Ўзбекистон: Доллар қимматлашда давом этаверса, нима бўлади?

Ҳеч қизиқиб кўрдингизми? - Ўзбекистонда кечаётган ҳафтанинг энг муҳим янгиликларидан бири:

Ўзбекистонда доллар нархи яна кўтарилди ёки доллар курси "шиддат билан ўсишда давом этмоқда...".

Ўзбекистон Марказий банки шу ҳафта бошида хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилган.

Унга кўра, 1 АҚШ долларининг нархи 8079 сўм 28 тийинни ташкил қилган.

Агар, ўтган ҳафтадаги рақамлар билан таққосланса, доллар сўмга нисбатан 40 сўм 28 тийинга қимматлашган.

Аммо Ўзбекистондан олинган хабарларда бунинг сабаби очиқланмаганди.

Россия-Ўзбекистон: доллар яна ошадими?

Ўзбекистон-Россия: янги санкцияларнинг рубль, сўм, мигрантлар - иқтисодга таъсири қандай бўлади?

Россия-Ўзбекистон: Рубль, доллар, миграция ва "сиёсат"...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шу кунларда Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари бу саволга ойдинлик киритишга ҳаракат қилишган.

"Ўзбекистонда доллар курсининг "ўйнаши"га нима сабаб бўлмоқда?" "Курснинг пасайиш ёки кўтарилиши нималарга боғлиқ?", -деган саволлар ўртага ташланган.

Бу саволларга Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Марказий банки ҳамда "Қишлоққурилишбанк"нинг қўшма анжуманида мутахассислар жавоб берганига оид расмий хабарлар ҳам олинган.

"Мутахассисларнинг таъкидлашича, долларнинг тушиши ёки кўтарилиши бошқа валюталарга қараб белгиланади. Кейинги вақтларда тадбиркорлар четдан кўп миқдорда маҳсулот олиб келмоқда. Бу эса хорижий валютага бўлган талабни оширмоқда".

"Валюта курсининг "бориб-келиши", яъни пасайиши ёки кўтарилишини башорат қилиш мураккаб бўлсада, бозор иқтисодиёти тамойиллари нуқтаи назардан айтганда курснинг ошиши табиий ҳол".

"Валюта курсига таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири бу импортчи компанияларнинг миллий валютага бўлган таклифидир. Импорт қанчалик кўп бўлса, миллий валюта бўйича таклиф ҳам шунчалик ўсади".

Мутахассисларнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарида келтирилган фикрларини қисқа қилиб худди ана шу жумлаларда жамласа бўлади.

Йилларки, Ўзбекистондаги валюта тушумининг салмоқли қисмини четда, асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган маблағлар ташкил этиб келади.

Биргина Россия Марказий Банки яқинда эълон қилган рақамлардан уларнинг жорий йилнинг II чорагида ишлаб топган пулларининг ўзи бир миллиард доллардан ортиши маълум бўлган.

Аммо бу маълумотлар АҚШнинг янги санкциялари эҳтимоли манзарасида Россия рублининг яна бир бор кескин қадрсизланиши манзарасида кузатилган.

Айрим экспертлар эса, мавжуд ҳолатни Ўзбекистондаги доллар курсининг ўйноқлаб туришининг билвосита омилларидан бири сифатида ҳам тилга олишган.

Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида БМТ Олий ассамблеяси минбаридан туриб, "Ўзбекистон шу ойнинг бошидан миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтди", - дея баён қилган.

Аммо ўшандан кейин ҳам бу баёнотни савол остига олувчи сўроқлар тинмаган.

Доллар курси ва акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Янги рақамлар манзарасида доллар курсининг сўмга нисбатан изчиллик билан кўтарилиб бораётгани турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Бу хусусда Би-би-си Ўзбек Хизматининг турли ижтимоий платформаларида ҳам анчагина комментлар қолдирилган.

Ихтиёр Эсоновнинг ёзишича, "Девальвациянинг ҳиди келаяпти, иқтисодий бўғиш бошланиши шундай оқибатларга олиб келади".

Bahrom Kariev га кўра, бу "иқтисоди ўлган мамлакат учун табиий ҳолат".

Janob Uzbek эса, "Сунъий ушлаб туриб бўлмайди, тезроқ экспорт билан шуғулланиш керак", - деган фикрда.

"Аммо биз ҳалиям соқол ва рўмол сиёсатида ўралашиб ётибмиз. Катта муаммолардан қочишнинг осон йўли шу бўлса керак. Балки халқни шу билан чалғитишдир. Қиш фасли юртимизга келмоқда, газ ва свет муаммолари турибди ҳали..."

Muhammad Amin эса, "Hozir ishlab chiqarish "boom"i bo'shlangan. Mln-mlnlarga asbob-uskunalar olib kelinmoqda, ishlab chiqarishni rivojlantirish uchun. Nima qilamiz, chidaymiz", - деб ёзибди.

Alif Yo га кўра, "Sentayabr oyi tashqi kreditlarni qaytarish oyi. Shuning uchun shunday bo'lishi tabiiy. Davlat sotib olyapti hozir valyutani...".

Muzaffar Anvarovich Badalbaev эса, "Кредит олганлар фойда-да эканда, а?", деган.

Intizorumarova эса, ҳали ҳам "қора бозорлар"нинг фаолиятда эканини ёзиб, у ерда долларнинг курси расмийсидан "5 минг сўм юқори" эканини билдирган.

Sardorbek Rahimov ҳам, "қора бозор бор ҳали. Нарх-навога зўр таъсир қилаяпти. Чиқиб, 100 минглик унни 150 мингга олдик", - деб ёзган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгилик ва у туғдирган шу каби муносабатлар манзарасида айни шу савол билан Қозоғистондан етакчи иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаевга мурожаат қилди.

Аммо сизга ҳам саволимиз бор:

Агар, сўнгги кунларда Ўзбекистонда АҚШ доллари сотиб олган бўлсангиз, бунинг сабаблари билан қизиқиб кўрдингизми? Сўраб кўрган бўлсангиз, қандай жавоб олдингиз?

Долларни ҳозир асосан қаердан харид қилаяпсиз? Қўлда ҳам сотилмоқдами?

АҚШ доллари нархининг сўмга нисбатан кўтарилиб бораётгани бозор ва дўконлардаги нарх-наволарга қандай таъсир қилаяпти?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek