Ўзбекистон: "Алламжонов тақдири Мирзиёевнинг Париж сафаридан сўнг ҳал бўлади"

Би-би-сининг Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манбасининг билдиришича, Шавкат Мирзиёев Президент матбуот хизматининг раҳбари Комил Алламжоновнинг ишдан бўшаш масаласини Париж сафаридан сўнг ҳал қилади.

Би-би-си манбасининг айтишича, матбуот котибининг тақдири Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябр кунлари Францияга расмий ташрифидан сўнг ҳал бўлади. Президент Алламжоновнинг аризасига ҳали қўл қўймаган.

Комил Алламжоновнинг истеъфо беришига Президент администрациясининг янги раҳбарияти сабаб бўлган. Манба ўз хавфсизлиги туфайли исми ошкор этилмаслигини сўради.

Комил Алламжонов Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот котиби лавозимидан 3 октябрда кетгани маълум бўлганди.

Ўзбек матбуотига кўра, Алламжонов "давлат хизмати давомида соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз хоҳиши билан" эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишини сўраб мурожаат қилган.

Манбага кўра, Президент Мирзиёев ҳафта бошида Ҳиндистонга қилган сафари чоғида олинган суратдан норози бўлган.

Комил Алламжонов хизмати уюштирган суратда Президент Мирзиёев ўз рафиқаси билан Тож Маҳал саройи фонида суратга тушган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Алламжоновнинг ишдан кетишига шу сурат сабаб бўлган бўлиши мумкин

Аммо, суратнинг монтаж қилинган варианти, яъни Ислом Каримов ва рафиқаси тушган ўхшаш суратга бириктирилган версияси президентнинг олдига олиб кирилган.

Манбанинг айтишича, баъзи доиралар шу пайтгача Комил Алламжоновнинг фаолиятидан норози бўлиб келаётганди.

Алламжоновнинг жамоаси кундалик равишда мамлакатда юз бераётган, хусусан ижтимоий тармоқлардаги муҳим хабарлар мажмуини тузиб, президентга киритиб турган.

Президентнинг баъзи муҳим хабарлар, хусусан каттақўрғонлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ҳалокатли ўлими, мустақил хабар сайтлари тўсилиши ва Facebook ёпилиши ортидан тезкор чора кўришига, манбамизнинг айтишича, Алламжоновнинг ҳисоботлари сабаб бўлган.

Аммо, манбага кўра, ДХХга матбуот эркинлиги йўлида юз бераётган ислоҳотлар ва президентнинг барча янгиликлардан хабардор бўлиб туриши ёқмаган.

Ўзбекистоннинг бир қатор интернет-нашрлари, хусусан Кун.уз ва Хабар.уз июнь ойида ишламай қолганди. Бунинг ортидан мазкур сайтлар техник муаммолар сабабли эмас, балки сиёсий тўсиқлар туфайли ишламаётгани бўйича хавотир тарқалганди.

Би-би-сининг ҳукуматдаги манбасига кўра, иккала сайт ҳам ҳукуматда ўз манбаларига эга эди ва Президент Мирзиёев қайсидир ёпиқ мажлис ё видеоселекторда сўзлаши биланоқ, улар хабардор бўлишарди. Президент бундан мамнун бўлса-да, бироз назорат бўлишига чақирган.

"Баракалла, қаранг қандай ишлаяпти бизнинг матбуотимиз. Кеча мажлисни тугатишим биланоқ, машинага ўтириб интернетимни очсам, аллақачон нутқимнинг стенограммасини оперативно чоп қилишибди. Баракалла, лекин назорат қилиб туринглар, ортиқча гап чиқиб кетмасин", деб айтган президент ўз атрофидагиларга.

Бунинг ортидан, манбага кўра, Кун.уз ва Хабар.узда муаммолар бошланган. Турли босимлар ортидан иккала сайт раҳбарияти ҳам Алламжоновга ёрдам сўраб мурожаат қилганлар.

Алламжонов жамоаси бунинг ортидан президентга ҳисобот ёзиб, йирик хабар агентликлари тўсиққа учраётгани ва бу нафақат сўз эркинлигига, балки президент имиджига ҳам путур етказишини билдирганлар. Шундай кейин сайтлар қайта очилганди, дейди ҳукуматдаги манба.

"Ҳозир Президентнинг келгуси ҳафта бошига Парижга сафари режаланмоқда. У ерга кўплаб журналистлар, хусусан нодавлат агентликлар мухбирлари ҳам кетишганди. Катта қисмини ортга қайтариб, фақат ЎзА мухбирларини олиб қолишди. Кўплар ҳали сафар бошланмасданоқ Париждан ортга қайтарилди", - дейди у.

"Комил ҳамма ишни аъло қилмагандир, лекин у атрофидаги босимларга қарамай, Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг энг катта ҳимоячиси эди ва бу йўлда қилган ишлари эски тизим вакилларига ёқмади," дейди Би-би-си манбаси.

Би-би-си ўз манбаларидан олинган бу маълумотлар борасида текширувларни давом эттирмоқда ва барча томонларнинг фикрлари ҳамда муносабатлари учун очиқ эканини эслатиб ўтади.

Gazeta.uz нинг ёзишича, Комил Алламжонов Avtotest автомактаби, "Солиқ инфо" газетаси бухгалтекрлик фаолиятини автоматлаштириш бўйича дастурларнинг асосчиси ҳисобланади.

Avtotest хусусий мактабига кўплаб имтиёзлар берилиши ва юридик шахслар учун унда ҳар 2 йилда ўқиш мажбурий қилиб белгиланиши норозиликларга сабаб бўлган.

Бу ташаббусга Олий мажлис депутутлари ҳам ўз норози муносабатини билдирган эди.

Шундан сўнг ҳукумат ҳайдовчиларнинг фақат Avtotest мактабидан мажбурий равишда ўқишини бекор қилди, бундай имкониятни бошқа авто мактабларга ҳам жорий қилди.

Бироқ юридик шахсларнинг ҳар икки йилда мажбурий ўқиши ўз кучида қолди.

Кузатувчилар бошқа мактаблар учун ҳам юридик шахсли ҳайдовчиларни ўқитиш ҳуқуқи берилган бўлса ҳам шартлар ўта қаттиқ эканлигини ва бу бозорга кириш қийин эканлигини айтишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek