Ўзбекистон-Франция: Мирзиёевнинг Парижга ташрифи якунланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир Европа Иттифоқи давлатига уюштирган илк расмий ташрифи доирасида бугун Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашди.

Расмий хабарларга кўра, томонлар икки ўртада сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашувларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама этишган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга сафари давомида айрим ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари норозилик намойиши уюштиришган.

Улар Ўзбекистон раҳбаридан мамлакатда бошланган ислоҳотларни собитқадамлик билан давом эттиришни талаб қилишган.

Фаоллар Ўзбекистонда сўз ва виждон эркинлиги таъминланиши, қамоқда қолаётган диний ва сиёсий маҳбусларнинг озод этилишига чақиришган.

Президент Мирзиёев Францияга икки кунлик расмий ташрифини кеча, 8 октябрь куни бошлаган.

Ўзбекистон янги раҳбари ташрифининг илк кунидаёқ ЮНЕСКО Бош директори билан учрашган, Франция Сенати раиси билан кўришган, Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказган.

Расмий хабарларга кўра, президент Мирзиёев Франция компанияларини Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол қатнашишга чақирган.

Ўзбекистоннинг янги президенти раҳбарлари билан учрашув ўтказгани айтилган энг йирик Франция компаниялари сифатида "Тотал", "Тотел Эрен"лар ҳам тилга олинган.

Уларнинг Европа ва жаҳон бозорида етакчи компаниялар экани урғуланган.

Учрашувда Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги каби нуфузли молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этишгани ҳам айтилган.

Ўзбекистон президенти расмий веб саҳифасида тилга олинган рақамларга таянилса, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи арафасидаёқ умумий қиймати 5 миллиард еврога яқин инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланган.

Аммо бу хусусдаги расмий хабарлар уларнинг айнан қайси соҳаларни кўзда тутиши тафсилотлари очиқланмаган.

Сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, бу масалада "Мирзиёевнинг сўзлари эмас, Ўзбекистондаги вазият мутлақ бирламчи бўлиб қолаверади:

Президент Мирзиёев Ўзбекистонда Би-би-сига рухсат берилишини айтди

Ўзбекистон Президенти Мирзиёев Парижга етиб келди

Ўзбекистон, Франция ва Европа Иттифоқи

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Минтақавий экспертлар ҳам Ўзбекистон янги президентининг бир Европа Иттифоқи давлатига расмий ташрифини Франциядан бошлаганига алоҳида диққат қаратишган.

Ўз эътиборлари сабабини Франциянинг Европа Иттифоқида қанчалик муҳим ўрин тутиши омили билан изоҳлашган.

Жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, қолган аъзо давлатлар билан таққосланганда, "Францияни иттифоқда сиёсий лидер дейиш мумкин".

Нега илк расмий ташриф учун "Франция танланганининг бир қанча нуқталари бор. Франция Европа Иттифоқидаги энг қудратли бўлган, асосий устун давлатлардан биттаси. Германия иқтисодий, аҳолисининг сони жиҳатдан биринчи давлат бўлиши мумкин. Аммо Германия Франция билан келишмасдан туриб, бирор бир ишга қўл уриши камдан-кам кузатилади", - дейди эксперт Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Камолиддин Раббимов, ўз ўрнида, Франциянинг геосиёсат, халқаро сиёсатдаги мавқеи Германияникидан фарқ қилишига ҳам эътибор қаратади.

"Франция дунёнинг қудратлари ўртасида бир ўрта мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади. Агар, ҳозир эътибор берсангиз, Америка-Россия, Россия-Украина масалаларида ҳам Франция кўпроқ центрист бўлишга ҳаракат қилаяпти", - дейди у.

Экспертга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кўприк ўрнатишида муҳим роль ўйнайди.

Аммо Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ҳар доим ҳам силлиқ бўлмаган.

2005 йилги Андижон воқеалари ортидан, иттифоқ Ўзбекистонга қарши жазо чораларига қўл урганлар сафида бўлган.

Ўзаро алоқалар фақат орадан тўрт йил ўтиб, 2009 йилларга келиб қайта илий бошлаган.

Эксперт суҳбатдошимизнинг фикрича, ўша воқеалардан кейин Ўзбекистон ва Ғарбий Европанинг муносабатлари олдинги ҳолатига қайтганича йўқ.

"Бу - кейинги 22 йил, деганда Ўзбекистон президентларининг Францияга биринчи ташрифи. 1996 йилдан 2018 йилгача, орадан 22 йил ўтаяпти. Демак, Ўзбекистон Франциядек Марказий Осиёда, Франция эса, Европа Иттифоқи ва дунё сиёсатида ўта муҳим давлат бўладиган бўлса, бу муносабатларнинг анча паст эканини кўрсатади", - дейди у.

Иқтисод ва сиёсат...

Агар, 2014 йилги расмий маълумотларга таянилса, жорий пайтда Ўзбекистонда Франция капитали асосида иш юритувчи корхоналарнинг сони йигирмага ҳам етмайди.

Таҳлилчи ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бу рақамларнинг жуда паст эканини таъкидлайди.

"Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўлами ҳам бу иккала давлатнинг потенциалига мутлақ жавоб бермайди. Мана шу ташрифдан кейин балки бироз жонланиш бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги, таъбир жоиз, бир кўлами дейишимиз мумкин, кейинги 10 йилда жуда ҳам маргиналлашди, жуда ҳам паст даражага тушиб кетди", - дейди у.

Агар, расмий хабарларга таянилса, президент Мирзиёев Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан ўтказган учрашуви чоғида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланган.

Ўзбекистон раҳбари бу борада мамлакатида қилинаётган ишларни бирма-бир мисоллар тариқасида келтириб ўтган.

Президент расмий веб саҳифасининг ёзишича, "франциялик тадбиркорлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолашган".

"Бундай қулайлик ва енгилликлар уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган қизиқишларини кучайтирган".

Франциядан эксперт суҳбатдошимизнинг айтишича, Франция Ўзбекистонга ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий жиҳатдан ёрдам бериш потенциалига эга бир давлат.

"Албатта, Франциянинг бундай потенциали бор. Франция Ялпи Ички Маҳсулотининг ҳажми бўйича дунёда юқори бешликка кирувчи давлат. Ўта қудратли давлат. БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий беш аъзосидан биттаси. Бундан ташқари, Европа Иттифоқидаги об-ҳавони белгиловчи иккита давлат бўлса, улардан бири ҳам айнан Франция бўлади".

"Франция қишлоқ хўжалиги, технология жиҳатдан ҳам жуда ривожланган. Бу ерда биз ўрганадиган, биз ўзлаштирадиган соҳалар ниҳоятда кўп", - дейди у.

Аммо, эксперт суҳбатдошимизнинг айтишича, президент Мирзиёев инвестор, сармоядорлар билан учрашиб, уларнинг эътиборларини қаратишга муваффақ бўлади, холос. Лекин улар, албатта, вазиятга қараб иш қилишади.

"Яъни, президентнинг сўзлари эмас, Ўзбекистондаги вазият мутлақ бирламчи бўлиб қолаверади".

"Демак, Ўзбекистон ҳокимияти кафолатлаши мумкин бўлган нарса - сармоянинг дахлсизлиги эмас, ислоҳотларнинг жадаллиги бўлиши мумкин, холос", - дейди Камолиддин Раббимов.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифини Париждан жонли тарзда ёритиб бормоқда. Бизни веб саҳифамиз bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги барча аккаунтларимиз орқали кузатиб боринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek