Пахта-2018: "Овқат беришмади, ҳожатхона ҳам қулфланган, биз фермерга керак эмасмиз"

Сурат олдин олинган ва нинг мақолага алоқаси йўқ Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Сурат олдин олинган ва нинг мақолага алоқаси йўқ

Намангандан Жиззах вилоятига пахта теришга борган 63 теримчи қаровсиз қолганини ва уларнинг ҳолидан мутасаддилар хабар олмаётганини айтмоқда. Мирзачўл туманига бориб тушган теримчилар ўз ҳисобидан уй ижарага олган, бироқ пахта термагани учун ижарага берадиган пуллари ҳам тугаб бормоқда.

Би-би-сига маълум бўлишича, 8 октябр куни Поп туманидаги темир йўл станциясидан Наманган вилоятидан йиғилган 1000 дан ортиқ теримчи поездлар билан Жиззах вилоятига олиб келинган.

Шулардан Би-би-сига мурожаат қилганларнинг айтишича, 63 теримчини Жиззахда яхши кутиб олишмаган.

Маҳаллий вақт билан соат 16:00 да Би-би-си теримчилар билан боғланганида уларнинг ҳолидан хотин-қизлар қўмитасида ишлайдиган ходимдан бошқа ҳеч ким хабар олмаган.

"Икки формали шахс бизни олиб келиб Мирзачўлга ташлаб кетди. Лекин келганимиздан бери бизни ҳеч ким кутиб олмади. ўзимиз маҳаллий аҳоли билан гаплашиб ижарага хона олдик. Овқатланишга пулимиз йўқ. Амалдорлардан ҳеч ким келиб ҳолимиздан хабар олмаяпти", дейди теримчилардан бири Отабек.

"Уч кундан бери ёмғирда, лойда турибмиз, битта фермер ҳам чиқгани йўқ. 3 кундан бери овқат ҳам емадик. Болалар кираверганига ҳаттоки туалетни ҳам қулфлаб қўйди. Битта чойни дамлаб олайлик, десак минг сўмдан пул сўраяпти. Кунига 5 мингдан бериб ижарада ўтирибмиз. Пулимиз тугаб бўлди. Фермер ўзингнинг ҳокиминг жўнатсин, озиқ-овқатингни ички ишлар қилиб берсин, деяпти", дейди 55 ёшли Зухраҳон опа.

Теримчилар пахтани Наманганда эмас, балки Мирзачўлда тераётганини давлат сиёсати билан боғлашмоқда.

Уларнинг айтишича, Наманганда маҳалла раислари ва участка нозирлари вақтинча ишсиз фуқаролардан Жиззахга бориб пахта теришни сўраган.

"Килосига 1200, 900 сўмдан пахта теришни истайсизми, дейишди. Ётоқ, овқати ичида дейишди. Шунга ишониб чиқиб келавердик. Лекин келиб биляпмизки, бу ерда теримчи керакмасга ўхшайди. Хотин қизлар қўмитасида ишлайдиган опадан бошқа ҳеч ким ҳолимиздан хабар олмади. Пахтани қаерда теришни ҳам билмаймиз, шароит йўқ", дейди Отабек.

Хотин қизлар қўмитаси Мирзачўл туман бўлимида ишловчи Ойдин Гулиева теримчиларнинг шароитини қўлидан келганича қилиб берганини айтади.

"Кеча бизнинг туманга келиб тушди. Бизда икки кун ёмғир ёққани учун пахта теришмади. Шароитини қўлимиздан келганича қилиб бердик. Светларини қўйиб бердим. Буларнинг муаммосини ҳокимиятда айтдим. Намангандан яна 260 одам келган экан. Раисимиз ўшалар билан маслаҳатлашиб, режасини тузиб бораяпмиз, деб айтди", дейди Ойдин Гулиева.

9 октябр куни кечги вақт вилоят ҳокимиятидан масъуллар келган.

Улар барча шароитни яратиб беришга ваъда берган. Масъуллар келиши билан теримчиларга овқат олиб келишган.

Бироқ маъсуллар ҳам ҳожатхона масаласини ҳозирча ҳал қилиб бериша олмаган. Маҳаллий аҳоли умумий ҳожатхонани қулфлаб қўйишган ва теримчиларга очиб беришдан бош тортган.

Бундан ташқари масъуллар келиши билан олиб келинган овқат 12 кишига етмай қолган.

"Овқатни олиб келган одам мен ҳам оддий одамман деди. Эрталаб завтракка иккитадан тухум олиб келаркан. Биттаси вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳасанжонман деб таништирди. Айтишича, биз Мирзачўлнинг энг зўр жойига келиб тушган эканмиз", дейди теримчилардан бири.

Теримчилар ҳокимиятдагиларнинг берган ваъдасига ишониб яна Мирзачўлда қолишди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар