Ўзбекистон, Пахта-2018: "Аёл ва эркаклар парда билан бўлинган бир хонада ётибди"

пахта

Жиззах вилоятидаги 105 маданият ходими ихтиёрий-мажбурий равишда пахтага чиқмоқда. Битта том остида ётиб қолаётган аёл ва эркаклар маданиятчилар бир кунда 70 килодан оз пахта терса бошқаларнинг олдида изза қилинмоқда.

Театр, музей, кутубхона ва мақомчилардан иборат теримчилар Пахтакор туманидаги Акмал Икромов қишлоқ фуқаролар йиғинида ётиб пахта термоқда. Улар қишлоқдаги маданият саройига жойлаштирилган.

Ходимларининг пахтага чиқарилганини Жиззах вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Камол Фахрадов Би-би-сига тасдиқлади.

"Маданият саройига ўзим жойлаштирганман, 105 киши ётибди. Саройнинг ўртасини оқ материал билан бўлганмиз, аёллар ҳам ўша ерда. Ўзимиз икки маҳал овқат пишириб беряпмиз. Худо хоҳласа нормани бажарамиз. Обедгача 3 тонна пахта терганмиз. Обеддан кейин кўрамиз қанча бўлганини", дейди Камол Фахрадов.

Би-би-сига келиб тушган ҳужжатдан маълум бўлишича, Жиззах вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи ходимларини пахтага олиб чиқишда Вазирлар маҳкамаси йиғилишига асосланган.

Image caption Маданият бошқармасининг топшириғи

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 сентябрдаги "2018 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги йиғилиш баёнига асосан қуйидаги жадвал асосида пахта терим мавсумида иштирок этадиган кўнгилли ходимлар рўйхатини иловага мувофиқ 2018 йил 15 сентябрга қадар тақдим этишингизни сўрайман", дейилади Камол Фахрадов имзоси қўйилган ҳужжатда.

Би-би-си манбасининг маълум қилишича, ходимлар пахтага кўнгилли бўлиб эмас, балки раҳбарларнинг буйруғи асосида чиқишга мажбур бўлмоқда.

"70 кило пахта термаганларни кечқурун бошқаларнинг олдида тергаб, изза қилишмоқда. Жуда кам пахта терганларни ўтин ёриш каби оғирроқ ишларга мажбурлашмоқда. Мусиқа асбоби чалиб юрган ходимлар қандай қилиб бир кунда 70 кило пахта терсин", дейди у.

Image caption Парданинг нариги томонида аёл теримчилар ётибди

Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичига мувофиқ, Ўзбекистон - қулдорликни қўллайдиган олди давлатлардан бири.

Айниқса, пахта мавсуми қизийдиган куз ойлари Ўзбек ҳукумат қулдек меҳнатни мажбуран жорий этиш бобида Африкадаги Мавританиядан кейин дунёнинг иккинчи энг ашаддий қонунбузарига айланади.

Тўғри, кейинги йиллари халқаро миқёсда кучайган саъй-ҳаракатлар оқибатида мамлакат ёш болаларни пахтага чиқариш тажрибасидан воз кечди.

2017 йили Шавкат Мирзиёевнинг Нью Йоркка қилган сафари ортидан мамлакатда ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг пахтага чиқарилишига ҳукумат миқёсида тақиқланди.

Бу йил ҳукумат мажбурий меҳнатнинг ҳарқандай кўринишига қарши эканлигини билдирган бўлса-да, пахтага мажбурлаш ҳолатлари учраб турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek