Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 24 доллар бўлади, бой ва камбағаллар ўртасидаги фарқ кескинлашган

бозор Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда 1 ноябрдан энг кам иш ҳақи 202 730 сўм ёки 24.78 доллар қилиб белгиланди. Маошлар Халқаро гуруҳ томонидан Ўзбекистон бой ва камбағаллар ўртасида фарқ энг кескинлашган давлатлардан бири сифатида тан олиниши манзарасида кўтарилган.

Президент Мирзиёев фармони билан бюджет ташкилотида ишловчилар, нафақадагилар ва талабаларнинг маош ва степендиялари 1 ноябрдан 10 фоизга кўтарилади.

Олдин Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 184300 (22,53) доллар бўлган бўлса энди 202730 сўм ёки 24.78 доллар бўлади.

Олдинроқ Оксфам ва Ривожланиш бўйича халқаро молия гуруҳи Ўзбекистонни бой ва камбағаллар ўртасида кескин фарқ қилувчи давлатлардан бири сифатида маълум қилганди.

Тенгсизлик бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон 2018 йилда 157 давлат ичида 156 - ўринни эгаллаган.

Ўзбекистондан сўнг фақатгина Нигерияда бойлар ва камбағаллар ўртасида фарқ ўта катта эканлиги кўрсатилган.

Рейтингдаги реал солиқларнинг бойлар томонидан камбағалларга нисбатан қамраб олиниши ва ўсиб бориши бўйича таркибий қисмида Ўзбекистон сўнгги ўринлардан бирини эгаллаган.

Бу ташкилотлар томонидан 2017 йили ўтказилган рейтингда Ўзбекистон киритилмаган.

Бундан ташқари ўтаётган йилда Ўзбекистон нарх-наволарнинг ошиши борасида собиқ СССР давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаган.

Кун.узнинг хабар беришича, БелаПАН томонидан ўтказилган миллий статистика органлари маълумоти таҳлилига кўра, тўққиз ой якунлари бўйича Ўзбекистонда нархлар 8,1%га ошди.

Шу билан Ўзбекистон 2018 йил январь-сентябр ойларида собиқ СССР ҳудудида истеъмол нархлари ўсиши бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Олдинроқ электр қуввати, газ ва автомобиль ёқилғиси нархлари оширилиши ҳақидаги хабарлар чиққан эди.

Ўзбекистонлик таниқли иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов эса нархлар оширилишини "тешик тоғора"га сув қуйишга қиёслаган.

Тошкентдаги Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов ўзининг "Нега ислоҳотлар ўрнига бизга яна баҳоларни оширишни таклиф қилмоқдалар?" деб сарлавҳаланган мақоласида Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин бошланган фаол ислоҳотларга бир ярим йил бўлган эса-да, "Ўзбекэнерго" ва "Ўзбекнефтгаз"дек монополист соҳалар ислоҳотининг режалари эълон қилинмаганига эътибор қаратган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek