Ўзбекистон Олий Суди: собиқ бош прокурорнинг суди бошлангани йўқ

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзбекистон Олий Суди Матбуот хизматининг Би-би-сига айтишича, собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан суд бошлангани ҳақидаги хабар нотўғри.

"Агар тергов якунланган бўлганида, биз бу ҳақда хабар тарқатардик", деди Олий Суд Матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.

12 сентябрда Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров ва Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаев устидан маҳкама жараёни бошлангани ҳақида хабар тарқалди.

Eltuz.com сайти ушбу хабарни тарқатишда Юнусобод туман судининг судьяси ёрдамчисига таянди.

Би-би-си телефон орқали Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди билан боғланди, гўшакни кўтарган суд ходими "телефон орқали хабар берилмайди", деб телефонни қўйди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига 15 йил давомида раҳбарлик қилган Рашитжон Қодиров 2018 йилнинг 23 февралидан расман ҳибсда.

Президент Мирзиёев Қодировни "ўғри" деб атаган ва уни "телевизордан гапиртиришга" ваъда берган.

Собиқ бош прокурор товламачилик, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш ва пора олишда айблангани хабар қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Июнь ойида Рашитжон Қодировга қарши қўзғатилган жиноят иши доирасида 24 шахсга айблов эълон қилингани, шулардан 21 нафари қамоққа олингани ҳақида маълум қилди Бош Прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Ўролов.

Ҳибс қилинган 21 шахс орасида Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаев, унинг рафиқаси ва ўғли борлиги хабар қилинган.

Июнь ойи охирида Бош Прокурор Отабек Муродов Сенатга ҳисоботи давомида Рашитжон Қодиров жиноят иши ҳақида гапирган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, жорий Бош Прокурор жиноят иши тафсилотига тўхталмаган, бу тергов сири эканини айтган.

Собиқ бош прокурор "ўғирлаган пулларини давлатга қайтарса, озодликка чиқиши ҳам мумкин"лигини айтган Отабек Муродов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ