Ўзбекистон: Кичик Макка бўла оладими?

Image caption Совет даврида ҳам Ўзбекистоннинг Мир Араб мадрасасида диний олимлар таҳсил олишган.

Ўзбекистон бутун дунёдан сайёҳ ва зиёратчиларини ўзига жалб этиб, иккинчи Маккага айланмоқчи.

Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий марказида жойлашган Ўзбекистонда Ислом оламининг машҳур шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро ва Хива жойлашган. Бу шаҳарларда эса кўзни қамаштирувчи тарихий обидалар сақланган.

Аммо миллионлаб ўзбеклар ва ҳатто қўшни марказий осиёликлар учун сайёҳлик, бу аввало - зиёрат.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон бугун нафақат тарихий ва маданий сайёҳларни, балки диний зиёратчиларни ҳам ўзига жалб этмоқчи.

Қадамжоларда нафақат исломий олимлар, суфийлар ёки муҳаддислар қўйилган.

Айни пайтда, Амир Темур каби саркардалар мақбаралари ва ҳатто Ислом Каримовнинг янги қабри ҳам жуда оммабоп зиёратгоҳлардан саналади.

Image caption Гўри Амир: Самарқанддаги саркарда ва етакчилар мақбаралари энг ҳашаматлиси ҳамдир.

Аммо Самарқанд четидаги бир қабр бошқаларига ўхшамайди.

Қадим Афросиёбда ёндош вайроналар ёнидаги тепаликда ўта узун мақбара бор. Бу ерга келувчи зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Бу - Хўжа Дониёр қабри.

Мақбара атрофини писта, ўрик ва олма дарахтлари ўраб олган, ҳовлида қушлар сайраши тинмайди.

Кўплаб оилалар эса бу ерга келиб, ҳам дуо ўқишади, ҳам дам олишади.

Лекин зиёратчилар биргина мусулмонлар эмас. Бошқа дин вакиллари ҳам келадилар. Сабаби - Хўжа Дониёр Ислом динида авлиё даражасида кўрилса, Даниил Насронийлик ва Яҳудийликда пайғамбар сифатида маълум.

"Мусулмонлар кўп келишади, бироқ Насроний ва Яҳудийлар ҳам бу ерга келиб, ўз одатларида мос равишда ибодат қиладилар" - тушунтиради ёшгина гид Фирдавсий - "Хўжа Дониёр яҳудий бўлганлар, лекин мусулмонлар ҳам у кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишади".

Image caption Ўзбеклар Яҳудий ва Насроний пайғамбар қабрини ҳам суйиб зиёрат қилишади.
Image caption Самарқандлик Дилрабо-опа қизи ва неварасини ҳам олиб, тез-тез зиёратга келади.

"Авлиё руҳларига тез-тез келиб дуо қиламан" - дейди Дилрабо-опа - "У киши нафақат яҳудий пайғамбар, балки барча инсонларга ибрат учун келган авлиё бўлганлар".

Дилрабо ва қизи Сетора одат бўйича аввало мулла тиловатига қўшилишади. Кейин мақбара ичидаги узун қабрга назар ташлайдилар.

Бу ўта ғайритабиий, 18 метрли узун қабр. Қабртоши зарҳалда Қуръон оятлари ёзилган яшил духоба билан қопланган.

Мақбара ичи ҳам, таши ҳам буткул Исломий одатлар ҳамда меъморчилик бўйича қурилган ва безатилган.

Image caption Аксар насроний ва қатор мусулмон зиёратчилар ҳам кўп асрлик писта дарахтига қўлларини тегизиб, тилак тилашади.

Дунёнинг учта йирик дини вакиллари биргаликда зиёрат қиладиган бу каби диний қадамжо дунёда жуда кам.

"Мен яҳудийман, аммо бу ерда бемалол ибодат қиламан. Насроний ҳам келиб ибодатини қилади" - дейди ҳайратини яширмай Исроилдан келган сайёҳ Сюзанна - "Бу ўзбек халқи бағрикенглигини кўрсатади".

"Турли одамларни бирлаштирувчи шундай диний қадамжо бўлгани қанчалик ажойиб".

Рус православ черкови руҳонийси бир неча йил олдин бу ердаги писта дарахтига обиҳаёт сепиб, ибодат қилганидан бери, насроний сайёҳлар ҳам кўпайган.

"Олдинроқ Россиядан дўстларим Самарқанддаги шу мақбарага келиб, дардларига шифо сўрашган экан, ҳозир тузалиб кетишди" - дейди мақбара олдида мен учратган москвалик Кристина.

Авлиё ва анбиёлар қабрларини зиёрат қилиш, ҳатто муқаддас деб билинган булоқ ёки дарахтлардан мурувват кутиш одати Ўзбекистонда қадимдан бор.

Мамлакат бўйлаб эса юзлаб, балки минглаб катта-кичик зиёратгоҳлар мавжуд.

На минг йиллик Ислом, на Совет даври бу одатни йўқотолмаган. Аксинча, кўпчилик зиёрат одатларини Исломий амаллар билан қўшиб, адо этадиган бўлишган.

Дейлик, дарахт ёнига келиб, тилак тилашади, аммо Қуръондан тиловат ҳам қилаверишади.

Айрим қадамжолар тарихи эса минг йилларга, Исломдан аввал Ўзбекистон ҳудудларида ҳукм сурган йирик динлар - Зардўштийлик, Шомонлик ва ҳатто Буддавийлик даврларига бориб тақалади.

Кўп зиёратгоҳлар эса афсонларга чулғанган.

Image caption Хўжа Дониёр қабрининг узунлиги ҳақида бир нечта афсоналар бор.

Айрим одамларнинг ишонишича, Хўжа Дониёр жуда улкан одам бўлган ёки унинг қабри ўсади.

"Марказий Осиёдаги Ислом анча қайишқоқ, очиқ ва маҳаллий урф-одат ҳамда одатларни ҳам ўзида мужассам этади" - дейди собиқ мадраса талабаси ва ҳозирда журналист Хуршид Йўлдошев.

"Шу боис дин бу ерда анча бағрикенг. Бу зиёратчилар тинчликсевар одамлар ва уларнинг сиёсий Исломга мутлақо алоқаси йўқ".

Image caption Занги-Ота мақбараси Тошкент атрофидаги энг йирик зиёратгоҳ.
Image caption Сўнгги йиллар ички зиёрат, демакки, ички туризм ҳам кучаймоқда.

Сиёсий Ислом Ўзбекистон ҳукуматини ҳар доим хавотирга солиб келган. Марҳум Ислом Каримов бошқарувида ўтган 26 йил давомида минглаб мустақил диндорлар қамоққа ташланган.

Бугун Ўзбекистон ўзининг ўзгараётганини айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев диний эркинликлар ваъда қилган.

"Чин дилдан пушаймон бўлганларни ҳукумат озодликка чиқармоқда" - дейди Тошкентдаги Исломий Сивилизация Маркази раҳбари Шоазим Миноваров.

Унинг ишоинишича, даҳрий Совет даврида яшаган қатор ёш ўзбеклар мустақилликнинг илк йиллари Исломни яхши билмаганлар.

Айнан 1990-йиллардан бошлаб кўплаб ўзбеклар ал-Қоида ва Толибон гуруҳларига қўшилишди. Ўзлари четда жангари исломий гуруҳлар туздилар.

Сўнгги йиллари эса ўнлаб ўзбекистонлик ИШИД сафларига киргани ҳақида хабарлар чиқди.

"Радикализм бу билимсизлик, Исломни билмаслик оқибатидир" - дейди Шоазим Миноваров - "Биз маърифатли Исломни ўргатишимиз керак".

Image caption Бухорода ҳам кўплаб йирик ва машҳур мақбара, мадраса ҳамда тимлар бор.
Image caption Гўри Амир шифти ҳар қандай сайёҳни лол қолдиради.

Ўзбекистонда айнан нечта қадамжо бор - ҳеч ким аниқ билмайди. Расмийларга кўра, тарихий, маданий ва диний обидалар сони икки ярим мингдан зиёд.

Бу обидалар эса сайёҳликни ривожлантириш учун жуда ўнғай ва муносиб воситадир.

"Ўтган йили 9 миллионга яқин ўзбекистонлик зиёратгоҳларга боришган" - дейди Ўзбекистон Туризмни Ривожлантириш Қўмитасидан Абдулазиз Аққулов.

Аммо хориждан келаётган сайёҳлар сони ҳамон оз. Минтақа ва собиқ Совет Иттифоқи давлатларини қўшиб ҳисобласа, бир йилда 2 миллиондан сал ошиқ турист келган.

"Жаҳонга машҳур Исломий олимлар, Имом Бухорий каби муҳаддислар, Нақшабандий каби уламолар мақбаралари Ўзбекистонда" - дейди катта умид билан Абдулазиз Аққулов.

"Шу боис Индонезия, Малайзия, Туркия ва Ҳиндистон каби давлатлар биздаги зиёрат туризми учун жуда муҳим".

Ўзбекистон ҳозир қўшни мамлакатлар билан чегараларини очди, қатор йирик мусулмон давлатлари фуқароларининг визасиз киришларига рухсат берди.

Чунки сайёҳлар потенциали ростдан ҳам улкан.

Image caption Ҳам зиёрат, ҳам сельфи: Ҳарбий талабалар Занги-Ота зиёратида

Дейлик 14-асрда яшаган Тасаввуф илми етакчиси Баҳовуддин Нақшбандийнинг издошлари дунё бўйлаб 100 миллиондан ошиб кетади. Уларнинг аксариси эса бир марта бўлса ҳам Бухорога келиб, Нақшбандий мақбараси олдида дуо ўқишни орзу қиладилар.

Лекин ҳозирча Нақшбандий мақбарасига келадиган аксар зиёратчилар - ўзбекистонликлар.

Ўзбекистонда зиёрат одати деярли ҳар бир оилада, болаликдан ўргатиб борилади.

Самарқанддаги Хўжа Дониёр мақбарасида ҳам Дилрабо ва қизи Сетора ибодат қилишаркан, жажжигина қизалоқ онаси ва бувисини кузатади.

У бувиси ва онасига қўшилиб, юзига фотиҳа тортади. Авлиёнинг зарбоф ёпилган узун қабрига мўралагач, онасининг ортидан писта дарахти олдига боради.

Худди онаси ва бувиси каби дарахтга жажжи қўлчасини текизиб, кўзларини юмганча, ниманидир пичирлаган бўлади.

Қайдам, бу жажжи қизалоқ ҳам қандай тилак тилагандир.