Ўзбекистон: "монополистлар бор экан, қимматчилик бўлаверади"

Юлий Юсупов Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Yuliy Yusupov
Image caption "Ўзбекэнерго", "Ўзбекнефтгаз"дек монополистларни ислоҳ қилиш режаси эълон қилинмади, дейди Юлий Юсупов.

Ўзбекистонда электр қуввати, газ ва автомобиль ёқилғиси нархлари оширилиши ҳақидаги хабарни Интернетдаги ўзбекзабон фойдаланувчилар нохуш қарши олдилар.

Ўзбекистонлик таниқли иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов эса нархлар оширилишини "тешик тоғора"га сув қуйишга қиёслади.

Тошкентдаги Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов ўзининг "Нега ислоҳотлар ўрнига бизга яна баҳоларни оширишни таклиф қилмоқдалар?" деб сарлавҳаланган мақоласида Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин бошланган фаол ислоҳотларга бир ярим йил бўлган эса-да, "Ўзбекэнерго" ва "Ўзбекнефтгаз"дек монополист соҳалар ислоҳотининг режалари эълон қилинмаганига эътибор қаратди.

"Афтидан, тарифлар ошириб кўрсатилган. Лекин тарифлар қанча бўлиши керак? Ҳеч ким билмайди. Гап шундаки, уч секторнинг ҳаммаси монополиялаштирилган. У ерда эркин рақобат йўқ ва нархларни давлат белгилайди. Бундай шароитда маҳсулот етказиб берувчи корхоналар ҳар доим ўз харажатларини баланд қилиб кўрсатади. Биринчидан, нархларни ошириш зарурлигини оқлаш учун. Иккинчидан, бу харажатлари билан компаниялар коррупцион даромадларини чиқариб оладилар. Масалан, атайин қиммат баҳода ресурсларни харид қиладилар ва бундай харидлар учун "откат" оладилар. Ва ниҳоят, катта харажат - рақобат ва хусусий мулкдор йўқлиги билан боғлиқ бесамар менежментнинг муқаррар натижасидир", деб ёзади муаллиф иқтисодий тараққиёт марказининг ced.uz веб-сайтида эълон қилинган мақоласида.

Би-би-си иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов билан боғланди ва шундай савол берди: корхоналар энергоресурсларнинг нархи ошгани туфайли ўз маҳсулотлари баҳосини кўтаришга мажбур бўлаётганларини айтишмоқда. Улар ҳақ эмасми, уларнинг ҳам нархни кўтаришдан ўз чоралари йўқ эмасми?

Юлий Юсупов: Табиийки, мамлакат ичидаги бензин ва дизелнинг нархи жаҳон бозоридаги нархлардан мустақил бўлолмайди. Жаҳон бозорида ёқилғи нархининг кўтарилиши бизнинг ички нархларимизга таъсир кўрсатмай қолмайди. Лекин бизда жаҳон бозоридаги нархлар ошгани сабабли ўзимизнинг нархларимизни кўтараяпмиз, дея баёнот берилди ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлкатлардаги бензинларнинг нархларини таққослаб кўрсатишди. Менга ғалати туюлгани шуки, у ерда бензинларнинг маркалари келтирилмади. Турли мамлакатда бензинларнинг русуми ҳар хил бўлади-ку. Мисол учун, биздаги бензиннинг сифати Қозоғистон бензини сифатидан анча паст экани аниқ. Бундай шароитда қандай қилиб Ўзбекистон ва Қозоғистон бензинини қиёслаш мумкин?

Мен нархлар жаҳон бозоридаги нархларга боғлиқ бўлиши лозимлигини жуда яхши тушунаман. Ҳатто биз мамлакат ичкарисида ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг баҳоси ҳам дунёдаги нархларга боғланган бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Тўғри, нархлар кўтарилиши ҳам табиий нарса. Бироқ нархлар фақат бир буйруқ билан кўтарилмаслиги керак. Бизда эса давлат оддий бир буйруқ билан нархни ошириб қўймоқда. Мен айтмоқчи бўлаётган асосий фикр шуки, бу соҳаларни ислоҳ қилиш лозим, ана ўшанда рақобат нархларни белгилайдиган бўлади. Ҳозирги пайтда бу корхоналарнинг харажатлари ҳаддан зиёд кўп. Нега? Чунки рақобат йўқ. Рақобат бўлмагани учун бу корхоналарнинг ўзида кўпайиб кетаётган харажатларини камайтириш истаги, рағбати ва имконияти йўқ. Бу соҳаларда хусусий мулкдор ҳам, рақобат ҳам йўқ. Мақсад фақат нархни ошириш бўлмаслиги керак. Хўп майли, биз нархни кўтардик ҳам. Кейин нима бўлади? Бу компаниялар бу пулларни еб юборишади. Пулларни самарали ишлатмайдилар. Келган пулларни ишлаб чиқариш модернизациясига йўналтирмайдилар. Чунки бошқарувчи менеджерлар ҳақиқий мулкдорлар эмас. Натижада биз сувни тешик пақирга қуйган одамнинг ҳолига тушамиз. Ҳатто нархни кўтаришдан ўзга чора бўлмаганида ҳам аввал бу бизнесларни реструктуризация қилмоқ лозим. Бу компанияларни, бу компанияларни бошқаришни реструктуризация қилиш керак.

Мана сизга бир мисол: сиз сармоядорсиз. Мен сизга ўз корхонамни таклиф қиламан. Айтаманки, бу корхонамнинг 2 миллиард қарзи бор. Ишлатаётган асбоб-ускуналари замонавий эмас, харажатлари бошқа конкуренция шароитида ишлаётган компанияга солиштирганда икки баравар кўп. Сиз менга маблағ берсангиз, мен вазиятни ўнглайман, деб айтаман. Сиз эса инвестор сифатида сўрайсиз: "қани сизнинг бизнес-планингиз? Қандай қилиб вазиятни ўнгламоқчисиз? Нега шу пайтгача қўлингизга тушган маблағдан бесамар фойдаландингиз? Оқибатда ишлаб чиқаришингиз бу қадар аянчли аҳволга келиб қолди. Ва қарзга ботиб кетдингиз. Демак сиз пулни қандай сарфлашни билмайдиган одамсиз. Сиз нега яна мендан пул сўраяпсиз? Аввал корхонангизни ислоҳ қилишнинг режасини ишлаб чиқинг! Аввал келган пуллардан эффектив фойдаланиладиган шароитни барпо этинг! Ана ундан кейин сизга қанча пул кераклигини гаплашамиз".

Бизда фаол ислоҳотлар бошланганига бир ярим йил бўлган эса-да, бу соҳаларни қандай ислоҳ қилишнинг режаси ҳам тузилгани йўқ. Бу соҳаларни эса ислоҳ қилмаса бўлмайди. Бу йўлда нима қилиш керак деб велосипед ихтиро этиш шарт эмас. Нима қилиш кераклиги кундек аён. Мисол учун энергетикада уч йўналишда ислоҳот ўтказилиши талаб қилинади. Бу йўналишлар -генерация, тақсимлаш тармоғи ва энергиянинг чакана савдоси. Чакана савдода бемалол рақобат муҳитини барпо этиш мумкин. Электр энергияси чакана савдоси билан шуғулланадиган компаниялар бир-бири билан рақобатга киришадилар ва харидор учун кураш бошлайдилар. Кўпроқ харидорга эга бўлиш мақсадида эса харажатларини камайтирадилар. Тақсимлов тармоғи эса табиий монополист сифатида давлат назорати остида қолгани дуруст. Ҳозир биз ҳатто бу соҳаларнинг ислоҳот режасини кўрганимиз йўқ. 1,5 йил ўтгани билан бу соҳаларни назорат қилаётганлар, бу соҳаларни бошқараётган шахслар бундай режани тузиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганлари йўқ деган таассурот уйғонади. Улар "келинглар, нархни оширамиз", демоқдалар. Нархни кўтарамиз, бу пуллар бундан олдинги нарх оширилишларига ўхшаб яна сарф бўлиб кетади. Кейин-чи? Яна инфляция кўтарилади, аҳолининг турмуш шароити янада оғирлашади, холос. Шунинг учун мен масалани шундай қўймоқдаман: нархларни кўтариш эмас, монополист соҳаларни ислоҳ қилиш лозим.

Би-би-си: Ҳозир Ўзбекистонда ислоҳотларнинг бир неча йиллик ҳаракат стратегияси эълон қилинган ва балки бу йирик соҳаларнинг ислоҳоти кейинги йилларга мўлжаллангандир? Шунингдек, кенг қамровли ўзгаришлар кетаётган вақтда мана шундай йирик соҳаларни давлат назоратида ушлаб туриб кейинроқ хусусийлаштирган маъқулдир?

Юлий Юсупов: Агар шундай режалари бўлганида бу режаларини оммага эълон қилишларига нима тўсиқ бўлаяпти? Майли, айтишсин: "бу ислоҳотлар бу йилга мўлжалланмаган, балки кейинги йилга ёки 2020 йилга мўлжалланган, биз мана шундай ишларни амалга оширмоқчимиз". Қани шундай план? Бундай режани эълон қилиш келажакда нима бўлишини яхшироқ англашга ёрдам беради. Инвесторларнинг йўналиш олишларини осонлаштиради. Хавотирим шуки, бундай режанинг ўзи йўқ. Агар бўлса ҳам фақат қоғозда ва тасдиқланмаган, маъқулланмаган ва имзоланмаган.

Қайсидир соҳалар давлат назорати остида бўлиши лозим, деган ғоя хавфли ғоя. Тўғри, муайян соҳа ва корхоналар бор ва уларни давлат бошқариши, қаердадир давлат мулк эгаси бўлгани афзал. Лекин булар жуда тор доирадаги соҳа ва корхоналардир. Бу ердаги яна бир муаммо шуки, биз "нега муайян соҳа ёки корхона давлат назоратида қолиши керак" деган саволга жавобни ўзимиз учун ҳалигача аниқлаштириб олмадик. Давлатга автомобиль ишлаб чиқарадиган автомобилсозлик соҳаси нега керак? Бутун дунёда автомобилсозлик хусусий компаниялар қўлида. Давлатга электр станциялар нима учун керак? Электр станцияларни хусусий компанияларга бериб, бу бозорда соғлом конкуренцияни барпо этиб, бу хусусий компанияларнинг рақобати натижасида биз оддий одамлар арзон электр энергиясига эга бўлганимиз яхшироқ эмасми? Тўғри, қайсидир соҳа ва корхоналар давлат назоратида қолиши керак. Аммо улар нега давлат назорати остида қолиши лозим, деган саволга аниқ жавоб бериш керак. Давлат назоратидаги корхоналар зиммасига қандай вазифалар юклатилади? Савол "сиз нега бу корхоналарни хусусий қўлларга бераяпсиз" деган шаклда эмас, "бу корхоналар нега давлат назорати остида бўлиши керак" деб қўйилмоғи лозим. Агар бугунги кун талабидан келиб чиқиб савол қўйсак, бугун давлат назоратидаги корхоналарнинг 90 фоизи давлат тасарруфида бўлмаслиги кераклиги аёнлашади. Бу, ўша корхоналарни эртагаёқ хусусийлаштириш лозим, деганини англатмайди. Бу, бугун ўша корхоналарнинг эгаси давлат бўлиб қолаётгани нотўғри эканини англатади. Биз хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқишимиз лозим, реструктуризацияни амалга оширишимиз, самарали менежментни йўлга қўйишимиз, молиявий муаммоларни ҳал этишимиз ва охир-оқибат, корхонани сув текинга бериб юбормаслик чораларини кўришимиз зарур. Давлат аниқ-тиниқ қилиб " мана шунча сондаги корхона давлат тасарруфидан чиқарилади" деб айтиши керак. Майли, бу бир ой, икки ой эмас, бир-икки йил эмас, боринг, беш йил муҳлат берайлик, босқичма-босқич, бир соҳани тезроқ, яна бирини секинроқ бўлса-да, давлат тасарруфидан чиқариш талаб қилинади. Асосий масала, ислоҳотлар стратегиясига бориб тақалади. Ҳозир "келинг, бозор иқтисодига ўтамиз" деган умумий стратегия бор. Афсуски, иқтисодиёт соҳалари бўйича қадам-бақадам амалга ошириш белгилаб берилган аниқ стратегия йўқ. Аниқ режа ва аниқ ижрочи йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ