Сергей Становкин: "Ўзбекистон сайёҳларни жалб этиш учун курашни мамлакат ташқарисида ҳам бошлаши керак"

Мамлакатга сайёҳлар ва сармоялар оқимини ошириш йўлида Ўзбекистон ҳукумати бир неча ривожланган давлатлар ватандошларига визасиз тизимни таклиф қилмоқда.

Ўтаётган ҳафтадан бошлаб энди францияликлар ҳам Ўзбекистонга визасиз сафар қилишлари мумкин.

DARS consulting ширкати раҳбари Сергей Становкин ҳам Ўзбекистон жиддий туризм салоҳиятига эга эканига ишонади. У ўзининг "Ўзбекистон юраги" аталмиш лойиҳасини амалга ошириш йўлида ҳаракат қилмоқда.

Сергей Становкин BBCUZBEK.COM меҳмони бўлди.

BBCUZBEK.COM: Сиз туризм билан боғлиқ қандай лойиҳалар устида ишламоқдасиз? Хусусан, Ўзбекистонга доир режаларингиз ҳақида гаплашсак...

Image caption DARS consulting ширкати раҳбари Сергей Становкин

Сергей Становкин: Мен Ўзбекистонга доим қандайдир таклифлар билан бораман. "Ўзбекистон юраги" бу ана шундай лойиҳалардан биридир. Бу тижорий бир лойиҳа бўлиб, асосий мақсадимиз Ўзбекистонни дунёга "тақдим" қилиш эди. Яъни, халқаро телевизион канални кўрадиган юз минглаб инсонлар учун...Мен фақатгина ахборот билан чекланмасдан балки ўша мамлакатнинг образини яратиш муҳимроқ деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам турфа мамлакатларга ўз лойиҳаларимни тақдим этганимда аввало ўша лойиҳанинг "жони" ва "руҳи" бўлишига ҳаракат қиламан. Мен билган Ўзбекистон у ерда яшаётган дўстларим ва мен танимаган инсонларнинг меҳмондўстлиги, бой маданияти ва бағрикенглиги билан ифодаланади. Менинг назаримда бу энг тўғри йўл. Ўзбекистон сайёҳларни ўзига жалб этишида ҳам айнан мана шу хислатларни ишга солиши мумкин.

BBCUZBEK.COM: Демак, бу лойиҳаларнинг асосий мақсадларидан бири туризмни ривожлантириш, шундайми?

Сергей Становкин: Ҳар бир мамлакат ўзини сармоядорлар ва туристлар учун жозибали томонларини кўрсатишни истайди. Табиийки, туризм соҳаси кенг, аудитория ҳам катта…аммо масъулият ҳам кам эмас, балки кўпроқ. Чунки меҳмонлар ёки сайёҳлар Ўзбекистоннинг юзи бўлиши мумкин. Ҳатто борсамми бормасамми деб турган туристларда ҳам қанақадир аввалдан шаклланган қолип қарашлар бўлади. Буни эътиборда тутиш керак.

BBCUZBEK.COM: Сиз бу мақсадларга эришиш учун нималарни таклиф қилдингиз?

Сергей Становкин: Қисқа айтадиган бўлсам, албатта мен биринчи ўринда ҳозирга қадар эришилган муваффақиятларда тўхтаб қолмасликка урғу бермоқчиман. Рост, юз минглаб, балки миллионлаб туристлар бугунга қадар келиб кетишгандир Ўзбекистонга…Аммо биласизми, сайёҳлар учун рақобатли бир кураш нафақат мамлакат ичкарисида, балки мамлакат ташқарисида ҳам бўлади. Шунинг учун Ўзбекистон дунё билан алоқада бўлиши керак. Юз миллионлаб одамлар билан алоқани йўлга қўйиши лозим. Ана шу йўл билан мамлакат ўзининг ёрқин ва жозибадор образини яратиши мумкин бўлади. Буни систематик тарзда қилиш керак. Бизда миллий бренд деганда қанақадир логотиплар яратиб, буни тарқатиш каби жўн бир ҳолат тушунилади. Аслида миллий брендинг дегани бу дунё билан коммуникацияни йўлга қўйишдир. Ана шундагина дейлик, Ўзбекистоннинг рақобатбардош томонлари, бетакрор устун томонларини кўрсатиб беришимиз мумкин.

BBCUZBEK.COM: Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ҳақида анчадан бери гапириб келишади. Айтингчи, бу соҳада Ўзбекистон қанчалар муваффақиятга эришди ҳозирга қадар?

Сергей Становкин: Биринчи ўринда айтиш керак бўлган нарса…Ўзбекистоннинг тарихий мероси сақланмоқда ва бу муҳим. Ҳамма давлатда ҳам бунга катта эътибор беришмайди. Кейин туризмнинг муҳимлигини тушунишмоқда. Чунки кўп давлатлар туризм аҳамияти ҳақида гапиришади, аммо ички туризм билан чекланиб қолишган...Бу эса бюджетни мамлакат ичида қайта тақсимлашга ўхшаб кетади. Мамлакат бюджетига эса пул тушмайди. Ўзбекистон эса чет эл туристларини жалб қилмоқчи, бу ўз навбатида мамлакат бюджети учун мўмай даромад келтиради. Менимча, бу жуда муҳим. Туристлар одатда зўр меҳмонхоналарда маза қилиб ётишга келишмайди, улар таасурот учун сафар қилишади. Албатта, яхши меҳмонхоналар ҳам керак. Яна аввал айтганимдай, туристлар учун курашни ташқарида бошлаш керак. Сайёҳ серқуёш Ўзбекистонга борсинми ёки серқуёш Дубайгами? Нима учун Ўзбекистонга бориши керак? Мана шу саволларга туристлар ўз ватанларида қисман жавоб топган бўлишлари керак. Мен ёзда Ўзбекистонга боргандим. Менга ҳозир туристлар мавсуми эмас, улар сентябрда, ҳаво бироз салқинласа келишади дейишди. Йўқ, туристнинг мавсуми унинг таътили билан боғлиқ, Ўзбекистондаги мавсум билан эмас. Европада масалан, июл ва август таътиллар мавсуми. Мана шу пайтда аксарият европаликлар таътилга, қуёшли юртларга кетишади. Мана шу рақобатли мавсумда, яъни европаликлар пул сарфлашга, таътилга боришга, дам олишга тайёр бир мавсумда курашда иштирок этмасдан, сентябр ва октябрни кутиб ўтирсангиз, сиз бой берасиз.

BBCUZBEK.COM: Аниқроқ айтсак, сиз Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун реал бир қадамлар қўйилганига гувоҳ бўлдингизми?

Сергей Становкин: Мен Совет Иттифоқида таълим олганман ва қайсидир маънода маълум қолипларга ўрганиб қолганман. Лондонда 26 йилдан бери яшайман... Биласизми, Ўзбекистонга борганимдан кейин Тошкентдан Бухорога тезюрар поездда сафар қилдим. Мен ҳайратга тушдим. Комфорт, тоза ва тез саёҳат эди бу... Бошқа томондан эса бу каби поездлар жуда кам. Ютуқлар борлиги рост. Аммо ҳали бу ютуқлар иқтисодга ижобий таъсирини ўтказмаган деб ўйлайман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek