Ҳазрат Мавлононинг 22- авлоди вакиласи: "Дунёда тинчликни севги билан ўрната оламиз...»

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Эсен Челеби

Туркиянинг Кўнё шаҳрида жаҳон адибиёти, маданияти ва санъатининг муаззам сиймоларидан бири Жалолиддин Румий таваллудига 811 тўлгани халқаро мусиқа байрами билан нишонланди.

Тадбирларда Румийнинг 8 асрдан кейин ҳам ўз қийматини йўқотмаётган сўзлари, ҳикматлари ўқилган.

Гулсевар Замон Кўнёда Румийнинг 22-авлод набираси Эсен Челеби билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлди.

Эсен Челеби: 22чи авлод деганда одамлар ҳайратланишади. Маълумки, Ҳазрати Мавлонодан кейин ўғли Султон Валад, набираси Улуғ Ориф Чалабий мавлавийликни давом эттиришган. Бу сулук бошида ҳазрати мавлононинг насабидан келган киши пешволик қилган. Токи 1925 йилда қабул қилинган тариқат ва зовиялар фаолиятининг тўхталиши ҳақидаги қонунгача улар тизим бошида бўлишган. Такка ва зовиялар ҳақидаги ушбу қонун тайёрланиш жараёнида отамнинг бобоси Абдулҳамид Чалабий - Мақом Чалабийси, яъни мавлавийлик тизими бошидаги киши эди. Отатурк билан бўлган истишорадан кейин улар ўғлини, яъни отамнинг отасини Туркия чегарасига энг яқин бўлган Суриянинг Ҳалабидаги мавлавийхонасига шайх сифатида тайин қилади. Қисқа муддатдан кейин Туркия ҳудудидаги бутун такка ва зовиялар ёпилади ва мавлавийхоналарга ҳам барҳам берилади. Аммо Отатуркнинг бобомизга айтган гапи жуда муҳим. "Қонунда бир имтиёз қилолмаганимиз учун мавлавийхоналарни ҳам ёпишга мажбурмиз. Бироқ, ишонаманки, ҳазрати Мавлононинг руҳонияти кундан кунга дунёни эгаллаяжакдирʼ дейди. Зотан, бу кунларда бунга амин бўляпмиз, беадад шукр.

bbcuzbek.com: Румий оиласи қанчалар катта ва улар нима ишлар билан шуғулланишади?

Эсен Челеби: Оиламиз анча катта, аммо ҳаммани танимайман. отамнинг отасини Сурияга юборишади, отам ўша ерда туғилган, бизлар ҳам. Биз беш фарзанднинг тўрттаси Ҳалабда дунёга келдик. Шунинг учун оиламизнинг кўпини танимадик. Сурияда яшаган пайтимизда ҳам Туркияга кўп бор келдик, Кўнёни зиёрат қилдик. 1958 йилда Туркияга бутунлай кўчиб келдик. Отам 1996 йили вафот этгач, уларни учлар қабристонига Кўнёда дафн этдик. Кейин бу хизмат укамга ўтди, буюклар унга байъат қилишди. У мақом чалабийси сифатида тайин қилинди. Биз 4 опа-сингил биродаримизга дастакчи бўлишга уриняпмиз. Чунки бу йўл жуда аҳамиятли йўл. Инсониятни ойдинлатувчи йўлдир. Бутун дунёнинг бу билимга эҳтиёжи бор.

Мунаввара Ойматова: Исломни билмай туриб Румийни ўрганиш-таҳоратсиз намоз ўқишга тенг

bbcuzbek.com: Ўзингиз Румийни қачондан танигансиз? Албатта, оила вакиласисиз, маънавий жиҳатдан качондан таний бошлагансиз?

Эсен Челеби: Камина Ҳазрати Мавлононинг набираси эканимни туғилганимдан бери эшитиб келаман, хонадонимизда фақат шу ҳақда гапириларди. Худди табибнинг уйида тиббиёт, ҳуқуқчининг уйида ҳуқуқдан суҳбат қилингани каби бизнинг уйимизда ҳам Ҳазрат Мавлоно тилга олинган. Бувим биз билан яшарди. Бизнинг давримизда Аллоҳга шукр телевизор йўқ эди, катталар бизларда кўп ҳикоялар эртаклар айтиб беришар эди. Биз бувимиздан кўп ҳикоя тинглаганмиз. Улғайгач англадикки, у ҳикоялар Маснавийдан экан. Бувим бизларга кичик ёшимиздан эътиборан таълим берган экан, ўргатган экан. Аллоҳ раҳмат қилсин бувимни, аҳамиятга молик иш қилганлар. Шу сабабли мен учун "Мавлонони шу вақтда ўргандим" деган сана йўқ. Мен шу ҳаёт ичида туғилдим, шу тарбияни олиб улғайдим.

bbcuzbek.com: Румий оиласидан бўлиш катта бир масъулият, шундай эмасми? Алоҳида оилага хос бир қадриятлар, тарбия борми?

Эсен Челеби: Оиламиз бизни Турк урф-одатлари, Ислом таълимотига кўра тарбиялади. Ҳеч мажбурламашмади, ҳамма нарсани севдириб амалга оширишди. Фақат бир нарсани таъкидладилар: "Қилган ҳар ишингга эътибор бер, бу хатони Эсин қилди" демайдилар, Ҳазрати Мавлононинг набирасига қара, хато ҳаракат қилди, дейишади. Ҳар бир хато ишинг Ҳазрати Мавлонога бориб тегади, шунга аҳамият бер", дедилар. Укам, сингилларимга ҳам худди шуни таъкидлашди. Ҳақиқатдан ҳам меҳр-муҳаббат тўла бир оилада улғайдик, имонли оилада катта бўлдик. 9 ёшимдан рўза тутишни бошладим. Ҳузурли,кайфли бўларди саҳарликка туриш, бой берилмайдиган (ажойиб) гўзаллик эди.

bbcuzbek.com: Энг севган ҳикоянгиз қайси бири эди?

Эсен Челеби: Энг кўп эсимда қолгани бир аёлнинг нўхот пишириш ҳикояси, бу ҳикоядан жуда таъсирланганман. Бир аёл ўтириб қозонда нухот пишираётганмиш. Нўхот қайнаган сари йўқорига чиқармиш. Хотин қўлидаги капкир билан у нўхотларга моне бўлади ва дейдики: "сизларни азоб чекишингиз учун сувда қайнатганим йўқ, мазангиз чиқсин, шифо бўлинг, инсон бўлинг, деб қайнатяпманʼ. Ростдан ҳам, бошимизга қийинчилик келса: " бу менинг бошимга қаердан келдиʼ дея оҳ урамиз. Азиятни фалокат сифатида тушунмай, бир дарс ўлароқ англашимиз керак. Еганимизга диққат қилишимиз зарур. Тасаввур қилинг, палов еяпсиз, едингиз, юттингиз, энди у палов сизга сингди, ундан сизга қандай фойда бўлса.. Аллоҳ вужудни шундай яратганки, ундан кейин у палов эмас, гуруч ҳам эмас, энди инсоннинг хужрасига айланади. Хуллас, шунақа чуқурроқ тафаккур қилишга ўргатишарди бизларга.

bbcuzbek.com: Оилада Жалолиддин Румийнинг бирор бир хусусий ашё қолганми?

Эсен Челеби: Ҳазрати Мавлононинг ҳақиқий кийим-бошларини Кўнёдаги Мавлоно музейида кўришингиз мумкин. Оила ҳеч нарсани ўзида сақламаган. Ҳамма нарсани дунё билан баҳам кўрган. Бу сабабли бизда Мавлононинг махсус ашёси йўқ. Бизда бўлмагандек, бошқаларда ҳам йўқ.

Савол: Румийни битта сурати билан таниймиз… Албатта, сурат унинг ҳақиқий қиёфасини акс эттирмайди, шундай эмасми? Унинг ташки қиёфаси қандай бўлгани ҳақида оилада бирор бир ёзма ёки оғиздан оғизга ўтиб келган таъриф борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Эсен Челеби: Ҳазрати Мавлоно ўзи ҳаётда пайти бир гуржи хотин-талабаси бўлган. Унинг эри иш юзасидан бошқа шаҳарга, Қайсарига кетиши керак бўлади. Аёл кетмасдан олдин ўша даврнинг бир рассомидан Ҳз. Мавлоно расмини чизишини илтимос қилади. Рассом ҳали етиб бормасидан, Ҳазрати Мавлоно унинг нима учун келганини англайди. Рассомга қараб: "Кел, буйруқ олдинг, уни бажар, бажара олсанг", дейди. Рассом қоғоз-қаламини ҳозирлаб расм чизишга киришади. Мавлонога қараб бир эскиз чизади, такрор қараганда расм бошқа бир ҳолатга айланади, чизган нарсасига ўхшамайди. Бу қоғозни қўйиб бошқасини қоралайди, яна айни ҳолат такрорланади. Ривоятга кўра, 9 марта қайтадан чизади, ҳатто ундан кўп марта чизгани ҳикоя қилинади. Охирида рассом қаламини синдиради ва бу расмни чизолмайманʼ дейди. Бу расмларни Гуржи хотинга беради, кейин нима бўлган билмаймиз. Энди бир қанча жойда кўрганимиз миниатюра бор…

Докторлар ҳам у расмдан таажжубланишади: жуда семиз, ҳажми катта, елкаси пастга тушган фалон, яъни инсон шаклу-шамойилига мос эмас: елка тепароқда бўлиши керак деб айтишади. Аммо яна бир нарса бор, Ҳазрати Мавлононинг бир талабаси Сипаҳсалор деган китобида шундай тасвирлайди: "Ҳазрати Мавлоно жуда озғин, бироз сариқдан келган, оз ухлаган, оз таом еган, кўзлари қисиқроқ (чекик кўз) ўрта Онадўлидан энди келган.." Бу таъриф чизилган расмларга ҳеч ўхшамайди.

bbcuzbek.com: Мавлавийликка бир оғиз сўз билан таъриф берасизми?

Эсен Челеби: Камина Ҳазрати Мавлононинг таълим берган мавлавийлик таълимотини англатишда шундай бошлайман: Ислом бизга шундай дейди: Аллоҳ билиниш ва севилишни истади, бу сабабдан коинотни яратди, яратилганларнинг шарафлиси бўлган инсонни яратди ва яратган ҳамма нарсани инсонга берди, инсоннинг амрига таслим қилди. Бу нуқти назардан олдин биламиз, кейин севамиз. Биринчи буйруқ - билиш. Буни Ўзимизни билишдан бошлашимиз керак. Ундан кейин Аллоҳнинг нақадар қийматли яратгани, махлуқоти эканимизни англаймиз. Бу бизга буюк даража қозонтиради. Тўғрироғи, қанчалар муҳим борлиқ эканимизни англатади. Ва қанчалар севилганимизни англатади. Чунки Аллоҳ фақат ҳадя беради, ҳар онимиз армуғон йўллайди, буни англаб етишимиз керак ва севги йўлига ўтишимиз керак. Ҳазрати Мавлоно айтади: "Бутун ишқлар илоҳий ишққа кўприкдирʼ. Бу сабабли бир-биримизни севишни ўзимиз билан севишдан бошлашимиз, ундан кейин атрофдагиларимиз билан бу муҳаббатимизни баҳам кўришимиз керак. Зотан бугун дунёда энг кўп лозим бўлган нарса бу севгидир. Иншааллоҳ бутун дунёга сулҳни, тинчликни севги билан ўрната оламиз.

bbcuzbek.com: Орадан 8 аср кечди. Мавлавийликни 800 йилдан бери оёқда тутган тамал нима?

Эсен Челеби: Маълум бўлганидек, Ҳазрати Мавлоно замонида Мўғул истилолари мавжуд эди. Жуда қийин замонлар бўлган. Бугун ҳам афсуски, дунё нотинч. У пайтлар Мўғул истилоси бўлган бўлса, бугун нима бор уни билолмаймиз, кимнинг душмани ким, ким нима қиляпти уни билмаймиз, тушунолмаяпмиз, афсус. Ана шундай шаклда бу дунё. Бу сабабли Ҳазрати Мавлононинг сўзларига кўпроқ эҳтиёжимиз бор. Бизни оёқда тутган нарса маънавий ҳаётимизни қувватлантиришдир. Маълум, инсон бир бадан бир руҳдан иборат. Баданни пул билан озиқлантирамиз. Энг кўп пули бўлган, энг яхши озиқланган ва истаганини қила оладиган киши ҳам бир изланишда. Чунки унинг руҳи оч. Мавлавийлик, Ҳазрати Мавлоно бизга Қуръон оятларидан ва ҳадислардан чиқарган мағзни, ҳузурга қандай қовушиш мумкинлиги, қандай саодатли бўлиш мумкинлиги формуласини беради. Яъни, моддий ҳаёт билан маънавий ҳаёт мутаносиблигини тополсак, ҳузурли бўлишимиз мумкин ва бу ҳузурни атрофга ёя оламиз. Шу сабабдан ҳам, энг кўп изланган сўз Ҳазрати Мавлононинг сўзларидир.

bbcuzbek.com: Мавлавийлик бугунда Туркияда қонун билан тақиқланган. Бу мактаб қаерларда фаолиятини давом эттиряпти?

Эсен Челеби: Ҳазрати Мавлоно ҳаётда экан у кишидан сўрашибди: "Сиздан кейин ким бизни иршод этади, ким бизга дарс беради?ʼ Ҳазрат: "Маснавий сизга етадиʼ, дебдилар. Демишлар, "бир такка бўлса эди... биз қаерда тобланамиз?" Ҳазрати Мавлоно шундай деган эканлар: "Бу дунё бир таккадир, дарс олишни истасангиз дунёда яшаб туриб, кўп нарсадан ўрганишингиз мумкин. Бу сабабдан инсон ўзини тарбияламоқчи бўлса ҳақиқатдан ҳам дунё бир такка, Маснавий ҳам бир устоздир. Оддий бир мушукни мисол қилсам, бир мушук қанчалар сабр қилишни ўргатади одамга. Ризқини кутиб бир тешик бошида ўтиради. Соатларча у тешикка кўз тикиб ўтиради. Бу сабрдир.

bbcuzbek.com: bbcuzbek.com мухлисларига Румийдан энг севган парчангизни ўқиб берасангиз...

Эсен Челеби: Бугун дўстлик билан боғлиқ мисраларни баҳам кўриш янада аҳамиятли деб ўйлайман. Ҳазрати Мавлоно бир ғазалида айтадики:

Буёққа кел, буёққа!

Яна ҳам яқинроқ! Йўлдан уриш нима учун?

Модомики, сен мен бўлсанг, мен сен бўлсам, нимага бу сенлик ва менлик.

Биз Ҳақнинг нуримиз, Ҳақнинг ойнасимиз.

Шу ҳолда ўз-ўзимиз билан, бир-биримиз билан нима деб жанжаллашамиз.

Қани шу менликдан қутул (фориғ бўл), ҳамма нарса нарсадан воз кеч.

Сен ўзингда қолганинг муддат бўйича бир томчисан.

Ҳолбуки, бирлашдингми, қайнашдингми бир унвонсан, бир маъдансан.

Бу шаклда давом этади. Менимча бугунги кунимиз учун бу жуда муҳим ўгитдир...

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek