Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжоновни лавозимдан кетишга нима мажбурлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Komil Allamjonov
Image caption Комил Алламжонов президент ва матбуот ўртасида янгича алоқани ўрнатганди

Би-би-сининг Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манбасининг билдиришича, Президент Шавкат Мирзиёев матбуот хизматининг раҳбари Комил Алламжоновнинг истеъфо беришига Президент администрациясининг янги раҳбарияти сабаб бўлган. Манба ўз хавфсизлиги туфайли исми ошкор этилмаслигини сўради.

Комил Алламжонов Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот котиби лавозимидан 3 октябрда кетгани маълум бўлганди.

Ўзбек матбуотига кўра, Алламжонов "давлат хизмати давомида соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз хоҳиши билан" эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишини сўраб мурожаат қилган.

Ҳукуматдаги манбанинг Би-би-сига айтишича, Президент Мирзиёев ҳали бу аризага қўл қўйганича йўқ.

Сурат

Манбага кўра, Президент Мирзиёев ҳафта бошида Ҳиндистонга қилган сафари чоғида олинган суратдан норози бўлган.

Комил Алламжонов хизмати уюштирган суратда Президент Мирзиёев ўз рафиқаси билан Тож Маҳал саройи фонида суратга тушган.

Аммо, суратнинг монтаж қилинган варианти, яъни Ислом Каримов ва рафиқаси тушган ўхшаш суратга бириктирилган версияси президентнинг олдига олиб кирилган.

Манбанинг айтишича, баъзи доиралар шу пайтгача Комил Алламжоновнинг фаолиятидан норози бўлиб келаётганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Президентнинг сафари ортидан ушбу сурат ижтимоий тармоқларда тарқалди

Алламжоновнинг жамоаси кундалик равишда мамлакатда юз бераётган, хусусан ижтимоий тармоқлардаги муҳим хабарлар мажмуини тузиб, президентга киритиб турган.

Президентнинг баъзи муҳим хабарлар, хусусан каттақўрғонлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ҳалокатли ўлими, мустақил хабар сайтлари тўсилиши ва Facebook ёпилиши ортидан тезкор чора кўришига, манбамизнинг айтишича, Алламжоновнинг ҳисоботлари сабаб бўлган.

Либерал қарашларга эга бўлган собиқ тадбиркор Алламжонов Ўзбекистон сиёсатида янгича расмий хабар тарқатиш усулини тадбиқ этганди. У, шунингдек, мустақил журналистлар ва блоггерларни ҳам расмий тадбир ва ташрифларга жалб қилган. ДХХ томонидан тўсиқларга учраб келган россиялик журналист - Fergananews агентлиги раҳбари Даниил Кисловнинг Тошкентдаги Афғонистон саммитидаги иштирокини ҳам Комил Алламжонов уюштирганди.

Аммо, манбага кўра, ДХХга матбуот эркинлиги йўлида юз бераётган ислоҳотлар ва президентнинг барча янгиликлардан хабардор бўлиб туриши ёқмаган.

Президент хизмати тугатилади

"Ўзбекистон 24" телеканали бош муҳаррири лавозимида ишлаган Фарҳод Маҳмудов 20 сентябрда Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчисининг ўринбосари этиб тайинланганди.

Би-би-сининг ҳукуматдаги яна бир манбаси билдиришича, 4 октябрда Ўзбекистон Сенатида бўлиб ўтган йиғилишда Фарҳод Маҳмудов амалда президент хизмати фаолияти тугатилиши, бундан кейин барча расмий хабарлар УзА ахборот агентлиги орқали тарқатилишини билдирган.

Бу манба ҳам ўз исми ошкор этилмаслигини сўради.

"...энди Каримов пайтида бўлганидек, қаттиқ назорат остида тарқатилади", - дейди у.

Би-би-сига гапирган икки журналистнинг башоратига кўра, Президентнинг матбуот котиби вазифасини амалда энди Фарҳод Маҳмудов бажариши мумкин.

Кун.уз ва Хабар.уз муаммолари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Komil Allamjonov
Image caption Би-би-сининг ҳукуматдаги манбасига кўра, Алламжоновни "кетказишди"

Ўзбекистоннинг бир қатор интернет-нашрлари, хусусан Кун.уз ва Хабар.уз июнь ойида ишламай қолганди. Бунинг ортидан мазкур сайтлар техник муаммолар сабабли эмас, балки сиёсий тўсиқлар туфайли ишламаётгани бўйича хавотир тарқалганди.

Би-би-сининг ҳукуматдаги манбасига кўра, иккала сайт ҳам ҳукуматда ўз манбаларига эга эди ва Президент Мирзиёев қайсидир ёпиқ мажлис ё видеоселекторда сўзлаши биланоқ, улар хабардор бўлишарди. Президент бундан мамнун бўлса-да, бироз назорат бўлишига чақирган.

"Баракалла, қаранг қандай ишлаяпти бизнинг матбуотимиз. Кеча мажлисни тугатишим биланоқ, машинага ўтириб интернетимни очсам, аллақачон нутқимнинг стенограммасини оперативно чоп қилишибди. Баракалла, лекин назорат қилиб туринглар, ортиқча гап чиқиб кетмасин", деб айтган президент ўз атрофидагиларга.

Бунинг ортидан, манбага кўра, Кун.уз ва Хабар.узда муаммолар бошланган. Турли босимлар ортидан иккала сайт раҳбарияти ҳам Алламжоновга ёрдам сўраб мурожаат қилганлар.

Алламжонов жамоаси бунинг ортидан президентга ҳисобот ёзиб, йирик хабар агентликлари тўсиққа учраётгани ва бу нафақат сўз эркинлигига, балки президент имиджига ҳам путур етказишини билдирганлар. Шундай кейин сайтлар қайта очилганди, дейди ҳукуматдаги манба.

"Ҳозир Президентнинг келгуси ҳафта бошига Парижга сафари режаланмоқда. У ерга кўплаб журналистлар, хусусан нодавлат агентликлар мухбирлари ҳам кетишганди. Катта қисмини ортга қайтариб, фақат ЎзА мухбирларини олиб қолишди. Кўплар ҳали сафар бошланмасданоқ Париждан ортга қайтарилди", - дейди у.

"Комил ҳамма ишни аъло қилмагандир, лекин у атрофидаги босимларга қарамай, Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг энг катта ҳимоячиси эди ва бу йўлда қилган ишлари эски тизим вакилларига ёқмади," дейди Би-би-си манбаси.

Би-би-си ўз манбаларидан олинган бу маълумотлар борасида текширувларни давом эттирмоқда ва барча томонларнинг фикрлари ҳамда муносабатлари учун очиқ эканини эслатиб ўтади.

Ўзбекистон ва дунё: Мирзиёевнинг матбуот котиби изоҳ бердими?

ТУРОН24: "Туғилдиму шу он бўғилдим..."ми?

Ҳокимият: "Камаз остида қолган Диана Еникеева кўча тозаламаётган эди"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek