"Пахтага мажбурлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди"

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани ҳақидаги ҳисоботларини ўрганмоқда, қонунни бузганларга нисбатан чора кўрилаётгани хабар қилинди.

Маълумки, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўлида ҳамкорлик қилишга келишиб олганлар.

Бу йил ҳамкорликда мажбурий меҳнат олдини олишга қаратилган видео лавҳа тайёрланди, огоҳлантирувчи варақалар тарқатилди.

Пахта терими бошланиши билан мустақил инсон ҳақлари фаоллари жойлардаги вазиятни ўрганишга киришдилар.

Фаоллар Тошкент, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистонда инсонлар ўз ихтиёрларига қарши пахта даласига олиб чиқилганлари ҳақида хабар тарқатдилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан маълум қилишларича, ҳуқуқ фаолларининг хабарлари жойларга бориб ўрганилган.

Хусусан, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Электр тармоғининг 70 ходими мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топган.

Бандлик вазирлиги Оққўрғон тумани электр тармоғининг раҳбари пахта теримига ўз ташкилоти ходимларини мажбурий жалб қилишга йўл қўйгани учун Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик Кодексининг 51-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилгани ва Ўзбекистондаги энг кам маошнинг 3 баробари миқдорида жарима солинганини хабар қилди.

Бу йил расмийлар Ўзбекистонда пахта 2 миллион 639 минг нафардан иборат "кўнгиллиларнинг отрядлари" томонидан териб олинишини айтганлар.

Аммо, аксар кузатувчиларнинг айтишларича, жойларда раҳбарлар пахта йиғим-терими мавсумини ноқонуний бойлик орттириш манбаига айлантириб олганлар, шу сабабдан ҳам мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизматининг мажбурий меҳнатга бағишланган жонли дастурида ҳуқуқбон ва журналист Малоҳат Эшонқулова ўз мониторинги хулосалари билан ўртоқлашди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ