Ўзбекистон ва Тожикистон нимадан хавотирда – ИШИД данми?

Тожикистон ҳарбийлари Фото муаллифлик ҳуқуқи President.tj

Бу саволга икки давлат Мудофаа вазирлиги бўлинмалари иштирокидаги илк қўшма ҳарбий машғулотлар туртки берган.

Маълум қилинишича, бунақаси бу икки қўшни мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган.

Беш кунлик ҳарбий машғулотлар 18 сентябрь куни Тожикистоннинг шимолий Сўғд вилоятида бошланган.

"Чоруҳдайрон" ҳарбий полигонидаги машқларга ҳар икки томондан 600 га яқин ҳарбий ташланган.

Тожикистон томони қўшма ҳарбий машғулотларнинг якуний кунига Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизовнинг ҳам етиб келиши ҳақида хабар берган.

"Asia-Plus" агентлигининг Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот маркази раҳбарига таяниб маълум қилишича, машғулотлар пайтида ишлатилган қуроллар биргина енгиллари билан чекланмаган.

Ҳарбийлар учувчисиз учоқлар, бронетранспортер, танк, вертолёт ва миномётларни ҳам ишга солишган.

Уларнинг, гўёки, четдан сизиб кириб, Фарғона водийсидаги вазиятни издан чиқариш ниятида бўлган бир гуруҳ "террорчилар"ни топиб, қуршаб олиб, йўқ қилишлари керак бўлган.

"Asia-Plus" агентлигининг хабар беришича, ҳар икки давлат ҳарбийлари томонидан шартли "террорчилар"га ҳаво ва ердан зарба берилган.

Кейин жангарилар тўпланган ерни ўраб олиб, базаси билан бирга буткул йўқ этилган.

Яъни, қўшма ҳарбий машғулот ёрдамида икки қўшни давлат ҳарбийлари аксилтеррор амалиёти чоғида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришни машқ қилишган.

Бунда "халқаро террорчи гуруҳлар" назарда тутилган.

Шу йилнинг август ойида эса, бу икки давлат чегара қўшинлари машқ тариқасида Тожикистоннинг жанубий Шаҳритуз туманида "Жайхун" номли махсус амалиётга қўл уришганига оид хабарлар олинган.

Уларнинг Афғонистондаги ИШИД жангариларининг Тожикистоннинг Хатлон ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятларига ёриб кириши эҳтимолини ҳамкорликда қандай қилиб бартараф этиш йўлларини машқ қилишгани айтилган.

Тожикистон: 'Афғонистон билан чегарада қўшимча ҳимоя чизиғи яратилмоқда'

'Толибон Тожикистон билан чегарага аксарияти Марказий осиёлик 7 минг жангарисини ташлади'

Мудофаа вазири: 'Ўзбекистон Тожикистоннинг ташвишларини тушунади'

Афғонистон, чегара ва хавотирлар

Тожикистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга Марказий Осиё давлати бўлади.

Бу икки давлат ўртасидаги давлат чегараси 1300 чақиримдан ортиқроққа узанади.

Давлат чегарасининг катта қисми бориш қийин бўлган мураккаб тоғли ҳудудлардан ўтади.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг айнан аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош бўлган шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий издан чиққани кузатилган.

Бу ҳудудларда толиблардан ташқари ИШИД жангари гуруҳи аъзоларининг ҳам фаоллашганига оид хабарлар олинган.

Афғонистонлик масъуллар эса, бу ИШИД жангариларини Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари фуқароларига нисбат беришган.

Ҳарбий доираларда минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи, деб кўрилувчи ва 90-йиллар охирларида Фарғона водийсида асос солинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, 2015 йилда Афғонистонда тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.

Орада сафлари парчаланиб, ҳаракат ўзагининг яна Афғонистон Толибон ҳаракати лидерига мойиллик билдирганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ташқари, минтақада уларнинг сафларидан ажралиб чиққан яна бир ўзбек жангари гуруҳи - Исломий Жиҳод иттифоқининг ҳам фаолият олиб бориши маълум.

Сўғддаги илк қўшма ҳарбий машғулотлар эса, Тожикистоннинг Афғонистон билан бевосита чегарадош жанубий Хатлон вилоятида уюштирилган ва масъулиятини айнан ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан ҳужумдан икки ойча ўтиб бўлиб ўтмоқда.

Ҳужум бир гуруҳ хорижлик сайёҳларга қаратилган ва натижада улардан тўрт нафари қурбон бўлишганди.

Бу - бир Марказий Осиё давлатида ИШИД гуруҳи ўзи уюштирганини даъво қилиб чиққан биринчи ҳужум бўлганди.

Раҳбарларининг, айниқса, сўнгги йиллардаги ошкора ва жиддий хавотирларига қарамай, бунгача бирор бир Марказий Осиё давлати на-да Толибон ва на-да ИШИД гуруҳининг бу каби ҳужумига саҳна бўлган. Бу жангари гуруҳларнинг бирор бир жиддий ҳужуми таҳдиди остида қолмаган.

Ўзбекистон ва "таҳдидлар"

Қолган икки Марказий Осиё давлатиники билан таққосланганда, Ўзбекистон Афғонистон билан энг қисқа, бор-йўғи 144 чақиримга узанган чегарага эга.

Аммо бу давлат чегараси, йилларки, минтақада энг кучли қўриқланувчиси бўлади.

Лекин, бошқа томондан, янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон ўтган йил Тожикистон билан ҳам чегарасини очишга қарор қилган.

Ўзаро чегара ҳудудига яқин ерлардаги айнан жангарилар сизиб кириши эҳтимолининг олдини олиш мақсади билан ўрнатилгани изоҳ қилинган миналарни эса, келаси йил якунига қадар тозалашга келишилган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг шу йил август ойида Ўзбекистонга қилган илк расмий ташрифи манзарасида эса, томонлар минтақавий хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишган.

"Афғонистонга оид масалаларни жиддий ва батафсил муҳокама этишган".

Айниқса, Афғонистондаги бўлажак сайловларни назарда тутиб, бундан буёғига ўз чегаралари хавфсизлигига жиддий эътибор қаратиш борасида келишиб олишганини баён қилишган.

Уларнинг бу баёноти ўша пайтда минтақавий таҳлилчилар эътиборларини ҳам ўзига жалб этмай қолмаган.

Афғонистонлик таҳлилчилар Америка ҳарбийларининг изчил ҳарбий амалиётлари натижасида, айниқса, сўнгги икки йилда ИШИД жангари гуруҳи жиддий зарба еганини айтиб, бу баёнотни Ўзбекистоннинг ички сиёсатидаги бўлажак ўзгаришлар нишонасига ҳам йўйишган.

"Ўзбекистон яна иҳоталаниш йўлини тутиши мумкин"лиги каби тахминларни ҳам илгари суришган.

Аммо Сўғддаги ҳар икки қўшни давлат Мудофаа вазирликлари ҳарбийларининг илк қўшма ҳарбий машғулотлари Тошкентда янграган ана шу хавотирлардан қисқа вақт ўтмай уюштирилган ва эртага, 22 сентябрь куни ўз поёнига етади.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, айнан очилган чегаралари ва шимолий қўшнисининг Афғонистон билан яхши қўриқлашга имконсиз бўлган чегараси сабаб, Ўзбекистон у ердаги жангариларнинг ўзларига сизиб кириш учун Тожикистон ҳудудидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда.

Тожикистондан фарқли тарзда Ўзбекистон ўзининг Тезкор Кучларига эга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо эмас.

Аммо Ўзбекистоннинг Қуролли Кучлари, яъни армияси минтақадаги энг йирик ва кучлиларидан биттаси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek