар бир кило пахта учун 650 сўмдан, 100 сўмгача иш ҳақи тўлаш белгиланган. Ўртача 70 кило пахта терган шахс, бир кунда 5-6 доллар пул топиши мумкин.

Бош вазир Абдулла Арипов ўқитувчи, шифокор ва 18 га тўлмаганлар пахта теримига мажбуран жалб қилинмаслигини айтган.

У пахтани йиғиб олиш иқтисодий манфаатдорлик асосида ташкил қилиниши айтган.

Ҳокимиятлар маҳаллий телеканаллар орқали пахта теримидан қанча даромад кўриш мумкинлигини тарғиб қилувчи роликлар тайёрлаб эфирга узатмоқда.

Айрим жойларда жарчилар кўчада, пахтанинг бир килоси учун қанча ҳақ тўланишини айтиб одамларни пахтага жалб қилмоқда.

Бироқ ижтимоий тармоқларда бу йил ўқитувчи ва шифокорларнинг пахтага чиқарилмаслиги сабаб, бошқа ташкилотларга бир ишчи бошига камида 2 нафардан ҳашарчи топиш талаби юклатилганини ёзишмоқда.

Бу-би-си бу хабарларни бошқа манбалардан тасдиқлатгани йўқ.

Ўтган йили банк ходимларининг ҳашарчи топиб беришга мажбурлангани ҳақида маҳаллий нашрларда хабарлар чиққан эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Алоқадор мавзулар